Жаҳон | 13:08 / 06.01.2025
2505
3 дақиқада ўқилади

Екатеринбургда теракт иши бўйича ўсмирлар ҳибсга олинди

Екатеринбург суди уч ўсмирни 21 февралгача ҳибсга олди. Тергов маълумотларига кўра, улар полиция машинасига ўт қўйиб, жамоат жойида қўлбола бомбани портлатиш учун ҳозирлик кўришган.

Фото: Видеодан кадр

Екатеринбургнинг Ленин район суди 5 январ, якшанба куни шаҳарда теракт тайёрлашда айбланган уч ўсмирни 21 февралгача ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди. Ҳибсга олинганлардан бири 16 ёшда, қолган икки нафари 17 ёшда, деб ёзади «Интерфакс».

Қайд этилишича, икки нафар вояга етмаган ўсмир «бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган террорчилик ҳаракати»да айбланмоқда. Россия Тергов қўмитаси (ТҚ) маълумотларига кўра, ўсмирлар 2024 йил 22 декабрга ўтар кечаси полиция машинасини ёқиб юборишган.

Автотранспорт воситасига ўт қўйиш иши бўйича айбланувчилардан бири, шунингдек, учинчи ўсмир Россия Федерацияси Жиноят кодексининг «террористик ҳаракатга тайёргарлик кўриш» ва «портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва олиб юриш» моддалари бўйича айбланган. Терговнинг фикрича, ўсмирлар қўлбола портловчи мослама ва электр детонатор ясашган, айбланувчилардан бири Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари томонидан қўлга олинмагунча уни рюкзакда олиб юрган.

Иккала иш ҳам бир иш юритуви доирасида кўриб чиқилмоқда.

Ленинград областида мактаб ўқувчилари «нацизм реабилитациясида» гумонланмоқда

Ленинград областида, полиция маълумотларига кўра, 29 декабр куни Кингисеппдаги Абадий оловни қор билан ўчириб қўйган 4-5-синфларнинг уч нафар мактаб ўқувчиси қўлга олинди, деб хабар берди 1 январ куни "Фонтанка" нашри. Унга кўра, мактаб ўқувчилари маҳаллий маъмурият раҳбари ўринбосари мемориал боғдаги ўчирилган олов юзасидан полицияга шикоят қилганидан кейин қўлга олинган. Ёдгорлик 1919 йилда фуқаролар уруши пайтида отиб ташланган қизил армия аскарларига бағишланган. Бундан ташқари, паркда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарлар ва офицерлар, шунингдек, концлагер маҳкумларига ёдгорликлар мавжуд.

Тергов қўмитасининг Кингисепп райони бўйича бошқармаси «бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, нацизмни реабилитация қилиш» бўйича жиноий иш қўзғатди, бу беш йилгача қамоқ ёки 5 миллион рублгача жарима билан жазоланади.

Қўлга олинган ўсмирларнинг икки нафари 10 ёшда, учинчиси 11 ёшда. Россияда жиноий жавобгарлик 16 ёшдан бошланади, шунинг учун мактаб ўқувчилари жиноий иш фигуранти бўлолмайди. "Фонтанка" хабарига кўра, улар полиция бўлимида сўроқ қилинганидан кейин ота-оналарига топширилган. Яқин кунларда улар вояга етмаганлар ишлари бўйича инспектор билан учрашув ўтказишади.

Мавзуга оид