Жаҳон | 12:10 / 18.12.2024
7508
3 дақиқада ўқилади

АҚШ: КХДР Курск яқинида юзлаб ҳарбийларини йўқотди

Шимолий Корея қўшинлари аллақачон Курск областида Украина қуролли кучлари билан жангларда ҳалок бўлган ва яраланган «бир неча юзлаб» аскарини йўқотди, деди Американинг юқори мартабали ҳарбий амалдори. У йирик йўқотишларни Шимолий Корея аскарларининг тажрибасизлиги билан изоҳлади.

Фото: picture-alliance/Kyodo

Шимолий Корея қўшинлари аллақачон Россия Федерациясининг Курск областида Украина қуролли кучлари билан жангларда ҳалок бўлган ва яраланган «бир неча юзлаб» аскарини йўқотган. Бу ҳақда 17 декабр, сешанба куни Американинг юқори мартабали ҳарбий амалдори маълум қилди, деб хабар беради AP ва AFP.

Унинг аниқлик киритишича, гап «барча ҳолатлар, енгил жароҳатлардан тортиб жангдаги ўлимгача» ҳақида кетмоқда ва қурбонлар орасида «барча даражадаги» Шимолий Корея ҳарбийлари бор. Америка ҳарбийлари Курск яқинидаги жангларда Шимолий Корея қўшинларининг бундай катта йўқотишларини уларнинг тажрибасизлиги билан изоҳлади. «Булар жангда суяги қотган аскарлар эмас. Улар илгари жангда қатнашмаган», — дея таъкидлади у.

АҚШ Курск яқинида КХДР ҳарбийлари йўқотишларга учраганини маълум қилди

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, КХДР ҳарбийлари аллақачон Россия Федерациясининг Курск областида Украина қўшинлари билан жанг қилмоқда ва биринчи йўқотишларга учраган. Бу ҳақда 16 декабр куни Пентагон вакили генерал-майор Пэт Райдер маълум қилди.

«Биз Шимолий Корея аскарлари Курскдаги жангларда қатнашганига ишонамиз, улар ҳам ҳалок бўлгани, ҳам ярадор бўлганига оид далиллар мавжуд», — дея Райдер сўзларини келтирган Reuters. Пентагон вакили йўқотишлар ҳақида аниқ маълумот бермади.

Киев: КХДРнинг камида 30 ҳарбийси ҳалок бўлган ёки яраланган

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГУР) шу куни биргина 14 ва 15 декабрда Шимолий Корея армияси бўлинмалари Курск областида камида 30 кишини йўқотганини маълум қилган. Бош разведка бошқармаси маълумотларига кўра, бу йўқотишлар КХДР ҳарбийлари томонидан Суджа районидаги Плехово, Ворожба ва Мартиновка қишлоқлари ҳудудида Украина қуролли кучлари позицияларига қилинган ҳужум пайтида рўй берган. Бундан ташқари, Куриловка қишлоғи ҳудудида, ушбу маълумотларга кўра, Шимолий Кореянинг уч нафар ҳарбий хизматчиси бедарак йўқолган.

«Йўқотишлар туфайли ҳужум гуруҳлари Курскда фаол жанговар ҳаракатларни давом эттириш учун КХДР армиясининг 94-алоҳида бригадасидан янги шахсий таркиб билан тўлдирилмоқда», деб ёзади Украина разведкаси ҳисоботида.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам кечки видеомурожаатида Шимолий Корея ҳарбийларининг Курск областидаги жангларда иштироки ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Россия расмийлари КХДР жангчилари орасида йўқотишларни яширишга ҳаракат қилмоқда. «Корейсларнинг бу урушда ўлиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Ягона сабаб — урушни кучайтираётган ақлдан озиш», — дея таъкидлади Зеленский.

Мавзуга оид