Жаҳон | 12:48 / 27.12.2024
7040
3 дақиқада ўқилади

Бокудаги депутат: Россия самолёт ҳалокати учун узр сўраши керак

Депутат Расим Мусабековга кўра, Россияда айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак бўлган бир пайтда, баъзилар содир бўлган воқеаларни «оммавий ахборот воситаларида ўз изларини яшириш учун муайян ҳаракатлар қилмоқда».

Фото: AP

Россия томони Azerbaijan Airlines (AZAL) фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши керак, деди Озарбойжон парламенти депутати Расим Мусабеков 26 декабр, пайшанба куни кечқурун маҳаллий Turan нашрига берган интервюсида. «Самолёт Россия ҳудудида, Грозний осмонида уриб туширилган ва буни инкор этиб бўлмайди», — дейилади Мусабеков баёнотида. Депутат — Озарбойжон Мажлисининг Халқаро муносабатлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

Мусабековнинг сўзларига кўра, Россияда «вазиятга адекват муносабатда бўлиш ва узр сўраш» ўрнига, «баъзи одамлар ўз изларини яшириш учун оммавий ахборот воситаларида муайян ҳаракатлар қиляпти». «Буни содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилиши керак, одамларнинг ўлими ва қурбонлар учун товон пули тўланиши керак, агар бу содир бўлмаса, муносабатлар, албатта, бошқа даражага ўтади», деди парламентарий.

Депутат, шунингдек, Озарбойжон томони «2020 йилнинг 44 кунлик уруши» пайтида Россия ҳарбий вертолёти ҳалокати учун узр сўрагани ва товон тўлагани, унга кўра айбдорлар жазоланганини эслатди. «Агар ҳаво мудофааси ишлаган бўлса, унда ҳеч ким учиб келмаслиги учун аэропорт ёпилиши керак эди», — деди Мусабеков.

Бразилия Оқтов яқинидаги ҳалокат юзасидан терговга қўшилди

Бразилия Озарбойжоннинг Embraer 190 самолёти ҳалокатини тергов қилишда иштирок этиш учун Қозоғистонга ўз ҳарбий-ҳаво кучларидан (ҲҲК) уч нафар терговчини жўнатди, деб хабар берди Бразилия ҳарбий-ҳаво кучлари вакиллари 26 декабр куни кечқурун Reuters агентлигига.

Reuters хабарига кўра, бразилиялик терговчилар Қозоғистон расмийлари томонидан соҳада «13-илова» юридик номи билан машҳур бўлган халқаро қоидалар асосида олиб борилаётган терговга «техник ёрдам кўрсатади».

Бир кун олдин Қозоғистоннинг Lada агентлиги хабар берганидек, Озарбойжон вакиллари, жумладан, Фуқаро авиацияси давлат агентлиги ва Azerbaijan Airlines (AZAL) делегатлари Оқтов яқинидаги самолёт ҳалокатини текшириш учун етиб келишди. Хабарда айтилишича, самолёт ишлаб чиқарувчи Embraer ва Бразилиянинг CENIPA авиаҳалокатларини текшириш ва олдини олиш маркази мутахассислари ҳам терговга қўшилган.

Мавзуга оид