Жаҳон | 17:27 / 09.01.2025
2805
11 дақиқада ўқилади

Империалист Трамп: у ҳам худди Путиндек қўшниларнинг ерларига кўз олайтирмоқда

Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимида иш бошлашига саноқли кунлар қолганида матбуот анжумани ўтказиб, Канада ва Гренландияни Америкага қўшиб олиш, Украина ва Яқин Шарқдаги урушларни тугатиш каби масалаларда янги баёнотлар берди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Трампнинг сўнгги вақтлардаги шу каби риторикаларига муносабат билдирди.

Урушни олти ой ичида тўхтатишга умид билдирган Трампнинг аниқ стратегик режалари борми?

— Айни пайтда Трамп ва унинг жамоасида аниқ стратегия йўқ. Чунки стратегия ишлаб чиқиш учун кенг қамровли информацион ресурслар керак. Трамп ва унинг жамоаси эса бундай маълумотларни олиш ваколатига эга эмас. Ҳозирча уларда урушдаги томонларга босим қилинса, улар вазият ёмонлашишидан қўрққан ҳолда урушни тўхтатиши мумкин, деган қараш мавжуд. Бироқ амалда Россия урушни ҳозир тўхтатишдан манфаатдор эмас, чунки у Украинани НАТОга аъзо бўлиш имкониятидан буткул маҳрум қилмоқчи.

Шунингдек, Украина ҳам урушни тўхтатишдан манфаатдор эмас, аниқроғи у уруш тўхтатилишига ишонмайди, яъни Россия Трампнинг 4 йиллик ваколат муддатида келишув асосида урушни музлатиши, бу вақт давомида яна урушга тайёрланиши, кейинчалик эса яна Украинага бостириб кириши мумкин. Чунки Россия Қримни тортиб олганидан кейин Украинага ҳеч қачон бостириб кирмаслиги ҳақида жиддий баёнотлар берган, ҳатто Сергей Лавров ҳам эҳтимол Путиннинг режасидан бехабар ҳолда Украинага ҳужум қилмаслик тўғрисида жиддий чиқишлар қилган.

Зеленский ўзининг баёнотларида урушни тўхтатишдан манфаатдор эканини айтмоқда, яъни Трампнинг риторикасига тушиб олди. Россия эса музокаралар учун Зеленский қайта президентлик сайловида яна ғалаба қозониши кераклигини айтяпти, йўқса, АҚШнинг ўзи билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишни сўраяпти, Украина эса бунга қарши.

Трампнинг айни пайтдаги баёнотларини Путинга ён босиш сифатида баҳолаш мумкин, чунки у НАТОнинг кенгайиши нотўғри бўлганини айтяпти ва Путинга нисбатан эҳтиёткорона ҳаракат қиляпти. Трампнинг атрофидагилар Путиннинг асосий мақсадини жуда яхши тушуниб турибди, яъни Россия айни пайтда урушни тўхтатмоқчи эмас, у Курскни қайтариб олиши ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлмаслигини таъминлаши керак. Трамп Украинанинг НАТОга қўшилмаслигини айтса ҳам, Путин Трампга ишонмайди.

Бу ерда ҳар томонлама ишончсизлик бор, масалан, Украина ва Россия ҳам, Россия ва НАТО ҳам бир-бирларига умуман ишонмайди. Бундан ташқари, Путин ўзи ҳокимиятни тарк этган тақдирда, янги президент эгалланган ҳудудларни Украинага қайтариб беролмаслиги учум Қрим, ДХР, ЛХР, Запорижжя ва Херсон вилоятларини конституцияга Россия ҳудудлари сифатида киритган. Чунки конституцияда белгиланган ҳудудни ўз таркибидан чиқариб бошқа давлатга бериш процедураси мавжуд эмас. Эндиликда юқорида саналган ҳудудлар Россия конституцияси бўйича унга тегишли, аммо уларнинг бир қисми Украина назоратида.

Агар Зеленский Россия эгаллаган ҳудудларнинг Россияда қолишига кўнган тақдирда ҳам, 10-20 йил ичида Украинанинг қолган ҳудудлари барибир НАТОга аъзо бўлади, Путин уларни бундан абадий маҳрум қилмоқчи, Украина эса бунга рози эмас.

Агар ҲАМАС гаровга олинганларни озод қилмаса, Трампнинг Яқин Шарқни жаҳаннамга айлантираман, деган баёноти нимага асосланган? Бу масаладаги Америка сиёсати қандай бўлади?

