Наманганда она-болани Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 10 минг доллар олган шахс ушланди
Ушбу шахс фуқароларга туризм йўналишида фаолият юритувчи МЧЖ орқали 2025 йилги Ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига фарз амалларини бажаришга юборишни ваъда қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жойларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Ҳаж ва Умра зиёратлари билан боғлиқ қонунбузилишларга чек қўйилди.
Жумладан, Наманган шаҳрида яшовчи 59 ёшли О.С. маҳаллий фуқаро ҳамда унинг онасини туризм йўналишида фаолият юритувчи МЧЖ орқали 2025 йилги Ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига фарз амалларини бажариш учун юбориш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқа ҳолатда эса Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси таъсисчиси Ғ.А. тегишли лицензияга эга бўлмаса-да, Сирдарё туманида яшовчи фуқаро ва унинг тўрт нафар қариндошини Умра зиёратига юбориш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 400 доллар ва 1,3 миллион сўм олган вақтида қўлга тушган.
Бундай ноқонуний ҳолатлар Сурхондарё вилоятида ҳам қайд этилган. Хусусан, Сариосиё туманидаги сайёҳлик фирмаси ишчиси Д.Р. ҳеч қандай ваколати бўлмаса-да, маҳаллий фуқарони Умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 1100 АҚШ доллари ва 200 минг сўм олган вақтида ушланган.
Денов шаҳридаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Ш.Қ. 50 ёшли фуқарони Умра сафарига юборишни ваъда қилиб, эвазига 1000 доллар ва 1 миллион 280 минг сўм олган вақтида қўлга олинган. Шунингдек, Денов туманида яшовчи 35 ёшли Х.Н. ўзганинг ишончига кириб, унга ўзи ишлаётган сайёҳлик йўналишидаги МЧЖ орқали Умрага бориш учун имтиёзли йўлланмаси борлигини айтиб, уни Саудия Арабистонига зиёратга юбориш эвазига 1200 АҚШ доллари ва 650 минг сўм олган вақтида ушланган
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ лицензия олмасдан одамларни Умрага юборган фирмаларга чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди. Хусусан, битта фирма БҲМнинг 200 баравари миқдорида жаримага тортилган. Яна иккитасига нисбатан тўпланган материаллар тегишли чора кўриш юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган.
Мавзуга оид
15:55 / 07.01.2025
Саудия Арабистонида ёмғирлар туфайли Макка ва Мадинани сув босди
13:49 / 05.01.2025
Лицензия олмасдан одамларни Умрага юборган фирмаларга чора кўрилди
15:34 / 03.01.2025
Эрон Саудия элчисини Эрон фуқаролари қатл этилгани муносабати билан ТИВга чақиртирди
22:25 / 02.01.2025