Ҳарбий қудратидан айрилган Сурия, Рамзон Қодировнинг 100 минг жангчиси ва йил одами бўлган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил Сурияни ҳарбий қудратдан айирди
Исроил армияси сўнгги икки сутка ичида Сурияга қарийб 500 маротаба зарба бериб, мамлакат ҳарбий қудратининг 80 фоизини йўқ қилганини даъво қилди.
ЦАҲАЛ баёнотига кўра, ушбу зарбалар Суриянинг стратегик қурол захираларини йўқ қилишга ва уларнинг террорчи гуруҳлар қўлига ўтишига йўл қўймасликка қаратилган. Ҳужум натижасида 15 та ҳарбий-денгиз кемаси, ҳаво ҳужумига қарши батареялар ва бир неча шаҳарда қурол ишлаб чиқариш мажмуалари нобуд қилинган.
Башар Асад режими қулаганидан кейин Исроил Суриянинг Жўлан тепаликларидаги демилитаризация қилинган буфер ҳудудини қўлга олди ва Ҳудуддаги энг баланд аш-Шайх тоғининг Сурия томонида назорат ўрнатди.
Франция бу ҳужумларни қоралаб, Исроилни Суриядаги ҳудудларни тарк этишга чақирди. Франция ташқи ишлар вазирлиги Исроил армиясини Жўлан тепаликлари ва Сурия ўртасидаги буфер ҳудуддан чиқиб кетишга чақирди.
Вазирлик вакилининг таъкидлашича, 1974 йилги келишувга кўра, ҳар қандай ҳарбий фаолият ушбу буфер ҳудудда тақиқланган. Франция Исроилдан Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилди.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус Иорданиядаги чиқишида Исроилнинг Сурияга зарбаларини «ҳимоя чоралари» деб баҳолаб, бу ҳаракатлар қонуний асосда олиб борилаётганини таъкидлади.
«Катта еттилик» (G7) давлатлари Сурия ҳудудий яхлитлиги ва миллий бирлигини сақлаш, шунингдек, унинг мустақиллиги ва суверенитетини ҳурмат қилишни барча томонлардан талаб қилди.
G7 давлатлари — АҚШ, Франция, Канада, Буюк Британия, Италия, Япония ва Германия — Суриядаги вазият бўйича қўшма баёнот билан чиқиш қилди. Улар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюциясига мувофиқ, Сурия халқи томонидан бошқариладиган сиёсий ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Лидерлар Сурияда инклюзив сиёсий жараён орқали барқарорликни тиклаш ва халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлаши кераклигини қайд этди.
Россиянинг Суриядаги базалари тақдири
Bloomberg нашрининг хабар беришича, Россия ҳукумати Суриянинг янги раҳбарияти билан Тартус ҳарбий-денгиз базаси ва Латақия яқинидаги Ҳмеймим ҳарбий-ҳаво базасини сақлаб қолиш бўйича музокаралар ўтказмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги базаларда россиялик ҳарбийларнинг қолиши ҳақида норасмий келишувга эришилганини қайд этмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги ўринбосари Михаил Богдановнинг маълум қилишича, Россия Дамашқда Сурия мухолифатининг асосий гуруҳи — «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» билан учрашув ўтказган. Учрашувда россиялик дипломатлар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Москванинг 2017 йилда Сурия билан имзолаган 49 йиллик келишувига кўра, Россия мазкур базаларда катта ҳарбий қувват — 7,5 минг аскар, зирҳли техника ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари билан таъминланган.
Ҳмеймим авиабазаси Кремлнинг Африкадаги қатор ҳарбий ва сиёсий операцияларда муҳим роль ўйнади. 2018 йилда базадан Африкага қуролли кучлар ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси бўлинмалари ташланган. Улар Марказий Африка Республикаси президентини исёнчилардан ҳимоя қилишга ёрдам берган.
Бир йил ўтиб, «Вагнер» Ливиядаги Халифа Ҳафтар томонидан Триполини босиб олиш ҳаракатларида иштирок этди, лекин бу уриниш муваффақиятсиз якунланди. Шунингдек, Россия Судан ҳарбий низоларида ҳам ўз ролини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Ҳмеймим базаси орқали Россиянинг ҳарбий персонал ва юклари Мали, Буркина-Фасо ва Нигерга етказилган. Бу давлатлардаги қуролли тўнтаришлар ва Ғарб билан муносабатлар ёмонлашгани фонида Россия янги ҳукуматлар билан алоқалар ўрнатди.
Агар эвакуация зарурияти туғилса, бу жараён катта эътиборни тортиши мумкин.
Рамзон Қодировнинг 100 минг жангчиси
Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров Украинага қарши урушга юборилмаган 80 мингдан ортиқ жангчиси борлигини очиқлади. У бу маълумотни Грознийдаги полиция казармасига дрон ҳужумига муносабат билдирган пайтда айтиб ўтди.
