Тармоқларда янги фирибгарлар: фаоллашаётган тредингчилар, 2 кунга “права” ва Masdar ниқобидаги молиявий пирамида
2024 йилда ўн минглаб ўзбекистонликлар осон пул топиш тарғиб қилинган турли лойиҳаларга алданди: гоҳ эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатувчи, гоҳ яшилликни тарғиб қилувчи ниқобида одамлар орасига кириб борган молиявий пирамидачилар Ўзбекистонда миллионлаб доллар ишлади. Уларнинг тегирмонига эса ҳатто маҳалла раиси-ю, мактаб ва боғча директорлари ҳам сув қуйиб туришди. Одамларни чув тушириб, пулини ўмаришга қаратилган бу каби лойиҳалар 2025 йилни ҳам фаоллик билан бошламоқда.
2024 йил Ўзбекистонда молиявий пирамидалар йили бўлди десак хато эмас: йил одамларни powerbank ижарасига пул тикиш орқали катта даромад олишга ишонтирган “Parker” молиявий пирамидаси билан бошланган бўлса, видео кўриш орқали пул топишни тарғиб қилган HNK медиа компанияси билан якунига етди. Бу орада ўзбекистонликлар қуёш панелларига пул тикишга чақирилган “Sun Eco”, видео кўриш орқали пул ишлаш айтилган Whats ва Aif, табиат ғамхўри ниқобидаги “Blue culture”, совға улашувчи “Дари получай” каби молиявий пирамидаларга чув тушди. Ҳатто уларнинг “хизматларини” телеканал ва газеталар, маҳалла раиси, таълим муассасалари раҳбарлари ҳам фаол тарғиб қилишга киришди. Бунинг оқибатида эса минглаб ўзбекистонликлар ушбу лойиҳаларга пул тикиб, чув тушди.
Бу каби молиявий пирамидалар ва пул эвазига маълум бир ишни осон бажариб бериш ваъдасига асосланган турли фирибгарликлар ҳамон давом этмоқда.
Masdar’ни ниқоб қилганлар
Йил бошида қуёш панеллари билан боғлиқ “Sun Eco” номли молиявий пирамида пайдо бўлганди. Masdar лойиҳаси ҳам қуёш панеллари билан боғлиқ.
Masdar компанияси Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари қураётгани ортидан таниш номга айланган. Бу ном нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёга таниш. Молиявий пирамидачилар шу сабабли унинг номидан фойдаланган. Худди Whats’чилар WhatsApp номидан фойдалангани каби.
Masdar молиявий пирамидаси ҳам ҳар доимги “устун”га қурилган: маълум миқдорда пул тикасиз ва даромад оласиз. Даромад келтирувчи манба сифатида эса қуёш панеллари келтирилган.
Қайд этилишича, агар 220 минг сўм тикилса, кунига 9240 сўм, 180 кунга 1 млн 663 минг сўм даромад олинади. Кўпроқ пул тикилса, кунлик даромад ҳам ошиб боради. Шунингдек, бошқаларни таклиф қилиш эвазига ҳам бонус олиш мумкинлиги келтирилган. Бу ваъдалар одамларни чув тушириш учун ишлатилган “хўрак” холос.
Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси расмий сайтида бу каби лойиҳа ҳақида маълумот йўқ. Аслида буни аниқлаб кўриш қийин иш ҳам эмас. Бироқ бирданига мўмай даромад топишга ва алданишга мойил инсонлар ҳар доим чув тушиб келган.
Нўноқ овчи оқсоқ қуённи кўзлайди
Тредингларнинг 1 млн сўм пулни 2 соатда 19 млн сўм қилиб қайтариб бериш ҳақидаги ёлғонига ишонган ҳар қандай одамни “оқсоқ қуён” дейиш мумкин ва улар доим нўноқ “овчи”нинг ўлжасига айланган. Чунки озгина бўлса-да иқтисодий билимга эга ва атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор инсон бу сафсатага ишонмайди.
Ижтимоий тармоқларда инсонларнинг пулини бир неча соатда кўпайтириб беришни ваъда қилаётган тредингчилар фаоллашиб қолди. Уларнинг ёлғонига эса кўплаб инсонлар чув тушмоқда.
