«Декларация ички қонунларимизни тўғрилашга қаратилган» – сиёсатшунос халқаро нормалар давлат ичида ишлаши ҳақида
Ўзбекистон қонунчилиги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ратификация қилишда унинг нормаларини ўзига шимиб олган. Бу эса унинг ижросини табиий равишда таъминлайди, дейди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ. Натижада халқаро ташкилотлар «бу Конституциянгизда ёзиб қўйилган-ку», дея бизнинг асосий ҳужжатимизга урғу беради.
Kun.uz аввалроқ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг дунёда ҳуқуқий тизимда ишлаши, унинг тарихий ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сиёсатшунослар билан суҳбат ташкил қилган эди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва унга қўшимча пактларга риоя қилиниши устида назорат қиладиган ёки таъсир чоралари кўрадиган ташкилотлар борми? Бунга халқаро майдонда қанчалик эътибор берилади?
Ҳамид Содиқ, сиёсатшунос:
Мен ҳозир кўрсатувга тайёргарлик кўришда декларациянинг 30 та моддасини қайтадан кўриб чиқдим. Буларнинг бари Ўзбекистон Конституциясида бор. Айрим моддалар шундоқлигича олинган: яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ўзгармас ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят. Ёки бўлмаса, айбсизлик презумпцияси, шахснинг айби судда исботланмагунча у айбдор деб топилиши мумкин эмас. Булар ҳаммаси инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида олинган.
Ёки бўлмаса, никоҳнинг эркинлиги, фарзандлар ажратилмаслиги, мулк ҳуқуқининг ҳимояси кабиларда. Ўзбекистон қонунчилиги бу ҳужжатни ратификация қилишда барча нормаларини ўзига шимиб олган. Миллий ҳужжатларимизга уни имплементация қилдик ва айнан шу унинг ижросини табиий равишда таъминлайди. Яъни сиз яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ўзгармас ҳуқуқи деяётган экансиз, ўзингизнинг қонунчилигингиздан маълум бир муддатда ўлим жазосини чиқариб ташлашингизга тўғри келади. Ва худди шундай ҳам бўлди, 2005 йилдан Ўзбекистонда ўлим жазосини қўллаш учун мораторий эълон қилинди, 2008 йилда эса ўлим жазосини қонунчиликдан бутунлай чиқариб ташладик.
Шимолий Кореянинг номида ҳам демократик деган сўз бор, конституциясида эса инсон ҳуқуқларига доир нормаси бор. Лекин уларни ижро қилиш масаласида, албатта, муаммолар бор. Яъни биз халқаро нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қиламиз ва халқаро ташкилотлар бизнинг Конституциямизга урғу беради, ўртоқ, буни Конституциянгда ёзиб қўйибсан-ку, деб. Шу билан бирга, ҳар бир давлатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳужжатларига амал қилиш бўйича йиллик ҳисобот берадиган алоҳида ташкилотлар мавжуд. Бизда бу инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бор.
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:
Умуман олганда, БМТ доирасида ҳар бир давлатдаги вазиятни муттасил кузатиб борувчи кўплаб махсус комиссиялар ва махсус маърузачилар мавжуд. Масалан, ҳар йили Ўзбекистонга дин ва виждон эркинлиги бўйича доклад чиқарилади. Бутун дунё бўйича ва БМТ доирасида инсон ҳуқуқларини муттасил кузатиб борувчи ўнлаб, балки юзлаб структуралар мавжуд. Уларнинг даражалари ҳар хил.
Бундан ташқари кўплаб халқаро ташкилотлар. Улар АҚШ ҳукумати билан кўпинча муаммо ичида бўлади. Яъни АҚШ манфаатларига кўра, инсон ҳуқуқларини юмшатиб кўрсатиши мумкин. Масалан, Саудия Арабистони ёки Бирлашган Араб Амирлигини мисол қилиб олсак. Америка у давлатлар билан муносабатни бузишни хоҳламайди. Шунинг учун инсон ҳуқуқлари борасида жуда дипломатик равишда муносабат билдиришга ҳаракат қилади. Лекин халқаро ташкилотлар миллий манфаатларга боғлиқ эмас, улар ҳукумат эмас. Улар вазиятни борича тасвирлайди ва ҳукуматдан талаб қилади: «ўзингизнинг миллий ва геосиёсий манфаатларингиздан келиб чиқиб, нохолис ёки вазиятни яширишга ҳаракат қиляпсиз», деб баҳо беради. Бундан ташқари сиёсий мухолифат ҳам доим вазиятни кузатиб боради. Шунинг учун ҳозирги пайтда дунёда инсон ҳуқуқларини бир шахс ёки сиёсий куч тўлиқ назорат қила олмайди. Глобал дунёда инсон ҳуқуқлари қўпол бузилса, у вазиятни энди яшириб бўлмайди.
Ҳамид Содиқ:
Сталин ҳукмронлик қилиб турган даврда бир сайлов округида Сталин 135 фоиз овоз олади. Яъни бошқа сайлов округи овозлари қўшиб юборилади ва бу нормал қабул қилинади. Ёки бўлмаса, Мугабе айтадики, ўзининг нутқида қандай қилиб бир парча қоғоз, яъни сайлов бюллетени автоматдан кучли бўлиши мумкин, дейди. Кейинги диктаторлар бундай гапларни айтолмайди, нима учун? Чунки ўша рамка бор, мумкин эмас бундай нарса. Яна энг янгилардан бири, Лукашенко 2000-йиллардаги сайловларда менга ҳақиқатда овоз берганлар 93 фоизга чиқиб кетибди, 86 фоизга тушириб қўйдим, дейди. Лекин сайлов қонунларини бузиш, тегиниш мумкин эмас унга. 93 бўлса, шундай қолиши керак. Диктаторлар бундай масалалар уятли эканини тушуниб боради.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ички қонунларимизни тўғрилашга қаратилган. Инсонга адолатли суд керак, деб айтадиган декларациянинг ўзи билан биз тўғрилашимиз зарур. Ҳокимиятни мажбур қилишимиз керак, суд адолатли бўлсин, ўшандагина биз сенга ишонамиз. Тўғри, ички судлар адолатсиз бўлиб турса, халқаро инстанцияларга мурожаат қилиш мумкин. Лекин бу оммавий эмас, бу оммавий бўлмайди ҳам. Чунки процессуал қонунчилик мавжуд эмас.
Шунинг учун халқаро ҳуқуқий нормалар ички қонунчилигимизнинг яхши бўлишини таъминлайди. Биз ўзимизнинг қонунларимиздан фойдаланиб туриб, давлат ҳокимияти ресурсларини тақсимлашга эришмас эканмиз, улар халқаро ва ички қонунчиликни бузишда давом этади. Шу сабабли асосий қоида – халқаро қонунчиликнинг ички қонунчилигимизга таъсиридир.
Мавзуга оид
15:17 / 17.12.2024
Даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жорий этилмагани ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қиляпти — Антикоррупция агентлиги
18:15 / 10.12.2024
«Инсон ҳуқуқлари қудратли давлатнинг асосий белгисидир» — тарихий декларацияга 76 йил тўлди
11:33 / 15.11.2024
“Пора катталашган сари суверенитет билан савдолашиш бошланади” – фаоллар билан суҳбат
15:57 / 07.11.2024