Жаҳон | 10:31 / 27.12.2024
3472
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Суми областини ўққа тутиши: 300 дан ортиқ портлаш, бир киши ҳалок бўлди

Охирги 24 соат ичида Россия қўшинлари Суми областидаги 12 та аҳоли пунктига ҳужум уюштирди, деб хабар берди маҳаллий ОҲМ. 170 га яқин ҳужумлар давомида 300 дан ортиқ портлашлар қайд этилган. Биноларга катта зарар етган, бир киши ҳалок бўлган.

Фото: STATE EMERGENCY SERVICE OF UKRAINE/REUTERS

Россиянинг Украинага қарши урушининг 1038-кунида рус қўшинлари Суми областидаги 12 та жамоатга турли хил қуроллар билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Суми области ҳарбий маъмурияти (ОҲМ) 27 декабр, жумага ўтар кечаси Telegramʼда маълум қилди. Хабарда айтилишича, Краснополский жамоатида «ўққа тутиш натижасида хусусий уй вайрон бўлган ва бир фуқаро ҳалок бўлган».

Умуман олганда, кун давомида россияликлар 169 та ҳужумни амалга оширди, улар давомида 311 та портлаш қайд этилди. Краснополск жамоати энг катта ҳужумга дучор бўлди: Россия Қуролли кучлари миномёт ва артиллерия ҳужумларини амалга оширди, КАБдан фойдаланди, FPV дронлари ва УУА ҳужумларини амалга оширди. Турар жой биноси ва хусусий уй зарар кўрган Середино-Буда жамоатида миномётдан ўққа тутиш, FPV дронлари ва УУА ҳужумлари қайд этилган. Ушбу икки жамоат ҳиссасига минтақадаги портлашларнинг ярмидан кўпи тўғри келди.

РФнинг Сумидаги кўп қаватли бинога ракета ҳужуми: 10 киши ҳалок бўлди

17 ноябр куни Россиянинг Суми шаҳрига кечки зарбаси натижасида ракета турар жой биносига келиб урилган. Ҳужум оқибатида 10 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, дея хабар берди Украина Миллий полицияси.

Суми шаҳар кенгаши маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида тўққиз ёшли болакай ва 14 ёшли қиз ҳалок бўлган, 55 нафар ёши катталар ва 8 нафар бола жароҳатланган.

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати шикастланган уй вайроналари остидан 400 дан ортиқ одам эвакуация қилинганини тасдиқлади. Қўшни олтита кўп қаватли уйнинг ойналари синган, тўртта автомобил йўқ қилинган.

«Сумидаги тўққиз қаватли бинога ракета зарбаси берилди, барча зарур хизматлар ҳозирда ишламоқда, қутқарув операцияси ўтказилмоқда, уларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман», деб ёзди Украина президенти Володимир Зеленский Telegramʼдаги каналида.

Мавзуга оид