Жаҳон | 10:37
5202
3 дақиқада ўқилади

Запорижжя ўққа тутилиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди

Украина расмийларига кўра, Россиянинг Запорижжя бўйлаб зарбаси оқибатида 13 киши ҳалок бўлиб, камида 63 киши яраланган. Расмийлар чоршанба куни кундузи шаҳар узра иккита бошқарилувчи авиация бомбаси ташланганини маълум қилди. Россия зарба юзасидан изоҳ бермаган.

Фото: Telegram / ivan_fedorov_zp

Запорижжя шаҳрига 8 январ куни, маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан ўтганда ҳужум қилинган. Тарқалган видеоларга кўра, зарба пиёдалар ва транспорт гавжум бўладиган кўчага берилган.

Осколкалар трамвайга ва ичида йўловчилар бўлган маршрутдаги таксига тушган. Бундан ташқари, атрофда қўйилган автомобиллар шикастланган.

Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг маълумотига кўра, Россия авиацияси шаҳар марказига иккита бошқарилувчи авиабомбалар билан зарба йўллаган. Украина ИИВ зарбалар универсал режалаштириш ва тузатиш модулига эга ФАБ-500 авиабомбалари билан берилганини маълум қилган.

Расмийларнинг сўнгги маълумотларига кўра, 13 киши ҳалок бўлиб, яна 63 киши жароҳатланган. Авария-қутқарув ишлари якунланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, яраланганлар орасида ёш бола ҳам бор — 13 ёшли қиз шифохонага ётқизилган, унинг ҳолати ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда. Жабрланганлардан камида тўрт нафарининг аҳволи оғир.

Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Россия бомбалари айнан қаерга тушганига аниқлик киритмаган, аммо Запорижжянинг Шевченково райони ҳужумга учраганини айтган.

Бу районда бошқа объектлар қатори Украинадаги етакчи мудофаа корхоналаридан бири, вертолёт ва самолётлар учун двигателлар ишлаб чиқариладиган «Мотор-Сич» заводи жойлашган.

Федоровнинг сўзларига кўра, 9 январ Запорижжяда мотам куни деб эълон қилинади.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, Россияга босим ўтказишга чақирган.

«Шаҳарга атайлаб зарба берилди», — дея изоҳ тақдим этди Украина президенти Володимир Зеленский Россия ҳужумига. «Россияга террор учун босим ўтказиш керак. Украинада инсонлар ҳаётини ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлаш керак», деб таъкидлади Зеленский.

Украина омбудсмени Дмитро Лубинец ҳам ушбу ҳужумга муносабат билдирган. У шаҳар ўққа тутилишини ҳарбий жиноят деб атаб, халқаро ҳамжамиятни Россияга қарши янги санкциялар қўллаш ҳамда Украинага кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари беришга чақирган.

Россия зарбасидан кейин бош прокурор офиси одамлар ўлимига олиб келувчи ҳарбий жиноят содир этиш факти (Украина ЖК 438-модда, 2-қисми) бўйича судга қадар суриштирув ишлари бошланганини маълум қилган.

Россия ҳукумати ва ҳарбийлар Запорижжяга зарба юзасидан расмий маълумот бермаган.

Мавзуга оид