Озарбойжон президенти маъмурияти Чеченистоннинг қурбонларнинг оилаларига ёрдамини рад этди
Чеченистон ҳукумати авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг оиласига ёрдам таклиф қилган эди. Озарбойжон буни рад қилди ва «фактни тан олишни, узр сўрашни ва тегишли товон тўлашни» талаб қилди.
Озарбойжон президенти маъмурияти Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокатида нобуд бўлганларнинг оилалари Чеченистон ҳукуматидан ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда маъмуриятдаги манбага таяниб Day.az ёзди.
26 декабр куни Чеченистон ҳукумати раиси Ҳасан Ҳакимов республика раҳбари Рамзон Қодиров номидан ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оиласига молиявий ва «зарур бўлган ҳар қандай бошқа ёрдам» кўрсатилишини айтган эди.
«Озарбойжон ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмас. Бундай ёрдамни давлат ҳам, фуқаролар ҳам қабул қилмайди. Фуқароларимизга зарур ёрдамни ўзимиз кўрсатмоқдамиз ва кўрсатамиз. Озарбойжон фактни тан олишни, узр сўрашни ва тегишли товон тўлашни талаб қилади», деди Озарбойжон президенти маъмуриятидаги манба.
«РИА Новости» хабарига кўра, Озарбойжон Бош прокуратураси ходимлари Грозний шаҳрида бўлиб, россиялик ҳамкасблари билан биргаликда авиаҳалокат бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда. Яна бир гуруҳ ходим Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига юборилган ва ҳалокат жойида зарур чора-тадбирларни амалга оширишда давом этмоқда.
25 декабр куни Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолёти Оқтов яқинида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 67 киши, жумладан беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокатда 38 киши нобуд бўлди.
Euronews ва Reuters агентликларининг Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таянган ҳолда хабар беришича, ҳалокатга Россия ракетаси сабаб бўлган. Озарбойжон томонининг фикрича, ракета Грозний устида «дронларнинг ҳаводаги фаоллиги» пайтида самолётга қарата учирилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, фюзелажга зарар етказган.
Россия расмийлари бу маълумотни тасдиқламади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 27 декабр куни Кремл Бокунинг Россия самолёт ҳалокати учун узр сўраши кераклиги ҳақидаги баёнотларидан хабардорлигини, бироқ ҳалокат сабабларини текшириш якунланмагунча «баҳолаш ҳуқуқига эга эмаслигини» айтди.
Мавзуга оид
21:41 / 27.12.2024
Россиянинг Саратов областида мигрантларга яна 3 соҳада ишлаш тақиқланди
20:59 / 27.12.2024
Россия флоти замонавий атом сувости кемасига эга бўлди
19:32 / 27.12.2024
Оқтовдаги авиаҳалокат: ҳозирча жавоби йўқ саволлар
19:14 / 27.12.2024