Қодиров ҳужум жавобсиз қолмаслигини таъкидлаб, Чеченистонда жангга тайёр ҳолда турган 84 минг кишилик кучли захирага эга эканини билдирди.
Унинг қуролли гуруҳлари уруш давомида уч баробарга ошган, ҳозирда 19 та бўлинмани ўз ичига олади. Улар расман федерал тузилмаларга бўйсунади, аммо Қодировнинг шахсий назоратида. Қодиров октябрда 70 минг жангчиси борлигини эълон қилган, аммо уларнинг аксарияти Чеченистондан ташқарига чиқмайди.
Баъзи манбаларга кўра, «Ахмат» бўлинмаси фронтда кам фаоллик кўрсатмоқда. Урушга юборилаётган кўнгиллилар қисқа тайёргарликдан сўнг йўлланади. Бу Қодировнинг Украина урушидаги иштироки ва таъсирига шубҳа туғдирмоқда.
Ҳиндистон ва Россиянинг нефт келишуви
Россиянинг «Роснефт» компанияси Ҳиндистоннинг Reliance заводига кунига 500 минг баррел нефт етказиб бериш бўйича келишув тузди. Reuters’нинг хабар беришича, бу икки давлат ўртасидаги энг йирик энергия битими бўлиб, унинг қиймати йилига 13 миллиард долларни ташкил этади.
Келишув глобал нефт таклифининг 0,5 фоизини ташкил қилиб, Россия ва Ҳиндистоннинг энергия соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди. Ушбу шартнома Россия президенти Владимир Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи арафасида имзоланган бўлиб, «Роснефт» ҳар ойда турли навдаги нефт ва нефт маҳсулотларини етказиб беришни режалаштирган.
Келишувга мувофиқ, томонлар йиллик бозор динамикасига асосан нарх ва ҳажмни қайта кўриб чиқиши мумкин.
Трамп Украинанинг зарбаларидан норози
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украина томонидан Россия ҳудудига ғарб узоқ масофали ракеталари билан зарба беришни қоралади.
«Мен ракета билан Россия ҳудудига зарбалар берилишини мутлақо қўллаб-қувватламайман. Бу фақат можарони кескинлаштирмоқда», — деган у Time журналига берган интервьюсида.
Трамп Украинага кўрсатилаётган ёрдамдан музокараларда фойдаланишга интилмоқда. Унинг фикрича, Яқин Шарқдаги можароларни ҳал этиш Россия-Украина урушига қараганда осонроқ. Сайловолди ваъдаларида Трамп президентликнинг илк куниёқ урушни тўхтатишга қодир эканини айтган, аммо ҳанузгача бу борада аниқ режа тақдим қилмаган.
Reuters маълумотларига кўра, Трамп маслаҳатчилари музокараларни қайта бошлаш, Украинага НАТОга қўшилишни 10 йилга кечиктириш ва «автоном ҳудудлар» яратишни ўз ичига олган сценарийларни кўриб чиқмоқда.
7 декабрда Трамп Парижда Зеленский ва Макрон билан учрашди. У Украинага хавфсизлик кафолатлари бериш зарурлигини таъкидлаб, Путинни урушни якунлашга тайёргарлик кўришга чақирган эди.
Доналд Трамп — «Йил одами»
TIME журнали АҚШ бўлажак президенти Доналд Трампни «2024 йил одами» деб эълон қилди. У дунёга энг катта таъсир кўрсатган шахс сифатида тан олинди.
1927 йилдан бери журнал йилнинг энг таъсирли шахсларини танлаб келади. Ўтган йилги ғолиб хонанда Тейлор Свифт бўлган эди. Бу йилги номзодлар орасида Камала Ҳаррис, Кейт Миддлтон, Илон Маск, Юлия Навалная, Бинямин Нетаняҳу, Жером Пауэлл ва Марк Цукерберг ҳам бор эди.
Трамп 2024 йилги сайловларда катта устунлик билан ғалаба қозонди ва унинг сайловолди кампанияси давомида суиқасд уринишлари ҳам бўлди. 2025 йил январ ойида у АҚШ президентлигидаги иккинчи муддатини бошлайди.
Австралиянинг интернет компанияларга талаби
Австралия ҳукумати Meta ва Google каби компанияларни миллий янгиликлар контенти учун давлат ғазнасига солиқ тўлашга мажбур қилувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.
Лойиҳага кўра, даромади 160 миллион доллардан ортиқ бўлган ижтимоий тармоқлар ва қидирув тизимлари Австралиядаги оммавий ахборот воситалари контентини ўз платформаларида жойлаштириши учун тўлов амалга ошириши керак.
Солиқ миқдори ҳали белгиламаган, аммо компаниялар контент учун тўғридан-тўғри пул тўлаш тўғрисида ОАВ билан келишувга эришса, солиқдан озод қилинади.
2021 йилги қонун технологик компанияларни янгиликлар учун тўлов қилишга мажбурлаган бўлса-да, улар буни четлаб ўтган. Янги қонун шу камчиликларни бартараф этишга қаратилган.
Мавзуга оид
13:18
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024