Иқтисодиёт | 10:05 / 05.01.2025
18253
3 дақиқада ўқилади

Лимитдан ошган электр истеъмоли учун 20 фоизлик устама фақат юридик шахсларга тааллуқли – Энергетика вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда “Электр энергияси истеъмоли 200 киловаттдан ошса, ҳар бир киловатт учун 900 сўм эмас, 540 сўмдан тўланади” мазмунида нотўғри маълумот айланмоқда. Бу ноаниқлик 2024 йил 27 декабр куни имзоланган 894-сонли ҳукумат қарори бандларининг нотўғри талқин қилиниши билан боғлиқ, дея маълум қилди Энергетика вазирлиги.

Фото: Kun.uz

Қарор билан, электр энергияси истеъмолчилари (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳисоб-китоб даврида шартномада кўрсатилган миқдордан 20 фоиз ва ундан ортиқ истеъмолга йўл қўйган тақдирда, ортиқча истеъмол учун белгиланган тарифнинг 1,2 баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилиши кўзда тутилган.

Ушбу қоидада аниқ-равшан қилиб “маиший истеъмолчилардан ташқари” дея кўрсатиб ўтилган.

“Айрим блогерларнинг қарор моҳиятини тўла англаб етмай туриб, нотўғри маълумот тарқатишлари туфайли аҳоли орасида турли тушунмовчиликлар пайдо бўлмоқда”, – дея қайд этган вазирлик.

Оширилган тариф юридик шахсларга тегишли: масалан, техник шартида бир ой мобайнида 100 минг kWh электр энергияси сарфлаши кўзда тутилган ишлаб чиқариш цехи ой мобайнида 125 минг kWh электр энергияси истеъмол қилса, ортиқча ишлатилган 5 минг kWh учун 900 сўмдан эмас, 1080 сўмдан тўлов қилади.

Бундай қоида, хусусан, табиий газ истеъмолчиси бўлган юридик шахсларга ҳам тааллуқли.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 июндан бошлаб, электр энергияси ва табиий газни шартномавий миқдордан 10 фоиз ва ундан ортиқ ишлатган бизнес суъектларидан ортиқча ишлатилган миқдор учун 2 баравар тўлов ундириш бошланган эди.

Бу тартиб ҳақида Энергетика вазирлиги олдиндан хабар бермаган, натижада тадбиркорлар ўртасида тушунмовчиликлар юзага келганди.

Олдиндан 100 фоиз тўлов қилишган бўлса ҳам, лимитдан ортиқча истеъмол учун 2 баробар (электр энергияси учун киловатт-соатига 1800 сўмдан, табиий газ учун кубометрига 3000 сўмдан) ҳақ ундирилаётгани бизнеснинг эътирозларига сабаб бўлганди.

Ўшанда Энергетика вазирлиги бу тартибни “хорижий давлатлар тажрибаси” деб изоҳлаган, иқтисодчи Отабек Бакиров эса вазирликнинг аргументлари ёлғон эканини таъкидлаганди.

2024 йил 20 август куни тадбиркорлар билан анъанавий мулоқотида президент Шавкат Мирзиёев бу қоидани юмшатиш бўйича топшириқ берганди.

Kun.uz аввалроқ хабар қилганидек, 27 сентябрдан эътиборан тартиб ўзгартирилиб, оширилган ставка 2 баравардан 1,2 бараварга туширилган, оширилган ставка қўлланадиган лимит эса шартномавий миқдорнинг 10 фоизидан 20 фоизигача оширилган.

27 сентябрдан бошлаб, шунингдек, “юқори” ва “ўрта” рейтингга эга тадбиркорларга электр энергияси учун олдиндан тўловни бир ой давомида иккига бўлиб тўлашга рухсат берилган.

Мавзуга оид