Фан-техника | 00:31 / 05.01.2025
2484
2 дақиқада ўқилади

Microsoft маълумотларни қайта ишлар марказларини яратишга 80 млрд доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда

Microsoft президенти Брэд Смитнинг таъкидлашича, сунъий интеллект — бу жорий юз йилликнинг электр энергиясидир, келаётган тўрт йил эса АҚШнинг кейинги чорак асрдаги иқтисодий муваффақиятига пойдевор бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

Американинг Microsoft технологик компанияси 2025-молиявий йилда сунъий интеллект (СИ) базасида ишлайдиган маълумотларни қайта ишлаш марказларини яратишга қарийб 80 миллиард доллар инвестиция киритмоқчи.

Microsoft президенти Брэд Смитнинг маълум қилишича, сунъий интеллект — бу жорий юз йилликнинг электр энергиясидир, келаётган тўрт йил эса АҚШнинг кейинги чорак асрдаги иқтисодий муваффақиятига пойдевор бўлиши мумкин.

Смитнинг таъкидлашича, сунъий интеллект иқтисодиётнинг барча йўналишларида самарадорликни оширади ва инновацияни рағбатлантиради.

Microsoft президентига кўра, Қўшма Штатлар ушбу технология ўз устуворлигини икки баробар оширса ва халқаро даражада самарали ҳамкорлик қилса, унинг янги тўлқини бошида туришга тайёр. «Ҳозирда АҚШ сунъий интеллект бўйича глобал пойгада хусусий капитал ва Америка компанияларининг инновациялари ҳисобига етакчилик қилмоқда», — дейди у.

Смитнинг сўзларига кўра, 2025-молиявий йилда Microsoft СИ моделларини ўрганишга мўлжалланган сунъий интеллект базасидаги маълумотларни қайта ишлаш марказларини яратишга қарийб 80 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.

«Инвестицияларнинг ярмидан ортиғи АҚШ инфратузилмасига йўналтирилади», — дея қўшимча қилади у.

2024 йилнинг октябрида ChatGPT чатботини яратган OpenAI компанияси янги инвестиция раунди доирасида 6,6 миллиард доллар жалб қилганди. Ўганда компания қарийб 1 миллиард долларни Microsoft компаниясидан олган.

Мавзуга оид