— Дунё Трампнинг баёнотларига мослашяпти, яъни у аввал ҳам 4 йил давомида президент бўлгани учун уни кўпчилик яхши билади. У қарши томонларга қўрқинчли баёнот беради ва баёнотларида айтганларини амалга оширишга уриниб кўради, бироқ у тизимли сиёсатчи бўлмагани учун ҳам айтганларини охиригача олиб бормайди. Масалан, Шимолий Корея ёки Хитой борасида берган баёнотларида айтилган режаларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошмаган.

Ғазо масаласига келсак, Исроилнинг ўзи Ғазони аллақачон тўлалигича вайрон қилиб бўлди, энди Трамп Исроилдан ортиқ бирор иш қилолмайди. Исроил Ғазони яшашга яроқсиз ҳудудга айлантириб бўлди. Халқаро жиноят судининг баёнотларига кўра, у ерда геноцид амалга оширилган.

Трампнинг аввалги ваколат муддатида у билан келишган ҳолда халқаро жиноятлар амалга оширилган, масалан, Жўлан тепаликлари фақатгина АҚШ томонидан Исроил ҳудуди сифатида тан олинган ва бошқа давлатлар ҳали буни тан олмаган, бундай ҳолатлар навбатдаги ваколат муддатида ҳам кузатилади, албатта.

Канада АҚШнинг 51-штатига айлантирилишига оид иқтисодий воситалар қандай кўринишга эга бўлиши мумкин?

— Трампнинг атрофида “кабутарлар” (тинчлик ва муроса тарафдорлари) ва “лочинлар” (давлатнинг қудратини куч ишлатиш билан намойиш қилиш тарафдорлари) бор. Улар Трампнинг ҳокимиятга келганидан фойдаланиб, ўз лойиҳаларини амалга оширмоқчи ва уларнинг асосий лойиҳаларидан бири – бу Канада.

Деярли бутун дунё давлатлари миграция ошиб кетганидан шикоят қилади ва фақатгина Канада туғилиш яхши бўлишига қарамай, одам етишмай қолгани ҳақида баёнот беради. Чунки бу давлат дунёда ҳудуди катталиги бўйича Россиядан кейинги иккинчи давлат. Канада ҳарбий томонлама жуда босиқ давлат ва халқаро муносабатларга ҳам жуда кам аралашади. АҚШ билан солиштирганда, Канаданинг аҳолиси 10 марта камроқ.

Бунга ўхшаш таҳдид фақат унга эмас, балки Мексикага ҳам қилиняпти, чунки Трамп Шимолий Америкадаги айрим ҳудудларни АҚШга қўшиб олишни орзу қиляпти. Ҳозирда бу қитъа давлатлари ўртасида ўзаро яхши иқтисодий, божсиз муносабатлар мавжуд. Трамп эса шу божларни ошириш билан босим ўтказмоқчи, бу бир муддат иш бериши ҳам мумкин, лекин Канада билан яхши қўшничилик муносабати тарафдорлари бўлган республикачилар жуда кўп ва унинг мазкур қарорларига вето қўйилиши ҳам мумкин.

Канада Трампнинг баёнотларини жиддий қабул қилгани йўқ. Чунки лидерлар унинг психологиясини жуда яхши ўрганишган. Трампнинг атрофидаги “лочинлар” узоқ муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқмоқчи, чунки келажакда глобал рақобат кучайиши аниқ ва улар бу рақобатда АҚШ аҳоли ва ҳудуд жиҳатидан жуда катта фигурага айланиши керак деган фикрда.

Гренландия миллий хавфсизлик учун зарур деб ҳисобланишининг сабаблари нимада, нега Трамп Гренландияга бунчалик интиляпти?

— Гренландия масаласи Канадага қараганда кўпроқ кўтариляпти. Гренландия расмий равишда Даниянинг таркибига киради. Дания – Американинг яқин иттифоқчиларидан. Гренландия асосан музлик билан қопланган. Лекин дунёда иқлим ўзгараётгани сабаб музликлар эриб, Гренландиянинг асосий ҳудуди секин-аста очилиб бормоқда, яъни асрнинг иккинчи ярмига бориб, Гренландия анчагина унумли фойдаланилса бўладиган ҳудудга айланиши мумкин. Ҳудуд аҳолиси 50 минг кишини ташкил қилади, бироқ шу кам сонли аҳолида Данияга нисбатан сепаратизм кучли. 20-асрнинг иккинчи ярмида Дания оилани режалаштириш баҳонасида туғилишни камайтиришга қарор қилган ва натижада маҳаллий одамлар норози бўлишни бошлаган. Ҳозирги кунда ҳам Гренландиянинг маҳаллий аҳолиси Даниядан мустақил бўлишни орзу қилади.

