Жаҳон | 22:49 / 09.01.2025
7984
6 дақиқада ўқилади

Трамп бутун материкни эгалламоқчи: ҳамма ҳайратда

АҚШ президенти Доналд Трамп олди-орқасига қарамай қўшниларининг ерларини қўшиб олиш ҳақида гапиряпти. Ҳозир Трамп бирданига 4 та давлатга – Канада, Мексика, Дания ва Панамага очиқчасига таҳдид қилмоқда. Трампнинг энг яқин иттифоқчисига айланган Илон Маск эса кеча Канада собиқ бош вазири Жастин Трюдони губернатор ва қизалоқ деб атаган бўлса, бугун бойвачча Британия бош вазири Кир Стармерни кетказишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу ишларни кўраётган Европа шарқидаги бир сиёсатчи ҳайратдан ёқа ушлаётган бўлса керак. Ахир ўша одам уч йилдан бери қўшнисининг иккита вилоятини ололмай ҳалак, бу «зўравон англосакслар» эса майда-чуйда қилмай бутун қитъани эгаллаб олмоқчи.

Сиёсат бу – илм, популизм эмас

Трамп Гренландияни Даниядан сотиб олмоқчи. Канадани эса шунчаки АҚШнинг 51-штати деб эълон қилишни истайди. Етмаганига Мексикани ҳам АҚШ таркибига қўшиб олишга қарши эмас. Балки Трамп АҚШни дунёдаги энг катта давлатга айлантирмоқчидир. Чунки Канада ҳам қўшиб олинса, АҚШ ҳудуди чиндан Россияникидан каттароқ бўлади.

Ўзини дунё демократияси қўрғони деб кўрсатадиган Америкадай давлатнинг бўлажак президенти, унинг иттифоқчиси бўлган дунёдаги энг бой одамнинг бундай босқинчиларга хос гапларидан баъзи хулосаларга келиш мумкин. Энг асосий хулоса шуки, сиёсат бу – бутун бошли илм. Сиз бизнесда ҳар қанча зўр бўлманг, қанчалик кўп пул топманг, фундаментал билимингиз бўлмаса, бир думалаб сиёсатчига айлана олмайсиз.

Ахир сиёсат билан шуғулланиш миллионлаб одамлар ҳаётига таъсир қиладиган, жуда кичик деталларгача ҳисоблаб чиқилган ислоҳотларни амалга ошириш дегани. Бу жараёнда сиз машҳурликка эришишингиз қийин, чунки бунга вақт бўлмайди. Популистик эса жуда осон машғулот. Ҳамманинг олдига чиқасиз-да, «Мен фалон давлатни қўшиб оламан», дейсиз, кейин ҳамма сизнинг шу гапингиз ҳақида гапира бошлайди. Қарабсизки, барча газета саҳифаларида сизнинг суратингиз. Сиздай радикал фикрлайдиганлар кўплиги ҳисобга олинса, популизм орқасидан машҳурликка эришиш тайин.

Трамп учун ҳам Америка ичида шуғулланадиган ишлар жуда кўп, республикачи бу ҳақда сайлов кампанияси вақтида ҳам ваъдалар берган. Лекин Трамп афтидан яна популистликка зўр бергиси келган кўринади. Президентлик муддати бошланиши олдидан бундай баёнотлар бериши эса яхшиликка эмас.

Таҳдидчи-иттифоқчи

Трампнинг империалист қарашлари бир томон, Илон Маскнинг ўзини тутиши бир томон. Трамп иккинчи муддатга сайланганидан кейин унинг мулкида яшаб келаётган Илон Маск охирги вақтларда ўзини дунё аҳолиси ҳаётини яхшилай оладиган кўзи тўқ бойлардай эмас, эртаклардаги очкўз бойлардай тутмоқда.

Хабарингиз бор, Жастин Трюдо Канада бош вазири лавозимидан кетди. Бунга қайсидир маънода унинг Трамп билан муносабати ҳам сабаб бўлган, катта эҳтимол. Трамп бир неча ойдан буён Канадани АҚШга қўшиб олиш ҳақида гапириб, Жастин Трюдони губернатор деб атайди. Бу нарсанинг номини одамнинг устидан кулиш дейишади. Бировнинг устидан кулиш – пасткашлик. Айниқса кучли томон кучсиз томоннинг устидан кулиши.

Ана шу Жастин Трюдо Трампнинг Канадани қўшиб олиш ҳақида гапларига муносабат билдириб, бу иш ҳеч қачон содир бўлмайди деб ёзди. Илон Маск эса ўз халқининг манфаатини ҳимоя қилган Трюдога мана бундай твит ёзди: «Қизалоқ, сен ортиқ губернатор эмассан. Шу учун гапинг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас». Кап-катта одамнинг гапини қаранг.

Шу ўринда Жастин Трюдо ҳақида икки оғиз. Албатта, унинг бошқарувидаги охирги йилларда Канадада иқтисодий қийинчиликлар юзага келди, унинг истеъфоси деярли аниқ эди. Бундан ташқари, 2013 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Трюдода Трампнинг таҳдидларига туриб бериш учун қатъият етишмаётгандек эди. Лекин Трдюдо Канадани дунёдаги энг тартибли, иқтисодий мустаҳкам давлатлардан бирига айлантиришда катта ҳисса қўшгани ҳам бор гап. Ишонинг, Канада Америкадан ободроқ, тинчроқ ва аҳоли яшаш тарзи бўйича яхшироқ давлат. Фаровонлик борасида Канададаги ҳаёт тарзи Европадагига ўхшайди, у ерда Америкадаги каби криминал кўча ҳаётига дуч келмайсиз.

Энг муҳими, Трюдо ҳеч қачон Америка манзилига ёмон гапирмаган, унинг устидан кулишлари учун бирор қўполлик ҳам қилмаган. У жуда оддий ҳаёт тарзида яшади. Ҳатто хотини коронавирус бўлиб болаларига энагалик қилаётган ҳолатида улар билан бирга халқаро йиғилишларда видео орқали қатнашганди. Яқинда Трюдо Канаданинг бир ҳудудига чанғи учгани борганида маҳаллий аёл жаноб бош вазир бу ердан даф бўлинг, деб айтди. Трюдо эса раҳмат, мем, кунингиз яхши ўтсин, деб унга раҳмат айтиб кетди. Илон Маск мана шу сиёсатчини қизалоқ деб масхара қиляпти. Соғлом фикрловчилар бу ерда ким мағлуб эканини осонгина билиб олади.

Дарвоқе, бу ҳали ҳаммаси эмас. Мошинфуруш Маскка Британия бош вазири Кир Стармер ҳам ёқмаётган экан. У иттифоқчилари билан суҳбат чоғида Британия бош вазирини алмаштириш масаласини муҳокама қилиб, бу учун бошқа партияларни қўллаш фикрини илгари сурган. Ҳатто твиттерда Британияга қарши кампания бошлаб АҚШ қиролликни қутқариб қолиши керакми деган масалани кўндаланг қўйган. Олдинроқ эса Германия ички сиёсатига аралашиб юрганди.

Хулоса шуки, ҳукумат раҳбарларининг бойлар, зодагонлар билан ош-қатиқ бўлиши ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Трамп – Маск иттифоқи янги даврни жуда ёмон бошлаяпти. Охири бахайр бўлсин.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид