Жаҳон | 18:47 / 08.01.2025
1492
2 дақиқада ўқилади

Трамп меҳмонхонаси ёнида Cybertruck’ни портлатган шахс жиноятга тайёргарлик кўришда ChatGPT’дан фойдаланган

Лас-Вегас полициясига кўра, гумонланувчи ChatGPT сунъий интеллектидан фойдаланганини исботловчи далиллар бор. Ўз навбатида OpenAI компанияси сунъий интеллект очиқ интернетдаги маълумотларни тақдим этганини билдирди.

Фото: Reuters

Лас-Вегасдаги Trump International меҳмонхонаси ёнида 1 январ куни портлаб кетган Tesla Cybertruck ҳайдовчиси ўзи жиноятини амалга оширишда ChatGPT сунъий интеллектидан фойдаланган. Бу ҳақда шаҳар полициясига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.

«Бизда гумонланувчи ўз ҳужумини режалаштиришда ChatGPT сунъий интеллектидан фойдалангани бўйича аниқ далиллар бор. Бу ChatGPT инсонга аниқ бир қурилмани яратишда ёрдам берган АҚШ ҳудудидаги менга маълум биринчи ҳолатдир», — дейди Лас-Вегас полицияси шерифи Кевин Макмахилл.

Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи ChatGPT ёрдамида, шунингдек, портлаш учун қанча миқдорда портловчи модда талаб этилишини аниқлашга уринган.

ChatGPT’ни яратган OpenAI компанияси полиция баёнотига жавоб қайтариб, «сунъий интеллект инструментларидан масъулият билан фойдаланишга ҳаракат қилаётгани» ва унинг «моделлари зарарли қўлланма беришни рад этадиган тарзда яратилганини» билдирди.

«Мазкур ҳолатда ChatGPT очиқ интернетда мавжуд маълумотларни тақдим этган ва зарарли ҳамда ноқонуний ҳаракатдан огоҳлантирган», — дейилади компания хабарида.

1 январ куни Лас-Вегасда АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампга тегишли Trump International Hotel меҳмонхонаси олдида Tesla Cybertruck электр пикапи портлаб кетди. Салондаги одам ҳалок бўлди, воқеа жойида бўлган яна етти киши енгил тан жароҳати олди. Портлаш маҳаллий вақт билан 08:40 лар атрофида содир бўлган.

Мавзуга оид