Хитойнинг “мия-компютер” интерфейси фикрларни ўқишни ўрганди
Синовларда 21 ёшли бемор ушбу интерфейс ёрдамида фикр кучи билан стол тенниси ўйнади, ногиронлар аравачасини бошқарди.
Хитойнинг NeuroXess стартапи ўзининг “мия-компьютер” интерфейси (BCI) клиник синовларининг ҳайратланарли натижаларини эълон қилди. BCI — 256 каналли мослашувчан қурилма. У Шанҳайдаги Ҳуашан шифохонасида эпилепсия билан оғриган 21 ёшли бемор аёлга имплантация қилинди.
Олимлар қурилма ёрдамида беморнинг миясидан электрокортикограмма(ЭКоГ)ни ажратиб олишга ва уни нейрон тармоғи орқали реал вақт режимида расшифровка қилишга муваффақ бўлди. Бу жараён 60 миллисониядан камроқ вақт олди ва мия функцияларини аниқ хариталаш имконини берди.
Операциядан атиги 48 соат ўтгач, бемор стол тенниси ва “Илонча” ўйинини фақат фикр кучи билан ўйнай олди. NeuroXess операцион тизимидан икки ҳафта фойдалангандан кейин эса аёл WeChat ва Taobao каби иловалар билан ишлашни ўрганди, шунингдек “ақлли уй” тизимларини ва ногиронлар аравачасини бошқаришни бошлади.
Компаниянинг асосий вазифаларидан бири хитой тилининг ўзига хос хусусиятлари туфайли мураккаб бўлган хитойча нутқни шифрдан чиқариш эди. Синовлар давомида қурилма 142 та кенг тарқалган бўғинни 71 фоиз аниқликда ўқиди, бунда фикр пайдо бўлиши ва экранда натижа чиқиши орасидаги вақт 100 миллисонияддан кам бўлди.
Компания томонидан эълон қилинган видео беморнинг роботлаштирилган қўлларни қандай бошқараётгани, буюмларни қандай олаётгани ва рақамли аватар билан мулоқот қилаётганини кўрсатади. Масалан, “Танишганимдан хурсандман” деган фикр хитой иероглифлари кўринишида экранда акс этади.
NeuroXess Илон Маскнинг Neuralink номли стартапи билан рақобатлашиб, янги босқичга чиқишга интилмоқда. Компания асосчиси Тао Хунинг таъкидлашича, уларнинг технологияси мия тўқималарига чуқур кирмайдиган, хавфсизроқ ёндашувга асосланган, бу эса шикастланиш хавфини камайтиради.
BCI ҳаракат ва нутқ бузилишларига эга миллионлаб одамларнинг ҳаётини яхшилашни мақсад қилганини таъкидлайди. Яқин келажакда ушбу технология тиббиёт амалиётининг ажралмас қисмига айланиши мумкин, бу эса организм функцияларини тиклаш учун янги имкониятларни очиб беради.