Жаҳон | 14:50 / 06.01.2025
28405
9 дақиқада ўқилади

Украинанинг Курск областидаги «катта юриши». Бу ҳақда нималар маълум?

Украина қуролли кучлари Курск областида юриш амалиётини бошлади. Россиялик Z-блогерлар Суджадан шимолда украин зирҳли техникалари ҳаракатланаётгани тўғрисида хабар берган. Украин расмийлари ҳам ҳужумга ўтилганини тасдиқлаган.

Maksym Kishka/Global Images Ukraine

5 январ тонгида россиялик ҳарбий мухбирлар украин армиясининг Курск областидаги «катта юриши» ҳақида хабар тарқата бошлади.

Z-блогерлар нималар ёзишган?

Z-блогер Роман Алёхин Украина қуролли кучлари Суджадан шимолда, област марказига олиб борувчи трасса бўйида, Курск АЭСдан 35 км масофада жойлашган Болшое Солдатское посёлкаси томон ҳаракатлана бошлаганини хабар қилган.

«Рақибнинг юришида миналардан тозалаш траллари, танклар ва бошқа зирҳли техникалар ишга солинган. Рақиб ҳужум қилаётган ҳудуд радиоэлектрон кураш воситалари билан тиғиз қамралган, шу туфайли дронларнинг кўпчилиги фойдасиз. Рақиб бошқа йўналишларда ҳам ёриб ўтишга ҳаракат қилиши мумкин», — дея ёзган ҳарбий мухбир.

Кейинроқ у аллақачон Болшое Солдатское яқинидаги Бердин қишлоғи учун жанглар бошланганини хабар қилди. Россиялик айрим блогерлар маълумотига кўра, украин армияси ушбу аҳоли яшаш манзилини назоратига олган ва олдинга юришда давом этган. Буни инкор этувчилар ҳам бор.

Россиялик Z-блогерларга кўра, фотода Украина қуролли кучларининг 5 январ тонгида Курск областидаги Болшое Солдатское посёлкаси томон ҳаракатланаётган зирҳли техникалари колоннаси акс этган

Украина қуролли кучлари Суджа томондан Болшое Солдатское йўналишида ҳужумга ўтгани ҳақида WarGonzo телеграм-канали муаллифи Семён Пегов ҳам хабар қилган.

Бу маълумотни «Комсомолская правда» газетаси мухбири Александр Коц ҳам тасдиқлаган. У украин ҳарбийлари «Болшое Солдатское ва Суджа ҳудудида чиндан ҳам фаол қадамлар ташлаётгани»ни қайд этган: «Ғарбий қанотда Новоивановкага ва шарқда Бардин томонга ҳам босим қилинмоқда».

Шу билан бирга, Коц украин ҳарбийларининг асосий зарбаси «қайсидир бошқа жойда бўлиши мумкинлиги»ни истисно этмаган.

«Мен Суми областининг Шосткинск районидан бизнинг Рилск ва Хомутов районларимизга зарба берилишига тайёрланган бўлардим. Ёки у ердан Брянск области томонга», — дея прогноз қилади у.

Z-блогер Юрий Подоляк ҳам унинг фикрига қўшилади. Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги янги ҳужуми «эътиборни бошқа участкадан чалғитишга қаратилган амалиёт бўлиши мумкин». «Ҳозирча Украина қуролли кучлари томонидан асосий кучла жангга киргани йўқ», — дейди у.

Украина қўмондонлиги бир неча ойдан буён РФ қуролли кучларининг Запорижжя областидаги мудофаасини ёриб ўтиш режасини пишитмоқда ва заиф нуқталарни пайпаслаб кўрмоқда, дея қўшимча қилган Россия мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган Rybar телеграм-канали.

«Операция Z: военкоры русской весны» телеграм-канали украинлар тунда Бердин атрофини миналардан тозалагани ва кейин ўқотар қуроллар воситасида жанглар бошланганини ёзган. Россия жанговар авиацияни қўлламоқда.

Ҳарбий мавзуга ихтисослашган яна бир блогер Alex Parker ҳисоблашича, Украина қуролли кучлари юришининг нишони Курчатов шаҳри атрофидаги Курск АЭС ҳисобланади.

«Мақсад — Суджадан Курчатовгача юриб келиш ва АЭСни эгаллаш. Улар таниқли инсайдерлар огоҳлантирганидек, Болшое Солдатское орқали юриш қилишни режалаштирган», — дея ёзган у.

«Военный осведомител» телеграм-каналии украин армияси нафақат Болшое Солдатское йўналишида, балки Суджадан шимоли-шарқдаги Пушкарное қишлоғи томон ҳам юриш қилаётганини маълум қилган.

ISW Украина қурилли кучлари Курск областида уч ҳудудда олдинга силжиганини маълум қилди

Россиялик ҳарбийлар нима демоқда?

Россия мудофаа вазирлиги амалда Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юришини тасдиқлади.

