Спорт | 00:13
22131
3 дақиқада ўқилади

Боксчи Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан кураши тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди

Ижтимоий тармоқларда бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндори Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан курашаётгани тасвирланган видео тарқалди. Экология вазирлиги ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан машғулот ўтказгани акс этган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан машғулот ўтказгани акс этган видео тарқалди. Роликда спортчи йиртқични бир неча бор йиқитгани, бу пайтда айиқни бошқа бир киши жиловидан ушлаб тургани тасвирланган. 

Бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндорининг ҳаракатлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлди. Фойдаланувчилар видеони жойлаштирган каналдаги пост остида «дахшатли», «жирканч», «ҳайвонлар устидан кулиш» каби изоҳларни қолдирди. Кейинчалик видео ўчирилди, аммо у бошқа кўплаб каналларда тарқалишга улгурди. 

Қайд этилишича, айни дамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ҳолат ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра батафсил маълумот берилади ва ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний тартибда чора кўрилади. 

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга айиқларнинг барча тури киритилган. Яъни бошқа ҳайвонлар қатори айиқларни ҳам давлат ва мобил циркларида (шапитолар) сақлаш ҳамда улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш тақиқланади. 

«Экология вазирлиги ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай шафқатсиз муносабатни қоралайди ва бу каби ҳолатлар қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатиб ўтади», — дейилади муносабатда. 

Gazeta.uz’нинг ёзишича, Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан курашган Buka Gym спорт зали бу каби ҳолатларни қоралашини билдирган. «Бу бизнинг лойиҳамиз, медиаматериалларимиз эмас ва бирорта ходимимиз уни суратга олишда иштирок этмаган», — дейилади компания баёнотида. Шу билан бирга, компания ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан кечирим сўраб, ҳайвонларни яхши кўришларини ва доим уларнинг ҳимояси тарафдори эканликларини қайд этган.

Мавзуга оид