Ўзбекистон | 20:00 / 28.12.2024
7153
2 дақиқада ўқилади

Тўй ва бошқа тантаналар риё ва исрофга тўлди - Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши раиси Нуриддин Холиқназаров имом-хатибларни тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга оширишга чақирди.

Фото: Kun.uz

Тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинлар, улардаги бир-биридан ўтиб тушадиган, кимўзарга, риёга, исрофга тўла ишлар халқимизнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши раиси Нуриддин Холиқназаров баёнот берди.

Муфтий зиёлилар ва кексаларни аҳолига, айниқса, юқоридаги каби исрофгарчилик ва дабдаба қилаётганларга тушунтириш ишларини кўпайтиришга, бу каби «иллатларга биргаликда барҳам беришга» чақирди.

Шу билан бирга, уламолар ва имом-домлаларни «Хайру саховат – қалбларга қувонч улашади» шиори остида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириши, ҳар бир марказий масжид 5 тадан эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, Нуриддин Холиқназаров ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатибларини ҳудудидаги камида 1 та мактабни ҳомийларни жалб этган ҳолда таъмирлаш ишларига ёрдам кўрсатишга тарғиб қилди.

Бундан ташқари, «Вақф» хайрия жамоат фонди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда кам таъминланган оила фарзанди бўлган 200 нафар ёшни касбга ўргатиши ва иш билан банд қилишини, жисмоний имконияти чекланган болаларга 50 дона спорт аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари олиб бериб, уларнинг даволанишларига кўмаклашишини, «Меҳрибонлик», «Саховат», «Мурувват» уйларига ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатиш ишларини ташкил этишини маълум қилди.

Шу билан бирга, муфтий имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин «ҳар хил хўжакўрсин маросимлари» уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга оширишга чақирди.

Мавзуга оид