Трамп Гренландияни АҚШга қўшиб олиш масаласини кўтарган биринчи одам эмас. 1867 йилда Американинг ўша даврдаги давлат котиби, ташқи ишлар вазири Эдвард Сиворт Гренландияни сотиб олишни таклиф қилган, аммо ҳеч ким бунга қизиқмаган. Лекин дунёдаги энг катта уруш, Иккинчи жаҳон урушида Гренландиянинг ўрни жуда ошиб кетган. Чунки бир томондан Германия, иккинчи томондан Совет Иттифоқи бўлган ва шу вазиятда бу орол Америка учун жуда муҳим стратегик рол ўйнаган. Уруш тугагач, 1946 йилда АҚШ Данияга Гренландияни 100 млн долларга сотишни таклиф қилган, бироқ Дания таклифга узил-кесил рад жавобини берган.

1949 йилда НАТО ташкил топгач, Дания бу ташкилотга аъзо бўлди ва АҚШ ҳарбий базалари Гренландияга жойлашди, натижада у ерни сотиб олиш эҳтиёжи йўқолди. Бироқ Хитой ҳам катта маблағ эвазига оролни сотиб олмоқчи бўлаётгани ва россияликлар ҳам Гренландия элитаси билан алоқа ўрнатишга уринаётгани сабабли Америка безовталанмоқда.

Шунингдек, бу оролдан қазилма бойликлар ҳам чиқмоқда: у ерда уран ва литий каби моддалар бор, бу эса АҚШнинг оролга бўлган қизиқишини оширяпти. Ҳозирда АҚШ Гренландияга ўзига қўшилишни ва аҳолисига Америка паспортини таклиф қиляпти, бунда Америка орол аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашни, бошқарувни эса ўзларида қолдиришни ваъда қиляпти.

АҚШнинг бундай лойиҳаларини Океания, Фижи, Папуа ёки Янги Гвинея ороллари каби кичик давлатларга ёндашув мисолида кўришимиз мумкин. Гренландия элитаси эса мустақил давлат тарафдори, яъни ўз манфаатларидан келиб чиқиб, исталган давлат билан алоқаларни ўрнатишни хоҳламоқда. Америка эса ўз навбатида иқтисодий ёки ҳарбий босим қилиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Шунингдек, америкаликлар Гренландия пойтахтининг Даниядан кўра айнан Ню-Йоркка яқинроқ эканини ҳам аргумент сифатида келтиришмоқда.

Гренландия сабаб Дания билан кескинлик НАТОда ички зиддиятларни кучайтириши мумкинми?

— Доналд Трампнинг биринчи 4 йиллигида унинг асосий зиддиятлари НАТО билан бўлди. Бунга Ангела Меркел билан муносабатларни мисол тариқасида келтириш мумкин, у Меркел билан доимий зиддиятда бўлган, ҳатто қўл сиқишмаган. Бу – НАТО Трамп учун асосий қадрият эмаслигини англатади. Шу сабабли Дания билан зиддиятлар уни қўрқитмайди.

Ҳозирда Дания Гренландия хавфсизлигини таъминлаш учун НАТОга бюджетдан кўпроқ маблағ ажратиши ҳақида баёнот бермоқда. АҚШ босимни оширган ҳолда, барибир Гренландияни ўзига қўшиб олишга ҳаракат қилади, бунга АҚШ парламенти ҳам катта қаршилик қилмаслиги мумкин, чунки давлат ҳудудини кенгайтириш миллий манфаатларга мос келади. Орол аҳолисида сепаратизм кайфияти кучайишда давом этса, Дания Америкага узоқ қаршилик кўрсата олмаслиги ҳам мумкин, чунки халқнинг фикри ҳисобга олинади.

Масалан, Бирлашган Қиролликни оладиган бўлсак, Брекситдан олдин Шотландия Бирлашган Қиролликдан чиқиш бўйича референдум ўтказилганида озгина овоз етмай қолган эди, аммо ҳозир бу масала яна кун тартибига кўтарилган. Айнан Гренландия аҳолиси ўзларига нисбатан қўлланган демографик қисқартириш сиёсатини қўллаган Дания элитасига қарши кайфиятда бўлишни давом эттирса, кун келиб улар барибир ажралиб чиқади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

 

Мавзуга оид