Иқтисодиёт | 18:04 / 07.01.2025
2965
4 дақиқада ўқилади

Пойтахт бюджети тасдиқланди – асосий кўрсаткичлар

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2025 йилдаги даромадлари 9,4 трлн сўм сўм бўлиши кутиляпти. Асосий даромад манбаи – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 1,8 трлн сўм. Жами харажатларнинг қарийб учдан икки қисми 3 та йўналишга кетади: иссиқлик таъминоти субсидияларига – 2,71 трлн, тиббий суғуртага – 2,25 трлн ва жамоат транспорти учун субсидияларга – 1,2 трлн сўм.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши 2024 йил 26 декабр кунги қарори билан пойтахтнинг 2025 йилги бюджетини тасдиқлади.

Бу сафар ҳам бюджет қабул қилинишидан олдин унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмади.

Расмийлар Тошкент шаҳри ялпи ҳудудий маҳсулоти 2025 йилда 8 фоиз, 2026 йилда 7,5 фоиз, 2027 йилда 7,2 фоиз ўсишини прогноз қилмоқда. Хусусан, бу кўрсаткич жорий йилда 302,3 трлн сўм бўлиши кутиляпти.

Даромадлар

Туманларни ҳисобга олмаганда пойтахт бюджетининг даромадлари 9 трлн 434 млрд сўм миқдорида прогноз қилинган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 47 фоизга (6,4 трлн сўм), 2024 йилга нисбатан 14 фоизга (8,07 трлн сўм) кўп. Тартибга солувчи трансфертлар ва туманлар бюджети билан ҳисоблаганда жами даромадлар 11,4 трлн сўмни ташкил этиши керак.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи Тошкент шаҳри бюджети даромадларининг энг катта қисмини ташкил қилади – 1,8 трлн сўм (ўтган йилга нисбатан ўсиш – 18,2 фоиз).

Кейинги ўринлардаги йирик даромад манбалари юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи (1,59 трлн сўм, ўсиш – 27,6 фоиз) ва фойда солиғи (1,07 трлн сўм, ўсиш –34,4) ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи – 977 млрд сўм (ўсиш – 37 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ – 913 млрд сўм (ўсиш – 28 фоиз), акциз солиғи – 730 млрд сўм (ўсиш – 42 фоиз), давлат божи – 682 млрд сўм (ўсиш – 12,5 фоиз), йиғимлар – 460 млрд сўм (камайиш – 6 фоиз), давлат улуши бўйича дивидендлар ва давлат

корхоналари фойдасидан ажратмалар – 341 млрд сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, 2025 йилда жами 821 млрд сўм жарималар тўпланиши мўлжал қилинган. Бу ўтган йилдаги прозгнозлардан 33 фоизга кўп.

Харажатлар

Тошкент шаҳар бюджетининг 2025 йилдаги жами харажатларининг чекланган миқдори 9 трлн 697 млрд сўмни ташкил этиши режа қилинган.

Умумий харажатларнинг сезиларли қисми иссиқлик таъминоти хизмати учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплашга йўналтирилади – 2,71 трлн сўм. Бу 2024 йилда белгиланган прогноздан (1,97 трлн сўм) 37,5 фоизга, 2023 йил прогнозларидан (1,6 трлн сўм) қарийб 70 фоизга кўп.

Жорий йилда жамоат транспортининг брутто шартномаси асосида кўрсатиладиган хизматлар учун субсидиялар бўйича 1,2 трлн сўм, метрополитенда аҳолига чекланган тарифларда хизмат кўрсатиш натижасида кўриладиган зарарни қоплашга 683 млрд сўм (2024 йилда – 576 млрд сўм) ажратилади.

2025 йилда пойтахт бюджетидан кредит ва қарзларни қайтаришга жами 911,9 млрд сўм харажат қилинади. Бу ўтган йилдагидан қарийб 2 баробарга (2024 йилда бу миқдор 480,4 млрд сўм бўлган) кўп.

Ўз навбатида, тиббий суғурта жамғармасига – 2,25 трлн сўм, ободонлаштириш бошқармасига – 635 млрд сўм, соғлиқни сақлаш бошқармасига – 215 млрд сўм, солиқ бошқармасига – 184 млрд сўм йўналтирилиши кутилмоқда. Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги лифтларни таъмирлаш ва янгилашга – 165 млрд сўм сарфланади.

Туманлар кесимида энг катта даромадлар ва харажатлар прогнози Мирзо Улуғбек туманига тўғри келмоқда – 166 млрд сўм. Энг ками Бектемир туманида – 76 млрд сўм. 

Мавзуга оид