Масалан, Telegram’даги шундай каналлардан бирида (қарийб 31 минг обуначига эга) 1 млн сўм пулни 2 соатда 19 млн сўм қилиб кўпайтириб бериш ваъда қилинмоқда.
Ўзига “Комилжон Трединг” дея ном қўйиб олган канал админи тикиладиган пул маблағини Шохсан Додожобирова номидаги картага ташлашни сўрамоқда. Одамлардан ўмарилган ушбу маблағлар катта эҳтимол билан криптоактивлар ёки бошқа кўринишда чет давлатга чиқариб юборилади ва “изи” йўқотилади.
Telegram’да бу каби ўнлаб канал ва гуруҳлар бор ва улар фаол равишда одамларни алдашда давом этмоқда. Ҳатто айрим фуқаролар маълум бир ҳақ эвазига ёки алдов йўли билан (раҳмат айтиб видеолавҳа қилиб берсангиз пулингизни ташлаб бераман, дея алданган бўлиши мумкин) пулини қисқа вақтда кўпайтириб олганини ва бу ростлигини айтмоқда.
Аслида дунёнинг бирор бир давлатида бунақа иқтисодий самарадорлик йўқ. Бу шунчаки ёлғон ва одамларнинг пулини ўмариш холос.
“Права” керакми, муаммосиз”
Ижтимоий тармоқларда 1-2 кунда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш ҳақидаги алдовлар яна авж олмоқда. Бу турдаги фирибгарлик олдин ҳам кузатилган ва ушбу иш билан шуғулланган бир гуруҳ жиноятчилар қўлга олинганди.
Пул эвазига қисқа муддатда “права” олиб беришни айтаётганлар буни одамларнинг пулини ўмариш учун ўйлаб топган.
Схема қандай ишлайди: сизга пул эвазига 1-2 кунда ҳеч қандай имтиҳон ва бошқа ташвишларсиз ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш ваъда қилинади. “Пулни тўлайсиз, биз эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, сизга почта орқали жўнатиб юборамиз. Бизда ҳаммаси қонуний”, дейди “ишбилармон”.
Ушбу хизмат учун очилган гуруҳ ва каналларда мижозлар номига олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларининг сохта суратлари ва ҳужжатлар жойлаштириб борилади.
Ҳатто пул эвазига айримлар “Мана, 2 кунда “правам”ни олдим. Ҳаммаси рост экан. “ГАИ”га ҳам текширтирдим, сохта эмас”, дея гапириб беради. Буларни кўргач эса ушбу ёлғонга чув тушиб, пулидан айрилаётганлар учрамоқда.
“B” тоифа 4 млн сўм, “ВС” тоифа эса 4,8 млн сўм. Фирибгарлар ҳатто 2 млн сўмга автомактабда ўқиганлик тўғрисида гувоҳнома ҳамда агар маст ҳолатда машина бошқариб, ҳайдовчилик гувоҳномангиздан айрилган бўлсангиз, 5 млн сўмга униям ҳал қилиб беришни ваъда қилишади. Тўлов эса картага пул ўтказиш орқали амалга оширилади.
Бу ерда ёлғон оддий: мижоз ишониб пул ташлайди ва фирибгар уни блоклаб, ғойиб бўлади, тамом. Афсуски, бу фирибгарлик экани яққол кўриниб турган бўлса-да, унга алданаётганлар бор.
Kun.uz юртдошларимизни доим огоҳ бўлишга, ўз маблағларини шубҳали лойиҳаларга тикмасликка ва алданиб қолмасликка чақиради.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
15:30 / 26.11.2024
Masdar билан қуввати 1 ГВт бўлган Мингбулоқ ШЭСни қуриш бўйича шартнома имзоланди
11:54 / 13.11.2024
Masdar Ўзбекистонда яна бир шамол электр станцияси қуради
18:30 / 28.10.2024
Марказий Банк зарарли илова юбораётган фирибгарлар ҳақида огоҳлантирди
21:14 / 22.10.2024