Ўзбекистон | 20:33 / 25.11.2024
10309
9 дақиқада ўқилади

Қиммат сотилган дориларнинг пули харидорларга қандай қайтариляпти?

Рақобат қўмитаси йил бошидан бери дориларнинг қиммат сотилиши туфайли истеъмолчиларга 7 млрд сўмлик маблағлар қайтарилганини маълум қилди. Хўш, дорилар қачон қиммат сотилган деб топилади, одамлар қиммат сотилган дорилар учун ортиқча тўлаган пулини қандай қайтариб олади? Қўмита вакили Kun.uz'нинг ушбу саволларига жавоб берди.

Фото: uzpharmagency.uz

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, дори воситаларининг чегараланган нархлари бор.

Аввало, у ёки бу дори воситаси Ўзбекистонга илк марта импорт қилинганида ёки ишлаб чиқарилганида Фармацевтика агентлигида рўйхатдан ўтказилади. Рўйхатдан ўтказиш вақтида дори воситасининг белгиланган (базавий) нархи шаклланади.

Қонунчилик талабига кўра, улгуржи сотувчилар ўртадаги воситачилар сонидан қатъи назар дори устига 15 фоизгача устама қўйиши мумкин, чакана сотувчилар эса 20 фоизгача. Яъни дори воситаларининг максимал қиммат нархи – бошланғич нархига нисбатан 38 фоизгача деб белгиланади, шу нархдан қиммат сотиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Харидорлар дорихонадан олган чекидаги QR-кодни кешбек олиш мақсадида “Soliq” иловасида сканерлаган пайтда дори воситаси белгиланган чегарадан юқори сотиладигани аниқланса, тизим бу ҳақда автоматик равишда Рақобат қўмитасига хабар юборади. Шунга асосан, дорихоналар маъмурий жавобгарликка тортилади, истеъмолчига эса ортиқча ундирилган пул қайтариб берилади.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Элмурод Ҳайитметов Kun.uz'нинг бу жараёнга оид айрим саволларига жавоб берди.

Истеъмолчи дори сотиб олади ва QR–кодли чекни “Солиқ” иловасида сканер қилади. Шу орқали дори қиммат сотилган бўлса, Pақобат қўмитасига автоматик мурожаат йўлланади. Шундан кейинги босқични тушунтириб берсангиз, истеъмолчиларга пул қандай қайтарилади?

– Чекни сканер қилганда Солиқ қўмитаси базасига маълумот келиб тушади, Солиқ қўмитасининг базаси нархни [автоматик равишда] Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги базасидаги дори нархлари билан (агентлик базасида энг юқори нархлар белгиланган) солиштиради. Шундан кейин у маълумот бизнинг Fair Tech базамизга тушади, шу асосида ўрганиш ишларини амалга оширамиз. Керак бўлса, Бизнес омбудсмандан текширишга рухсат олиб, хўжалик юритувчи субъектга чиқиб текшириш ўтказамиз. Ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топса, тадбиркор чекланган нархдан қиммат сотгани аниқланса, ортиқча ундирилган пулни истеъмолчига қайтариш чоралари кўрилади.

Ҳаммасини ўрнатилган тартибда комиссия кўриб чиқади. Дорихонанинг эгаси (тадбиркор) истеъмолчига пластик карточкаси бўлса, унга тушириб беради, ёки нақд бўлса, нақд қайтаради. Нақд шаклда қайтарса, бизга тилхатини беради: харид қилган истеъмолчининг паспорт маълумотини кўрсатиб, унга имзо қўйдириб, тилхат олади. Ёки карточка орқали ўтказган бўлса, бизга ундан кўчирмани беради.

Кўп ҳолатларда пластик карта орқали тўловлар амалга ошириляпти. Карта эгасини аниқлаш қийин эмас, шу тартибда бирма бир истеъмолчиларга қайтарилгани назоратини амалга оширамиз

Нақд пулни истеъмолчиларга қайтариш қандай бўлади, аниқроқ тушунтириб берсангиз.

– Нақд пулда истеъмолчини топиш масаласи бор. Қонунчиликка асосан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунда қай шаклда тўлов амалга оширилган бўлса, шу шаклда қайтариш таъминланиши керак. Агар истеъмолчини аниқлаш имкони бўлмаса, бюджетга ундириш масаласи кўрилади.

Дори воситаларининг улгуржи сотувчилар улуши ҳам бор, уларда электрон счёт фактура бор, фактура солиқ базасига уланган. Шу сабабли уларники сал соддароқ тартибда бўлади. Жисмоний шахслар билан боғлиқ масала сал мушкул. Нақд пул муаммоси бор. Агар якуний истеъмолчини аниқлаш имкони бўлса, истеъмолчига қайтарилади, аниқлаш имконияти бўлмаса, бюджет даромадига ундирилиши таъминланади.

Ўтган йили айнан Fair Tech тизими ишлашидан норози бўлиб дорихоначи тадбиркорлар бизга мурожаат қилган эди. Улар референт нархлар Фармацевтика агентлиги базасида тўғри шакллантирилмагани боис бир ойда минглаб ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзага келганидан шикоят қилган. Тадбиркорлар нархлар аввал 1 йилда 1 марта янгилангани, шикоятлардан кейин 6 ойга туширилгани, шунда ҳам кўплаб дорилар нархларида номувофиқликлар кузатилганини айтишганди. Шу масала ечилдими?

