Покистон Ўзбекистонда шифохона қуриш лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг GAK Healthcare International компанияси ижрочи директори Ясир Ниязи билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, қўшма таълим дастурлари ва тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
GAK Healthcare International компанияси ижрочи директори Ўзбекистонда тиббий таълим сифатини ошириш ва аҳолини арзон хизматлар билан таъминлашга қаратилган ўқув муассасаси ҳамда шифохонани ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Ўзбекистон элчиси Ясир Ниязи билан биргаликда мамлакатда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа учун намуна сифатида таклиф этилган Исломобод тиббиёт ва стоматология коллежига ташриф буюрди. Унинг доирасида ўқув муассаса раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Исломобод тиббиёт ва стоматология коллежи вакиллари Ўзбекистонда тиббиёт ва стоматология факультетларини, шунингдек, Ҳамширалик иши ва турдош тиббиёт фанлари мактабини ўз ичига олган таълим мажмуасини яратиш ниятида эканликларини маълум қилди.
Лойиҳа тиббиёт мутахассисларининг тайёргарлик даражасини ошириш ва мамлакатимиз аҳолиси учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланишни яхшилашга қаратилган.
Коллеж вакилларининг айтишича, лойиҳани GAK Healthcare International компанияси ва унинг ҳамкорлари маблағларини жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш режалаштирилган. Ташаббуснинг муваффақиятли амалга оширилиши хорижий талабаларни жалб қилиш, Ўзбекистонда тиббий таълим ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек, малакали кадрлар тақчиллигини камайтиришга ёрдам беради.
Ўтказилган учрашувлар якунида, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан музокаралар ўтказиш, шунингдек, тиббиёт муассасалари, олий ўқув юртлари ва ушбу соҳадаги бошқа объектлар фаолияти билан танишиш учун Покистон томонининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Мавзуга оид
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
00:15 / 22.12.2024
Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
13:48 / 18.12.2024