Иқтисодиёт | 21:47 / 02.01.2025
10650
4 дақиқада ўқилади

Энергетика вазири ўринбосари электромобил станцияларининг тармоқдан узилганига изоҳ берди

Фаолиятида камчиликка йўл қўймаган станциялар тармоққа қайта уланган, ҳозир Тошкент шаҳрида ўчирилган биронта ҳам қувватлантириш станцияси йўқ, дея маълум қилди Умид Мамадаминов. Қувватлантириш станциялари учун сутканинг муайян соатларида оширилган ва арзонлаштирилган тарифлар жорий этиш режалаштирилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги

Ўзбекистонда электромобилларни қувватлантириш станциялари учун алоҳида тарифлар жорий этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда бугун, 2 январ куни Энергетика вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, истеъмол кўп бўладиган эрталабки соат 6:00 дан 10:00 гача ҳамда кечки соат 17:00 дан 22:00 гача бўлган вақт оралиғида зарядлаш станциялари учун нисбатан оширилган тариф, тунги вақтда эса 50 фоизгача арзонлаштирилган тариф қўлланиши мўлжалланмоқда.

Тиғиз вақтларда тариф неча фоизгача оширилишига аниқлик киритилмаган.

Энергетика вазирлиги бугун эълон қилган видеолавҳада, вазир ўринбосари Умид Мамадаминов электромобилларни зарядлаш станциялари электрдан узиб қўйилгани бўйича изоҳ берган.

Унинг сўзларига кўра, декабр ойининг ўрталарида тегишли идоралар ўтказган рейд чоғида субистеъмолчилар фаолияти белгиланган талабларга қанчалик мослиги ўрганилган.

“Ўрганиш якунларига кўра, шу куннинг ўзида бир қанча станциялар ўчирилган. Энергетика вазирлигининг аралашувидан сўнг, фаолиятида камчиликка йўл қўймаган станциялар тармоққа қайта уланган. Фақат техник шартлар ва бошқа мажбуриятларга доир муаммоларга эга бўлган 11 дона станцияга ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб олгунга қадар қонунчиликда белгиланган оралиқда муддат белгиланган. Айни пайтгача улар ҳам тармоққа уланган бўлиб, бугун Тошкент шаҳрида ўчирилган биронта ҳам қуввантириш станцияси йўқ”, – деган Мамадаминов.

Умид Мамадаминов / Энергетика вазирлиги эълон қлиган видеодан кадр

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, субабонент сифатида электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўз ҳудудига улаган барча тадбиркорлик субъектлари ҳудудий электр тармоқлари филиалларига мурожаат қилган ҳолда, ўзларининг техник шартларини ўзгартиришлари ва янги қувватларни белгилаб олишлари керак.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида 500 дан зиёд қувватлантириш станциялари ишлаб турган бўлса, уларнинг фақат 103 таси техник шартларга эга. 2024 йил 1 ноябригача Ўзбекистонга 5417 та қувватлантириш станцияси олиб кирилган ва “шу йилнинг ўзида ана шунча техник шарт олиниши керак бўлган”.

“Бу ҳолатда эса ҳудудларда юкламанинг ортиши, кучланишнинг пасайиши ва бошқа истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришда узилишлар юзага келиши ҳеч гап эмас”, – дейди энергетика вазири ўринбосари.

Тошкент шаҳрида электромобил станциялари оммавий равишда электр тармоғидан узилгани ҳақида Kun.uz 17 декабр куни хабар берган эди. Тадбиркорларга кўра, қуйи бўғиндаги масъуллар ҳолатни “тепадан шундай буйруқ бўлди” дея изоҳлаган.

Шундан кейин Энергетика вазирлиги қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаганини маълум қилди, “Ҳудудий электр тармоқлари” эса гўёки фақат қарзи бор истеъмолчилар тармоқдан узилаётганини билдирди.

Бир неча кун ўтиб Kun.uz қайта боғланган тадбиркорлар ҲЭТнинг изоҳини рад этиб, электр энергиясидан қарзлари йўқлиги, улар ҲЭТК билан эмас, трансформаторга эгалик қилувчи савдо маркази ёки меҳмонхона кабилар билан шартнома асосида, субабонент сифатида электрдан фойдаланиши, масъуллар эса бирламчи абонентни эмас, фақат станцияларни электрдан узиб кетганини айтишди.

Шунингдек, Кадастр агентлиги бир қатор меъёрий ҳужжатларга асосланиб, станцияларни демонтаж қилиш талабини қўйгани ойдинлашди. Агентлик акс ҳолда ер участкасини ноқонуний эгаллаганлик айблови билан иш очилишини билдирган. Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, мавжуд вазиятни қонуний йўл билан қандай ҳал қилиш мумкинлигини сўрашганида, уларга станцияларни бузиб ташлашдан бошқа чоралари йўқлигини айтишган.

Мавзуга оид