– Бу – янги тартиб, шунга қарамай ҳозир анча тартибга тушди. Лекин бу муаммо ҳақиқатан ҳам бор. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан нархлар шакллантирилади. 2020 йил 10 июнда Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган низом асосида референт нархлар шакллантирилади. Референт нархни, айтайлик, амалда харид қилинган ёки тадбиркорлик субъекти импорт қиладиган мамлакатнинг ўзгариши ҳисобига нархлар ўзгариши мумкин, агентлик бунга ета олмаётгани ҳолатлари юзага келиш эҳтимоли йўқ эмас.

Аммо агар тадбиркорлар ариза билан мурожаат қилса, агентлик нархларга тузатиш киритади. Бу тартиб бундай ишлайди: ариза берувчи чекланган нархларни қайд этиш ва қайта қайд этиш учун электрон рақамли имзо билан ахборот тизимига киради, шундан сўнг реал вақт режимида чекланган нархларни қайд этиш ёки қайта қайд этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини (хат, шартнома ёки ишончнома) ҳамда чекланган нархлар қайд этиладиган Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситалари рўйхатини юборади.

Ишчи орган ариза қабул қилинган санадан бошлаб икки иш куни ичида ариза берувчининг гувоҳнома эгаси ёки унинг ишончли вакили эканини текширади. Гувоҳноманинг эгаси ёки унинг ишончли вакили экани тасдиқланганидан сўнг уни ахборот тизимида рўйхатдан ўтказади ва бу ҳақидаги маълумотни ариза берувчига ахборот тизими ёки электрон почта манзили орқали юборади.

Ариза берувчи ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилганидан сўнг аризада кўрсатилган дори воситаларига чекланган нархларни қайд этиш учун маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунда дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида белгиланган чекланган нархларни ахборот тизимига киритиш мумкин.

Ариза берувчи уч ойдан кам бўлмаган муддатда чекланган нархларни қайта қайд этиш учун ариза топширишга ҳақли.

Дорихоналарда дориларнинг МХИК кодлари нотўғри киритилиши туфайли ҳуқуқбузарлик юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатларда қўмита қандай йўл тутади?

– Дорихонада ҳисобварақ фактура расмийлаштирилганда, кўп ҳолатларда базага дорининг коди киритилган вақтда кассир дорининг номидаги 2-3 та ҳарфни ёзса, базадан шу номга ўхшаш бошқа дорилар номлари ҳам чиқиб келади. Шу ном билан ҳисоб-фактура расмийлаштирилади-да, дорининг коди қўйилади. Бу ҳолатда дорихонанинг бухгалтерлари ёки ҳисоб-китоб билан шуғулланадиган ходимлари эътиборсизлик қилиб, ҳисоб-фактура расмийлаштиради.

Шундан кейин истеъмолчи чекни сканерлаганда база автоматик равишда референт нарх билан солиштириб, фарқни чиқариб, Fair Tech'га ташлаб беради. Биз маълумотларни олиб, текширишга чиқиб ўрганганимизда ҳисоб-фактура расмийлаштиришдаги хатолик бўлиб чиқади. Бундай ҳолатларда бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириб, тадбиркорлик субъектига ҳеч қандай чора кўрмаймиз. Бундай ҳолатлар ҳам тез-тез учраб туради.

Дейлик, бирор дорининг чекланган нархи 10 000 сўм бўлса-ю, тадбиркор уни 10 100 сўмга сотиб қўйса ҳам ҳуқуқбузарлик қайд этиладими? Бундай ҳолатлар миллионлаб юзага келиши мумкин ва уларнинг ҳар бирини бартараф этиш кўп вақт ва ресурс талаб қилмайдими?

– 107 773 та ҳолат – биз улгурганимиз. Аслида кейслар бундан ҳам кўп. Fair Tech'га тушган маълумотни тўлиқ қайта ишлаш имконияти чекланган. Инсон омили билан ҳал қилишимиз қийин. Имкон даражасида қайта ишлаб, чора кўриб боряпмиз. Истеъмолчилар ҳам фақат тизим орқали келганини кўряпсизлар, лекин дорихонада чек бермаса, унда қанақа ҳолат бўлади, деб кўп мурожаат қилади. Кеча бир истеъмолчи шу масалада қўнғироқ қилди. Албатта, бу ерда истеъмолчилар фаоллиги керак, бу ҳолатда Fair Tech'дан ташқари мингга яқин мурожаатлар ўзимизга келиб тушган. Бу ҳолатларда дорихонада истеъмолчига чек берилмаган, лекин дорилар қиммат сотилган ва ишонч телефони орқали нарх борасида шикоят қолдирилган. Мурожаатларни ўрганиб, 100 млн сўмга яқин маблағлар қайтарилди.

Асосий умидимиз – дорихона эгаларини сергакликка чақириш. Қонунчилик бор, белгиланган нархдан қиммат сотганлик учун жарима бор. Ҳуқуқбузарлик учун жарима тўлаш тадбиркорнинг даромади камайишига олиб келади. Шу орқали профилактика, тартибга чақириш мақсадимиз бор. 15 фоиз улгуржига, 20 фоиз чакана сотувчига етарли миқдордаги устама деб ўйлайман.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид