Ўзбекистон | 09:51 / 04.01.2025
817
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон товар айланмаси ҳажмини оширишни муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги (Trade Development Authority Pakistan – TDAP) раҳбари Зубайр Мотивала билан учрашди.

Фото: Дунё

Мулоқотда Агентлик раҳбарининг ўринбосарлари, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун масъул бошқармаларнинг бошлиқлари ҳам иштирок этди.

Томонлар ўзаро савдони кенгайтириш, экспорт-импорт номенклатурасини диверсификация қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.

Тадбир аввалида Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шароит ва имтиёзлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Шундан сўнг, ўзаро савдо ҳажмларини оширишнинг янги йўналишлари, жумладан, икки мамлакатда ташкил этиладиган савдо ва саноат кўргазмаларида томонларнинг доимий иштирокини таъминлаш, савдо уйларини ташкил этиш орқали мамлакатларнинг маҳсулотлари бўйича хабардорлик даражасини кескин ошириш, Ўзбекистон ва Покистоннинг барча турдаги маҳсулотлари тўғрисида маълумот олиш имконини берувчи онлайн платформани яратиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Зубайр Мотивала 2024 йил июнь ойида Тошкентда ташкиллаштирилган Made in Pakistan саноат кўргазмаси муваффақиятли ўтказилгани қайд этиб, ушбу тадбирни ўтказишда кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди. Тадбир ушбу йўналишда мавжуд салоҳиятни ишга солиш учун янги механизмни яратгани, келгусида бу турдаги кўргазмаларни кўпайтириш маҳсулотлар сони ва турини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

2025-2026 йилларда икки мамлакатда ташкиллаштириладиган халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларнинг муддатлари тўғрисидаги батафсил маълумот билан алмашиш ва унда Ўзбекистон ва Покистон бизнес уюшмалари делегациялари, ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишилиб, мазкур масала бўйича масъул ходимлар тайинланди.

TDAP раҳбари Лаҳор шаҳрида 26-28 февралда ўтказиладиган FoodAg Manufactoring Exhibition қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда 17-19 апрелда бўлиб ўтадиган 4th Engineering and Healthcare Show кўргазмаларида Ўзбекистон вакилларини қатнашишга таклиф этди.

Музокаралар чоғида Карачи шаҳрининг Ўзбекистон ҳудудлари билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлигини янада ривожлантириш, бизнес жамиятлари ўртасида алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш чоралари ҳам муҳокама қилинди. TDAP вакиллари Тошкент–Карачи йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш, ўзаро банк тўловлари масалалари юзасидан ўз таклифлари билан ўртоқлашди.

Мавзуга оид