Коррупционерларнинг 80 фоизи қамалмаган, Андижон антирейтингда биринчи ўринда — миллий маъруза
Ўзбекистонда 2023 йилда салкам 1300 киши пора олаётган вақтида ДХХ тадбирларида ушланган. Ушбу даврда коррупционер деб топилган 6535 нафар давлат хизматчисидан 20 фоизи озодликдан маҳрум этилган, 42 фоизи эса аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Жиноятчиларнинг 18 фоизи муқаддам судланган, 9 фоизи коррупцияга такроран қўл урган. Андижон вилояти коррупция оқибатида етказилган зарар ҳажмининг катталиги билан ажралиб туради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йил учун «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза»ни эълон қилди. Унда 2023 йилдаги коррупцион жиноятлар таҳлили, коррупцияга қарши тадбирлар, ҳудудлар ва соҳалар миқёсида жиноий-ҳуқуқий статистика келтирилган.
Таҳлилларга кўра, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан жами 6 535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу – 2022 йилдаги кўрсаткичдан (7 414 нафар шахс) 879 нафар ёки 12 фоизга кам.
2023 йилда судлар томонидан айблов ҳукми чиқарилган коррупцияга оид жиноят ишлари сони 4 128 тани ташкил қилиб, 2022 йилга нисбатан 479 тага ёки 10 фоизга камайган.
Жавобгарликка тортилган 6 535 нафар шахснинг 1 299 нафари ёки 20 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қолган 2 721 нафар шахсга (42 фоиз) ахлоқ тузатиш ишлари, 1 076 нафар шахсга озодликни чеклаш, 982 нафар шахсга жарима, 21 нафар шахсга мажбурий жамоат ишлари, 7 нафар шахсга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, 53 нафар шахсга шартли ҳукм чиқарилган. 227 нафар шахсга жазо тайинланмаган бўлса, 149 нафар шахс жазодан озод қилинган.
Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида, 2023 йилда давлат манфаатларига жами 1,4 трлн сўм (ўтган йилги ўртача курс бўйича ҳисоблаганда, қарийб 120 млн доллар) миқдорида зарар етказилган. Ушбу зарарнинг 745 млрд (1,1 трлн) сўми ёки 51 (54) фоизи қопланган.
Давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон (243 млрд сўм), Наманган (194 млрд сўм), Қашқадарё (143 млрд сўм) ва Тошкент вилоятларига (132 млрд сўм) тўғри келмоқда.
2022-2023 йилларда пора предмети бўлган 7,1 млрд сўм, 345 минг АҚШ доллари ва 34,5 минг Россия рубли миқдоридаги пул маблағлари давлат фойдасига мусодара қилинган.
Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар динамикасига эътибор қилинса, талон-торож қилиш, фирибгарлик ҳамда пора олиш-бериш асосий ўринларда эканини кўриш мумкин.
Коррупцион жиноятларнинг ҳудудлар миқёсида таҳлили
Коррупцияга оид жиноятлар 2023 йилда республиканинг 4 та вилоятида 2022 йилга нисбатан ўсган бўлса, 10 тасида камайган. Хусусан, коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё (9,9 фоиз), Андижон (6,4 фоиз), Сирдарё (2,8 фоиз) ва Навоий вилоятларида (1,3 фоиз) ортган.
Жиноятлар таҳлилига кўра, муқаддам судланган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши улар томонидан қайта жиноят содир этилишига имконият яратиб бермоқда. Жумладан, 2023 йилда 1 146 нафар муқаддам судланган шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари муқаддам айнан коррупциявий жиноят учун судланган.
Коррупциявий жиноятлар сони бўйича энг юқори ўринларда мактабгача ва мактаб таълими, банк, соғлиқни сақлаш соҳалари, маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эканини кўриш мумкин.
Коррупция қарши курашувчи органлар нималар қилди?
2023 йилда Бош прокуратура давлат харидлари соҳасида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 275 та тақдимнома киритган. 393 та жиноят иши қўзғатилган, 25 та ноқонуний ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилган, 1 219 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан 2023 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 1 290 та пора олиш вақтида жиноят устида қўлга олиш бўйича тадбир ўтказилди. Уларнинг:
- 517 таси ижро ҳокимияти, макроиқтисодиёт, ташқи иқтисодий ва инвестициявий фаолият, банк-молия, саноат-қурилиш, уй-жой коммунал, ёқилғи-энергетика ва агросаноат;
- 221 таси таълим, ёшлар, спорт ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш,
- 197 таси ҳуқуқ-тартибот, назорат ва суд органлари;
- 160 таси соғлиқни сақлаш ва маданият;
- 100 таси транспорт ҳамда 95 таси божхона қонунчилигини бузиш соҳаларига тўғри келади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жами 3 996 та ҳолат аниқланиб, шундан, 3942 та жиноят ва 54 та маъмурий ишлар қўзғатилган.
Департамент аниқлаган жиноятларнинг 1 382 таси порахўрлик бўлиб, шундан 395 таси бевосита давлат идоралари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан содир этилган пора олиш жинояти ҳисобланади.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан 2023 йил давомида коррупция ва иқтисодиёт соҳасида содир этилган, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши 2 800 дан ортиқ жиноятлар аниқланган.
Хусусан, агросаноат комплексида 467 та, ёқилғи-энергетика комплексида 304 та, ижтимоий соҳаларда 289 та, ўрта ва кичик бизнесда 148 та, назорат идораларида 122 та, ҳокимият идораларида 80 та, истеъмол бозорида 58 та, банк, молия-кредит тизимида 46 та, саноатда 22 та, чет эл фирмалари ва қўшма корхоналарида 13 та, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида 10 та, суд идораларида 1 та ва бошқа соҳалардаги 1 300 тага яқин жиноят аниқланиб, фош этилган.
Мазкур жиноятларнинг аксарияти порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, валюта қоидасини бузиш, қалбаки пул ясаш ва ўтказиш, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш жиноятларини ташкил этган.
Ҳоким ёрдамчилари фаолияти бўйича
Аксилкоррупция агентлигига кўра, ҳоким ёрдамчилари томонидан ваколатларидан фойдаланган ҳолда давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ коррупцияга оид жиноятлар кузатилмоқда.
2023 йил давомида ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти билан боғлиқ 69 та жиноий ҳолат аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Шундан:
- 28 нафарига Жиноят-кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
- 19 нафарига Жиноят-кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик);
- 17 нафарига Жиноят-кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 5 нафарига Жиноят-кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича айблов эълон қилинган.
Бундан ташқари, ўрганишлар давомида ҳоким ёрдамчилари ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан 277 та таъминотчи корхоналар «маркетплейс»да иштирок этиб, уларнинг ҳисобига 202,5 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар келиб тушгани маълум бўлган. Натижада 61 нафар ҳоким ёрдамчиси ишдан бўшатилган, 1 нафарига жарима белгиланган, 85 нафар ҳоким ёрдамчисига «ҳайфсан» эълон қилинган.
2023 йил учун «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза» билан ушбу ҳавола (pdf) орқали тўлиқ танишиш мумкин.
Мавзуга оид
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
17:16 / 17.12.2024
Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
15:17 / 17.12.2024
Даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жорий этилмагани ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қиляпти — Антикоррупция агентлиги
11:55 / 14.12.2024