Энергетика вазирлигида электр қувватлантириш станциялари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди
Энергетика вазирлигида электр қувватлаш станциялари раҳбарлари билан йиғилиш бўлиб ўтди. Вазирлик станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаганини яна бир бор рад этиб, тадбиркорларни қонуний талабларга риоя қилишга чақирди.
Энергетика вазирлигида электромобилларни қувватлантириш станцияларида юзага келаётган муаммоли масалалар бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов бошчилигидаги учрашувда Тошкентда фаолият юритаётган “Tok Bor”, “Megawatt Energy”, “GreenTE”, “Q.Watt”, “TezTok”, “Mustang Energy”, “Voltauto”, “EBB Charging” hamda “Spectre Energy” компаниялари раҳбарлари иштирок этган. Бундан ташқари, унда Бош прокуратура, “Ўзэнергоинспекция”, Кадастр агентлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Яшил энергия” ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳам қатнашган.
Анжуманда пойтахтда электромобилларни қувватлантириш станциялари электр таъминотидан ўчириб қўйилаётгани билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилинган. Субистеъмолчи сифатида аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган компаниялар ўзлари дуч келган муаммолар ҳақида гапириб берган бўлса, мутасаддилар бу борада изоҳ беришган.
Энергетика вазирлиги қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаганини ҳамда экологиямизни асрашга катта ҳисса қўшадиган электромобилларни Ўзбекистонда оммалаштириш тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади. Шу билан бирга, тадбиркорлардан қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритишлари сўралган
Электромобил станцияларининг токдан узилиши
Тошкент шаҳрида электромобил станциялари оммавий равишда электр тармоғидан узилгани ҳақида Kun.uz 17 декабр куни хабар берган эди. Тадбиркорларга кўра, қуйи бўғиндаги масъуллар ҳолатни “тепадан шундай буйруқ бўлди” дея изоҳлаган.
Шундан кейин Энергетика вазирлиги қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаганини маълум қилди, “Ҳудудий электр тармоқлари” эса гўёки фақат қарзи бор истеъмолчилар тармоқдан узилаётганини билдирди.
Бир неча кун ўтиб Kun.uz қайта боғланган тадбиркорлар ҲЭТнинг изоҳини рад этиб, электр энергиясидан қарзлари йўқлиги, улар ҲЭТК билан эмас, трансформаторга эгалик қилувчи савдо маркази ёки меҳмонхона кабилар билан шартнома асосида, субабонент сифатида электрдан фойдаланиши, масъуллар эса бирламчи абонентни эмас, фақат станцияларни электрдан узиб кетганини айтишди.
Шунингдек, Кадастр агентлиги бир қатор меъёрий ҳужжатларга асосланиб, станцияларни демонтаж қилиш талабини қўйгани ойдинлашди. Агентлик акс ҳолда ер участкасини ноқонуний эгаллаганлик айблови билан иш очилишини билдирган. Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, мавжуд вазиятни қонуний йўл билан қандай ҳал қилиш мумкинлигини сўрашганида, уларга станцияларни бузиб ташлашдан бошқа чоралари йўқлигини айтган.
Мавзуга оид
21:24 / 08.01.2025
Sony ўзининг биринчи электромобилини тақдим этди. Нархлари ва хусусиятлари
11:39 / 08.01.2025
Швецияда Tesla’га қарши иш ташлаш сабаб 100 дан ортиқ зарядлаш станцияси электр энергиясидан узиб қўйилди
21:47 / 02.01.2025
Энергетика вазири ўринбосари электромобил станцияларининг тармоқдан узилганига изоҳ берди
13:53 / 25.12.2024