Ўзбекистон | 16:32 / 26.12.2024
3504
3 дақиқада ўқилади

Мобил алоқа хизматлари акциз солиғидан озод этилди

«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Фото: Getty Images

Қонунга кўра, Солиқ кодексига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод этилди;

- шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича ер солиғини икки баравар миқдорида ҳисоблаш тартиби бекор қилинди;

- ЯТТ ходимлари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ суммаси камайтирилди;

- солиқ тўловчилар божхона чегарасини кесиб ўтганлигини тасдиқловчи белги қўйилган товарнинг кузатув ҳужжатларини солиқ органларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилди.

Шунингдек,

- мобил алоқа хизматлари акциз солиғидан озод этилди;

- ноширлик-матбаа фаолияти, ахборот технологиялари, таълим муассасаларининг ўқувчиларини тадбиркорларга ишга жойлаштириш, ёшларни автомобил йўлларидаги кўчма савдо объектлари орқали товарларни реализация қилишга жалб этиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан кам таъминланган оила аъзоларини ишга қабул қилиш орқали уларни қўллаб-қувватлаш соҳасида вақтинчалик солиқ имтиёзлари жорий этилди;

- қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар учун солиқ имтиёзлари берилди.

Бундан ташқари тамаки ва алкогол маҳсулотлари, нефт маҳсулотлари ҳамда акциз тўланадиган бошқа товарлар учун солиқ ставкалари, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ставкалари ўзгартирилди.

Шунингдек товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадларни қўллаб-қувватлаш учун бериладиган фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинди, айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган ставкалари, солиқ ставкаси бўйича солиқни қатъий белгиланган суммада тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги нормалар бекор қилинди.

Бюджет кодексига бюджет тизими бюджетлари даромадларининг камайишини, солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини ёки бекор қилинишини, шунингдек солиқ бўлмаган тушумлардан бюджет тизими бюджетларига ажратмаларнинг камайишини ёки кўпайишини назарда тутувчи қонунчилик нормалари кейинги молия йилининг 1 январидан эътиборан амалга киритилиши тўғрисидаги қоидани белгиловчи ўзгартириш киритилди.

Бундан ташқари «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида солиқ имтиёзлари белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

Мавзуга оид