Жаҳон | 14:19 / 04.01.2025
2833
4 дақиқада ўқилади

Суперойдан шимол ёғдусигача. 2025 йилда кўз билан кўришга арзигулик еттита осмон ҳодисаси

2025 йилда Ой ва Қуёш тутилиши ҳамда кетма-кет учта суперой ҳодисаси кузатилади. Бундан ташқари, бу йил метеор оқимлари интенсивлиги ошади, Қуёш фаоллигининг ортиши билан шимол ёғдулари ҳам кўпаяди.

Фото: PA Media

2025 йилнинг биринчи йирик метеор оқими

Доимгидек, январ ойи энг кучли метеорлардан бири бўлмиш квадрантидлар оқими билан бошланди. У 3 ёки 4 январда ўзининг энг юқори нуқтасига етади, шундан сўнг пасайиб боради.

Фото: Getty Images

Метеорлар (“учар юлдузлар” деб ҳам аталади) — осмон жисмларининг парчалари бўлиб, улар жуда катта тезликда (сониясига 70 километргача) Ер атмосферасига кириб келади ва даҳшатли ишқаланиш туфайли деярли бир зумда буғланиб кетади, тунги осмонда ёрқин из қолдиради.

Квадрантид метеор оқими ўзининг энг фаол даврида ҳақиқий юлдуз ёғдусини ҳосил қила олади, бунда бир соат давомида осмон гумбазида 120 тагача метеор из қолдириши мумкин.

Квадрантидларни ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлганлар ҳар қандай ёруғлик манбаларидан узоқроқ туриши ва кўзларни камида 15 дақиқа тун қоронғилигига мослаштириши керак. Кузатиш учун телескоп керак бўлмайди, лекин ҳаво очиқ бўлиши шарт. Ҳатто туннинг мусаффо осмонида ҳам сабр-тоқатли бўлиш талаб этилади.

Атлантикада Қуёш тутилиши

Фото: AFP

Қуёш тутилиши 29 март куни Қуёш, Ой ва Ер бир чизиққа тизилганда содир бўлади. Қуёш ва сайёрамиз орасидан ўтаётган Ой, уни вақтинча тўсиб, Ер юзасининг бир қисмини зулматга ғарқ қилади.

Тўлиқ қуёш тутилишини фақат Канаданинг жануби-шарқида яшовчилар кузатади — бошқа ҳудудларда бу қисман кўринади ёки умуман сезилмайди.

Мутахассислар ҳатто қоронғида ҳам Қуёшга тўғридан тўғри қараш кўриш қобилиятига зарар етказишидан огоҳлантиради. Шу сабабли, улар Қуёшни кузатиш учун махсус қорайтирилган қуёшдан ҳимояловчи линзалардан фойдаланишни тавсия этади.

Тўлган Ой тутилиши

Фото: PA Media

Аммо 7 сентябрда содир бўладиган Ой тутилишини кўп ҳудудларда кузатиш мумкин.

Ой тутилишини кузатиш учун, табиийки, осмон булутсиз бўлиши керак. Кузатиш учун баландроқ жойни танлаган маъқул, осмонни дарахтлар ёки баланд бинолар тўсиб қўймаслигига ишонч ҳосил қилиш керак. Атрофдаги сунъий ёритгичларни иложи борича камайтириш лозим.

Учта суперой

Фото: PA Media

2024 йилда тўртта суперой кузатилганди. 2025 йилда уларнинг сони учта бўлади: Овчи ойи (7 октябр), Қундуз ойи (5 ноябр) ва Совуқ ой (4 декабр).

Тўлин ой пайтида Ой Ерга энг яқин орбитасига келганида, суперой ҳодисаси содир бўлади. Бунда Ой одатдагидан 30 фоиз каттароқ ва 15 фоиз ёрқинроқ кўринади.

Бу ҳодисани яхшилаб кўриш учун ҳам очиқ осмон керак. Оддий кўз билан кузатиш мумкин, лекин телескоп ёки ҳеч бўлмаганда дурбин олган маъқул.

Суратга олишда камеранинг чироқ функциясидан фойдаланмаслик керак. Бунинг ўрнига, телефоннинг тунги режимни ёқиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Шимол ёғдуси

Фото: Getty Images

Ўтган йили шимол ёғдуси осмонда бир неча марта кўринди. Бу ҳодиса одатда ёрқин, тўлқинланувчи ёруғлик фонига ўхшайди, унинг ранги қизилдан бинафшагача, яшилдан кўккача ўзгариб туради.

Шимол ёғдуси Ернинг магнит қутблари атрофидаги атмосферасида зарядланган Қуёш заррачаларининг газлар билан тўқнашиши натижасида юзага келади. Энг ёрқин ёғдулар Қуёш катта зарралар булутларини чиқарган пайтда ҳосил бўлади.

Қуёшнинг 11 йиллик фаоллик цикли ўз чўққисига етаётгани сабабли, кейинги 12 ой давомида шимол ёғдусини янада кўпроқ кузатиш мумкин.

Мавзуга оид