5 январ куни Москва вақти билан соат 9:00 атрофида «Россия қўшинларининг Курск йўналишидаги юришини тўхтатиш мақсадида» украиналик ҳарбийлар «Бердин хутори йўналишида штурмчи гуруҳ юбориш орқали қарши ҳужумини амалга оширди...», дейилган Россия ҳарбий идораси баёнотида.

Қайд этилишича, украин армияси Бердин хутори йўналишидаги бу «қарши ҳужум»да гўёки икки танк, 12 та жанговар зирҳланган машиналар ва тўсиқларни олиб ташлаш техникаларидан фойдаланган.

Россия мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучларининг штурмчи гуруҳи мағлуб этилганини маълум қилган.

«„Север“ қўшинлар гуруҳи артиллерияси ва авиацияси Украина қуролли кучларининг штурмчи гуруҳини тор-мор келтирди. Иккита танк, тўсиқлардан тозалаш машинаси ва еттита жанговар зирҳланган машина йўқ қилинди. Украина қуролли кучлари тузилмаларини йўқ қилиш бўйича амалиёт давом эттирилмоқда», — дейилган РФ мудофаа вазирлиги баёнотида. 

Россия ҳарбий идораси якшанба куни давомида Курск областида украинларнинг учта учувчисиз учар қурилмаси уриб туширилганини маълум қилган. Шунингдек, ҳудудий оператив штабга кўра, якшанба куни регион устида Украина қуролли кучларининг учта ракетаси йўқ қилинган.

Курск АЭС раҳбарияти атом электр станцияси одатий режимда ишлашда давом этаётганини маълум қилган.

Украин ҳарбийлари нималар демоқда?

 

Курск области Суджа шаҳридаги украин ҳарбийси. Россияликлар қарши ҳужумдан кейинги 4 ой давомида ушбу шаҳарга 3-4 км масофада яқинлашиб келган

Украина бош штаби ўз юриш амалиёти тафсилотларини очиқламаяпти. Шу билан бирга, ҳар кунлик ҳисоботда 5 январ куни айнан Курск областидаги ҳарбий тўқнашувлар сони кескин ошгани айтилган. 4 январ куни бу ҳудудда 33 та жанговар тўқнашув рўй бериб ўтган бўлса, якшанба куни соат 16:00 ҳолатига келиб 42 та тўқнашув қайд этилган, шу билан бирга, бу вақтда 12 та нуқтада жанглар ҳали давом этаётганди.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко украинлар Курск областида «кутилмаганда» россияликларга ҳужум қилганини тасдиқлаган.

«Курскдаги россияликлар қаттиқ хавотирга тушган, чунки улар бир неча йўналишда ҳужумга учраган ва бу улар учун кутилмаган ҳол бўлди. Мудофаа кучлари ишламоқда», — дея ёзган у.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ам Курск областидаги воқеаларга муносабат билдирган.

«Курск, яхши хабарлар, Россия ўзи лойиқ бўлган нарсани олмоқда», — дея ёзган у телеграм-каналида тафсилотларни келтирмаган ҳолда.

Украина қуролли кучларининг Курск амалиёти

Украина армияси Курск областидаги юришини 6 август куни бошлаганди.

Ўшанда россияликлар мудофааси ёриб ўтилган ва Суджа шаҳри ҳамда атрофдаги ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари эгаллаб олинганди. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари юриши давомида 700 га яқин россиялик аскар асир олинганди.

Юриш ҳаракатлари сентябр ойига қадар давом этди. Ўша вақтда Украина кучлари Курск областининг 1,1 минг км кв ҳудудини назорат қилаётганди.

Сентябр ойи ўрталаридан Россия ушбу йўналишда қарши ҳужумга ўтди. Декабр бошида Кремл бу амалиётга КХДРдан келган 11-12 минг аскарни ҳам жалб этди.

2025 йил январига келиб россиялик ҳарбийлар Шимолий Корея кучлари билан биргаликда оккупация остидаги ҳудуднинг тахминан ярмини қайтариб олди. Янги йил бошидаги маълумотларга кўра, Украина назоратида Суджа шаҳри атрофида ва қўшни районларда жами 400 км кв ҳудуд қолган.

4 январ куни кечқурун президент Володимир Зеленский украин армияси Суджа чеккаларидан 3 км масофадаги Махновка қишлоғи атрофида россияликлар ва шимолий кореяликлардан иборат баталён тор-мор этилганини маълум қилди.

Аввалроқ украин ҳарбийлари BBC билан мулоқот чоғида қўмондонликдан Курск областидаги плацдармни камида 20 январгача, яъни АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп лавозимига киришгунига қадар ушлаб туриш ҳақида буйруқ бўлганини айтишганди.

Шунингдек, ҳарбий экспертлар ушбу санага қадар Украина қуролли кучлари йўналишлардан бирида яхши тайёргарликка эга захира кучлар билан юриш қилишга уриниб кўришини прогноз қилишганди.

Мавзуга оид