Қиммат сотилаётган дорилар: референт нархларга ёппасига амал қилинмаяпти
Ўзбекистонда дори воситаларининг чекланган энг юқори нархлари ўрнатилган. Аммо, Kun.uz олиб борган ўрганишларда айрим препаратларнинг нархи Тошкент шаҳридаги дорихоналарда референт нархлардан сезиларли баландлиги маълум бўлди.
ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мунтазам равишда маҳаллий ва хорижий дори воситларининг чекланган нархлари тўғрисидаги маълумотларни янгилаб боради. Нархлар марказнинг Telegram'даги расмий каналига жойланади. Бундан кўпроқ чакана савдо билан шуғулланадиган дорихоналарнинг ўзи хабардор бўлиб туради, аҳолининг аксарият қисми эса бундай рўйхат борлигини ҳам билмаса керак.
Шунинг учун ҳам дори воситаларини қиммат сотиш ҳолатлари учраб туради. Масалан, Болгариядан импорт қилинадиган “Алмагел” дори воситасини олайлик. Бу рўйхатда унинг нархи 34 363 сўм кўрсатилган. Аммо, ушбу дори битта дорихона мисолида қаралса, нархи 75 минг сўм.
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган “Микан” препаратининг чекланган баҳоси – 24 840 сўм, лекин пойтахтда жойлашган бир нечта дорихоналарда 35 мингдан кам эмас.
Дориларни излаш, уларнинг нархи билан танишишда кўпчиликка “Арзон аптека”, “Осон аптека” каби сервислар (веб-сайт, мобил илова ва Telegram-бот шаклида) қўл келмоқда. Биз ушбу материалда мисол сифатида келтириб ўтаётган дориларнинг Тошкент дорихоналаридаги нархлари ҳақида ушбу иловалар орқали маълумот олдик, шунингдек, дорихоналарга қўнғироқ қилган ҳолда, бу маълумотлар тўғрилигига ишонч ҳосил қилдик. Масалан, ҳақиқатдан ҳам, “Микан” дори воситаси 37 900 сўмдан сотилаётган экан.
Юқоридаги оддий усул билан, яна кўплаб дори воситаларининг чекланган нархи ва амалдаги нархини аниқлаш ва таққослаш мумкин.
Яна айрим мисолларни келтирсак. “Бромгексин Берлин Хеми” таблеткасининг асл нархи 17 560 сўмгача, лекин худди шу таблетка бир дорихонада 24 минг сўм. Бундан ташқари, Португалияда ишлаб чиқариладиган “Називин” препарати учун 30 минг сўмгача нарх белгиланишига қарамай, у салкам 45 мингдан сотиляпти. Шунингдек, “Авамис” препаратнинг чегарланган нархи 139 минг сўм, бироқ бир нечта дорихоналарда мазкур дори 215 мингдан 235 минггача сотувга қўйилган.
Болгариянинг “Табекс” таблеткасининг Ўзбекистондаги нархи 256 803 сўмдан ошмаслиги керак, аммо Тошкент шаҳрининг бир нечта дорихоналарида унинг баҳоси 401 минг сўм. Грузиядан импорт қилинадиган “Супралгон” дори воситасининг белгиланган нархи салкам 24 минг сўмни ташкил этади, аммо у 32 500 сўмгача етади. Эътиборли томони, Туркиянинг “Мулти-табс беби” препарати Ўзбекистонда 60 минггача нархда сотилиши керак, бироқ икки дорихонада унинг нархи 248 ва 350 минг сўмдан.
“Лоробен” препаратининг референт нархи 83 минг сўм, лекин Тошкентда уни 150 минг сўмдан сотаётган дорихоналар бор. Худди шу дори воситасини Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги дорихонадан 65 минг, Термиз шаҳридан эса 100 минг сўмгача харид қилиш мумкин.
Таъкидлаш лозим, агарда дори воситаларини референт баҳосидан қимматга сотиб олинса, ортиқча маблағни қайтариб олиш мумкин. Бу учун дорихонадан QR-кодли чек олиш ва уни солиқ мобил иловасида сканерлаш керак. Шунда Рақобат қўмитасининг “Fair Tech” тизими автоматик равишда амалдаги нархларни референт баҳосига таққослаб чиқади. Ҳуқуқбузарлик аниқланса, ортиқча ҳисобланган пул маблағлари қайтарилади. Бунда, QR-кодли чекда айнан харид қилинган дорининг номи кўрсатилганига эътибор бериш зарур.
Kun.uz мухбири ўтказган кичик сўровномага кўра, кўплаб фуқаролар чек олади, аммо уни солиқ мобил иловасида рўйхатдан ўтказмайди. Айрим ҳолларда дорихона ходими истеъмолчига чек бермайди.
“Мен доим чек олишга ҳаракат қиламан ва буни масъулият деб биламан, шундай ҳолатларга дуч келганман, кўп миқдорда дори сотиб олсангиз, чек беришмайди, нега десангиз, ҳар хил нарсаларни важ қилади”, – дейди сўровнома иштирокчиларидан бири.
Референт нархлар билан Фармацевтика агентлиги сайтининг ушбу бўлимида танишиш мумкин. Шунингдек, UzPharmInfo мобил иловаси ҳам ишга туширилган, лекин бу иловани фақатгина iOS қурилмалари учун юклаб олса бўлади. Илова Android'нинг эски версиялари учун яратилгани туфайли, кўплаб қурилмалар уни қўллаб-қувватламайди.
Эҳтимол, илова янгиланса ва унинг тарғиботи кўнгилдагидек бўлса, нур устига аъло нур бўлар эди. Бундан ташқари, шу кеча-кундузда дориларни онлайн топиб берувчи сервислар асосида назорат тадбирларини олиб бориш, дориларни қиммат сотиш ҳолатларини камайтириши мумкин.
Маълумот ўрнида, йил бошидан буён Рақобат қўмитаси “Fair Tech” тизими орқали дори воситалари 100 мингдан ортиқ ҳолатда қиммат сотилганини аниқлаб, қарийб 7 млрд сўмлик пул маблағини истеъмолчиларга қайтарган.
Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz
Мавзуга оид
23:22 / 18.12.2024
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига берилган божхона имтиёзлари 2028 йилгача узайтирилади
20:33 / 25.11.2024
Қиммат сотилган дориларнинг пули харидорларга қандай қайтариляпти?
21:24 / 23.11.2024
Олимлар бактериялардан янги антибиотик яратди
17:57 / 19.11.2024