Жаҳон | 09:56 / 17.12.2024
6592
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Курск яқинида КХДР ҳарбийлари йўқотишларга учраганини маълум қилди

Шимолий Корея ҳарбийлари аллақачон Курск областида Украина Қуролли кучлари билан жанг қилмоқда ва биринчи йўқотишларга учради, дея маълум қилди Пентагон. У аниқ рақамларни келтирмаган. Украина расмийларига кўра, КХДРнинг камида 30 нафар аскари ҳалок бўлган ёки яраланган.

Фото: picture-alliance/Newscom

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, КХДР ҳарбийлари аллақачон Россия Федерациясининг Курск областида Украина қўшинлари билан жанг қилмоқда ва биринчи йўқотишларга учраган. Бу ҳақда 16 декабр, душанба куни Пентагон вакили генерал-майор Пэт Райдер маълум қилди.

«Биз Шимолий Корея аскарлари Курскдаги жангларда қатнашганига ишонамиз, улар ҳам ҳалок бўлгани, ҳам ярадор бўлганига оид далиллар мавжуд», — дея Райдер сўзларини келтирган Reuters. Пентагон вакили йўқотишлар ҳақида аниқ маълумот бермади.

Киев: КХДРнинг камида 30 ҳарбийси ҳалок бўлган ёки яраланган

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГУР) шу куни биргина 14 ва 15 декабрда Шимолий Корея армияси бўлинмалари Курск областида камида 30 кишини йўқотганини маълум қилган. Бош разведка бошқармаси маълумотларига кўра, бу йўқотишлар КХДР ҳарбийлари томонидан Суджа районидаги Плехово, Ворожба ва Мартиновка қишлоқлари ҳудудида Украина қуролли кучлари позицияларига қилинган ҳужум пайтида рўй берган. Бундан ташқари, Куриловка қишлоғи ҳудудида, ушбу маълумотларга кўра, Шимолий Кореянинг уч нафар ҳарбий хизматчиси бедарак йўқолган.

«Йўқотишлар туфайли ҳужум гуруҳлари Курскда фаол жанговар ҳаракатларни давом эттириш учун КХДР армиясининг 94-алоҳида бригадасидан янги шахсий таркиб билан тўлдирилмоқда», деб ёзади Украина разведкаси ҳисоботида.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам кечки видеомурожаатида Шимолий Корея ҳарбийларининг Курск областидаги жангларда иштироки ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Россия расмийлари КХДР жангчилари орасида йўқотишларни яширишга ҳаракат қилмоқда. «Корейсларнинг бу урушда ўлиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Ягона сабаб — урушни кучайтираётган ақлдан озиш», — дея таъкидлади Зеленский.

РФ «ҳарбий мухбирлари»: КХДР аскарлари Курск областида жанг қилмоқда

Шимолий Кореядан келган аскарлар Курск областининг Плехово қишлоғини эгаллаб олди. Бу ҳақда 12 декабр куни Россия Федерациясининг бир қанча «ҳарбий мухбирлари» хабар беришди.

Владимир Романовнинг таъкидлашича, қишлоқ «фақат Шимолий Корея махсус операциялар кучлари томонидан» қўлга олинган. «Икки соат ичида. Бу бўронга ўхшайди», деб ёзган «ҳарбий мухбир». Унга кўра, Украина Қуролли кучлари 300 дан ортиқ аскарини йўқотган.

6 декабр куни Курск йўналишидаги Плехово ҳақиқатан ҳам Корея жангчилари қўлга киритилди. Миналанган майдон орқали 2 км юриб, яшин тезлигида кириб боришди, — дейди Юрий Котенок. Унинг таъкидлашича, «операция тахминан 2,5 соат давом этган» ва шимолий кореяликлар «ўлган ва яраланганларни ўзлари билан олиб кетишган».

Мавзуга оид