Иқтисодиёт | 12:13 / 06.01.2025
2211
2 дақиқада ўқилади

Янги йилнинг биринчи кунида Хитойнинг Сиан шаҳридан Тошкентга юк поезди жўнатилди

2025 йилдаги Хитой-Европа юк поездининг биринчи рейси 1 январ куни Сиан халқаро порти (Шэнси провинцияси) станциясидан Тошкентга жўнаб кетди.

Фото: "Дунё" АА

Хитойнинг "Синхуа" ахборот агентлиги маълумотларига кўра, бу Хитой-Европа йўналиши бўйича халқаро темирйўл юк ташишлари доирасида Сиан шаҳридан Тошкентга биринчи тезюрар поездининг ишга туширилишидир.

Маиший техника, тўқимачилик, кимё маҳсулотлари юкланган 50 та стандарт контейнерли поезд Хитой-Қозоғистон чегарасидаги "Хоргос" назорат-ўтказиш пункти орқали давлат чегарасини кесиб ўтиб, Ўзбекистон ҳудудига етиб боради.

"Хитой темирйўл корпорацияси ва бошқа темирйўл ва божхона идоралари билан ҳамкорлик туфайли Сиан шаҳридан Тошкентга юк поезди қатнови вақти 8-10 кундан 5-6 кунгача қисқарди", - таъкидлади Сиан шаҳри эркин савдо портини қуриш ва эксплуатация қилиш компанияси бош директори Юан Сяоцзюн агентликка берган интервюсида.

Сиан шаҳридаги "Чанба" халқаро порти маъмурияти маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ-ноябр ойларида Хитой-Европа юк поездлари орқали Сиан шаҳридан Марказий Осиё йўналишида жўнатилган стандарт контейнерлар сони 69 минг 655 тани ташкил этиб, йиллик ҳисобда 49,8 фоизга ошган.

2024 йил 27 декабрда Хитой–Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши бошланган эди. Маросим иштирокчиларига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табрик йўллади.

Мавзуга оид