NASA Марсни ўрганишга мўлжалланган янги вертолётни намойиш этди
NASA Қизил сайёрани ўрганишда инқилоб ясайдиган Марс вертолётларининг янги авлодини ишлаб чиқмоқда.
2021 йил 19 апрел Марсни ўзлаштириш тарихидаги муҳим кунга айланганди — шу куни Ingenuity вертолёти ўзининг илк бошқариладиган парвозини амалга оширди. Қуёш батареялари билан жиҳозланган кичик аппарат муҳандислик инновациясининг тимсоли бўлиб, Марс атмосфераси шароитида парвоз қилиш мумкинлигини исботлади.
Дастлаб, Ingenuity миссияси тажриба сифатида ишлаб чиқилган: у 30 кун ичида атиги бешта парвозни амалга ошириши керак эди. Бироқ вертолёт салкам уч йил ичида 72 та парвозни амалга ошириб, кутилганидан юқори натижа берди. У Perseverance марсоходи учун ҳаво разведкачисига айланиб, Марс релефи ва атмосфераси ҳақида қимматли маълумотлар тақдим этди. Ingenuity ўз миссияси давомида 24 метр баландликка кўтарилди, соатига 36 километргача тезликка чиқди ва бир парвозда 705 метр масофани босиб ўтди. Ушбу миссия Ердан ташқаридаги тадқиқотлар учун авиациядан фойдаланиш имкониятини ўрганишда муҳим босқич бўлди.
Энди NASA ўз эътиборини янги вертолёт қуришга қаратмоқда. Бу вертолёт Ingenuity билан таққослаганда анча каттароқ ва кўпроқ вазифаларни бажаришга қодир бўлади. Ҳозирча бошланғич босқичда турган лойиҳада олтита ротор олтибурчак шаклида жойлаштирилади, аппаратнинг ўлчамлари енгил машина катталигича бўлади. Янги вертолёт Марс кунида 5 килограммгача илмий асбоб-ускуналарни кўтариб, 3 километргача масофани босиб ўтади. Ушбу хусусиятлар туфайли аппарат янада чуқур тадқиқотлар ўтказиши, ландшафтнинг мураккаб қисмларини ва марсходлар кира олмайдиган ҳудудларни ўрганиши мумкин.
Бироқ вертолётларнинг янги авлодини яратиш бир қатор қийинчиликлар билан кечмоқда. Ingenuity аппаратини ишлатиш тўрт томони бир хил бўлган ҳудудларда йўналиш топиш билан боғлиқ муаммоларни юзага чиқарди. Масалан, Эзеро кратерининг қумтепаликлар билан қопланган юзаси вертолётнинг визуал навигация тизими ишини қийинлаштирди. Бу тўсиқни енгиш учун янги қурилма Марс юзасининг турли хил ландшафтлари билан ишлай оладиган такомиллаштирилган навигация тизимларига эга бўлади.
NASA реактив ҳаракат лабораториясининг муҳандислари янги технологияларни ишлаб чиқмоқда, хусусан, углерод толасидан тайёрланган узунроқ ва самаралироқ ротор парраклари шулар жумласидан. Бундай парракларнинг узунлиги Ingenuity’никидан 10 сантиметр ортиқ бўлиб, улар дақиқасига 3500 марта айланиш бўйича муваффақиятли синовдан ўтказилган. Бу кўрсаткич Ingenuity’нинг максимал параметрларидан анча юқори ҳисобланади. Янги конструкция Марснинг сийрак атмосферасида парвоз самарадорлигини оширади, натижада вертолётлар янада кучлироқ ва кўпроқ вазифаларни бажара оладиган бўлади.
Инсоният Марс сайёрасини ўзлаштиришга интилаётган бир пайтда, бундай ҳаво аппаратлари миссияларнинг ажралмас қисмига айланиши мумкин. Улар қўниш жойларини текшириш, сиртни тўлиқ ўрганиш ва ҳатто келажакдаги астронавтларга ёрдам кўрсатиш каби вазифаларни бажариши мумкин. Янги Марс вертолётларининг яратилиши космик технологияларнинг шиддат билан ривожланаётганини кўрсатмоқда.
Мавзуга оид
14:19 / 04.01.2025
Суперойдан шимол ёғдусигача. 2025 йилда кўз билан кўришга арзигулик еттита осмон ҳодисаси
16:49 / 30.12.2024
Илон Маск Марсда тўғридан тўғри демократияни ўрнатишни таклиф қилди
20:59 / 28.12.2024
SpaceX бир йил ичида ракета учириш бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатди
22:27 / 25.12.2024