Равшан Алимов Рашид Мередовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди
Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Равшан Алимов Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
"Туркменпортал" интернет-ахборот ресурси тарқатган маълумотларга кўра, Туркманистон ТИВ раҳбари элчини масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклаб, унинг дипломатик фаолиятини амалга оширишда туркман томони ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Суҳбат аввалида иштирокчилар икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли давлатлараро мулоқот юксак савияда эканини алоҳида қайд этдилар, деб таъкидланган нашрда.
Томонлар минтақавий ва глобал кун тартибининг муҳим жиҳатлари бўйича позициялар ўхшашлигини, шунингдек, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва гуманитар шериклик муваффақиятли ривожланаётганини билдирдилар.
Равшан Алимов 29 ноябр куни Туркманистон пойтахтига ташриф буюрди. У 2020-2024 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси вазифасида ишлаган. Равшан Алимов бундан аввал Ўзбекистоннинг Украинадаги ва ўриндошлик асосида Молдовадаги элчиси, шунингдек, Франциядаги ва ўриндошлик асосида Португалиядаги элчи лавозимларида фаолият олиб борган.
Мавзуга оид
17:37 / 20.12.2024
Ўзбекистон элчиси президент Садир Жапаровга ишонч ёрлиқларини топширди
09:34 / 20.12.2024
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди
16:26 / 12.12.2024
Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди
15:25 / 06.12.2024