Юридик шахслар учун лимитдан ташқари электр ва газ тарифи сентябрда пасайтирилгани маълум бўлди
Ҳукумат томонидан ўтган йили жорий этилган ва бизнеснинг эътирозларига сабаб бўлган тартиб давлат раҳбарининг топшириғи асосида 25 сентябрдан бошлаб юмшатилган. Шу санадан эътиборан, “юқори” ва “ўрта” рейтингга эга тадбиркорларга электр энергияси учун олдиндан тўловни ой давомида иккига бўлиб тўлашга рухсат берилган.
Юридик шахслар учун электр энергияси ва табиий газнинг шартномавий миқдордан ортиқ қисмига қўлланадиган тариф 27 сентябрдан эътиборан пасайтирилган. Бунга, Вазирлар Маҳкамасининг 27 декабр кунги қароридан кейин, Kun.uz эътибор қаратди.
Маълум бўлишича, лимитдан ортиқча ишлатилган ток ва газ учун оширилган тариф ҳукуматнинг 2024 йил 25 сентябр кунги қарори асосида пасайтирилган. 27 сентябрдан кучга кирган қарорнинг иловалари Lex.uz'да келтирилмаган, аммо шу санадан бошлаб электр ва газдан фойдаланиш қоидаларига шу қарорга ҳавола билан тегишли ўзгартишлар киритилган.
Ўзгартишларга асосан, истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергияси истеъмоли шартномавий миқдордан 20 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, мазкур миқдордан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси учун белгиланган тарифнинг 1,2 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Ушбу қарор билан, шунингдек, “юқори” ва “ўрта” рейтингга эга тадбиркорларга электр энергияси учун олдиндан тўловни бир ой давомида иккига бўлиб тўлашга рухсат берилган.
Санаб ўтилган юмшатишлар бўйича давлат раҳбари томонидан август ойида, тадбиркорлар билан анъанавий учрашув чоғида топшириқ берилганди.
Ҳукуматнинг 27 декабр кунги қарор билан эса, лимитларга оид нормани тавсифловчи жумлаларга фақат услубий тузатишлар киритилган бўлиб, қоиданинг мазмунида ўзгариш рўй бермаган.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси ва табиий газни шартномавий миқдордан 10 фоиз ва ундан ортиқ ишлатган бизнес суъектларидан ортиқча ишлатилган миқдор учун 2 баравар тўлов ундириш 2024 йил 1 июндан жорий этилган эди.
Бу тартиб ҳақида Энергетика вазирлиги олдиндан хабар бермаган, натижада тадбиркорлар ўртасида тушунмовчиликлар юзага келганди.
Олдиндан 100 фоиз тўлов қилишган бўлса ҳам, лимитдан ортиқча истеъмол учун 2 баробар (электр энергияси учун киловатт-соатига 1800 сўмдан, табиий газ учун кубометрига 3000 сўмдан) ҳақ ундирилаётгани бизнеснинг эътирозларига сабаб бўлганди.
Ўшанда Энергетика вазирлиги бу тартибни “хорижий давлатлар тажрибаси” деб изоҳлаган, иқтисодчи Отабек Бакиров эса вазирликнинг аргументлари ёлғон эканини таъкидлаганди.
Мавзуга оид
10:05 / 05.01.2025
Лимитдан ошган электр истеъмоли учун 20 фоизлик устама фақат юридик шахсларга тааллуқли – Энергетика вазирлиги
17:32 / 04.01.2025
Тадбиркорларни электрдан қарзи учун тармоқдан узишни тўхтатиш режалаштириляпти
14:00 / 04.01.2025
Юридик шахсларга электр учун тўловларни мобил иловалар орқали амалга ошириш имкони яратилади
21:47 / 02.01.2025