Гуржистонда муддатли ҳарбий хизматга чақирув тартиби ўзгарди
Гуржистонда 2025 йил 1 январдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирув тасодифий танлов асосида амалга оширилади. Чақирилувчи ҳарбий хизматнинг ўзига маъқул бўлган учта вариантидан бирини танлаши мумкин бўлади.
Гуржистонда 2025 йил 1 январдан мажбурий ҳарбий хизматга чақирув бўйича янги қоидалар кучга кирди. Энди муддатли ҳарбий хизматга чақирув «Миллий мажбурий ҳарбий хизмат» деб аталадиган ҳарбий хизмат учун амалга оширилади.
Гуржистон ОАВга кўра, чақирилувлар 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, ҳарбий ҳисобда турган фуқаролар учун тасодифий танлов асосида амалга оширилади.
Муддатли хизмат учун пул тўланади, шунингдек, таътил ва дам олиш кунлари берилади. Шу билан бирга, чақирилувчи хизматнинг ўзига маъқул бўлган учта вариантидан бирини танлаши мумкин бўлади: жанговар бўлинмада хизмат — олти ой муддатга; қўриқлаш ва таъминот бўлинмаларида хизмат — саккиз ой; кичик командирлик унвонини олиш ва маълум мутахассислик учун хизмат — 11 ой.
Чақирувлар йил давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусан, жанговар бўлинмалар учун чақирув 15 апрелдан бошланади.
Қўриқлаш ва таъминот бўлинмалари учун хизматга чақирув тўрт босқичда ўтказилади: 15 март, 1 июн, 15 август ва 1 ноябрдан.
Кичик командирлик унвони ва маълум мутахассисликка эга бўлиш учун чақирувлар эса 15 октябрдан бошланиши белгиланган.
Август ойида Хорватия 2025 йил 1 январдан мажбурий ҳарбий хизматни қайтариши маълум бўлганди. Ҳарбий хизмат муддати — икки ой. Ушбу қарор Россиянинг Украинага қарши босқини фонида Европада кескинлик ошгани сабаб қабул қилинган. Шунингдек, Европанинг бошқа давлатлари ҳам муддатли ҳарбий хизматни қайтариш масаласини кўриб чиқмоқда, айримлари эса бундай чораларни кўришга улгурди. Хусусан, 2023 йилда Латвияда муддатли ҳарбий хизмат яна йўлга қўйилди. Ҳарбий хизмат мажбурий бўлган Норвегияда эса қўшимча 20 минг аскар ва захирадаги ҳарбий хизматчилар учун режа ишлаб чиқилди.
Мавзуга оид
15:30 / 01.01.2025
«Веймар учбурчаги» Гуржистондаги репрессияларни қоралади
18:32 / 30.12.2024
Гуржистоннинг янги президенти Тбилиси ЕИга қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга тайёрлигини маълум қилди
16:33 / 29.12.2024
Кавелашвили Гуржистон президенти лавозимига киришди, Зурабишвили саройни тарк этди
13:30 / 27.12.2024