Жаҳон | 18:50 / 05.01.2025
7072
1 дақиқада ўқилади

АҚШда темирйўл кўприги поезд ҳаракати вақтида қулаб тушди

Орегон штатидаги Мэри дарёси устидан ўтган кўприк поезд ўтаётганида қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида карбамид ортилган вагонлардан бири сувга тушиб кетган.

Фото: AFP

АҚШда Мэри дарё устидан ўтган кўприк юк поезди ўтаётган вақтда қулаб тушди. KPTV телеканалининг маълум қилишича, карбамид ортилган 19 та вагондан бири сувга қулаган.

Кўнгилсиз ҳодиса Орегон штатидаги Корваллис шаҳрида содир бўлган. Ҳеч ким жабрланмаган, бироқ полиция сувга вагондаги моддалар тарқалиши мумкинлиги сабаб аҳолини дарёга тушмасликка чақирган.

Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари кўприкнинг қулаш сабабини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Карбамид — кимёвий бирикма бўлиб, асосан азотли ўғит сифатида ишлатилади.

Октябр ойида Норвегияда йўловчи поезди релсдан чиқиб кетганди. Ҳодиса мамлакатнинг Хемнес муниципалитетида содир бўлган ва бир неча кишига жароҳат етган эди.

Декабрда эса Мурманск областида Кандалакша районидаги Княжая станцияси яқинида Мурманск — Санкт-Петербург йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган 11-сонли йўловчи поезди билан юк поезди тўқнашиб кетганди.

Мавзуга оид