Гулистон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари 9 йилга қамалди. У хитойлик инвесторларни чув туширган
2021 йил июн ойидан Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган Қодир Додоев хитойлик инвесторларнинг 350 минг доллардан ортиқ пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани маълум бўлди. Бунда унга инвесторларга таржимонлик қилган шахс жиноий шерик бўлган. Қодир Додоев фирибгарлиги ортидан 2024 йил июн ойида лавозимидан озод этилган ва қамоққа олинган.
Гулистон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Қодир Додоев жиноий жавобгарликка тортилди. Суд ҳукмига кўра, у жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, Қодир Додоев Гулистон шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, ўз мавқейидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик йўли билан хитойлик инвесторларнинг пул маблағларини қўлга киритган. Бунда у таржимон Абдуворис Абдувалиев ва фуқаро Шокир Файзиев билан жиноий тил бириктирган.
Қодир Додоев 2023 йил сентябр ойида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда инвестиция киритиш мақсадида Сирдарё вилоятига келган Хитой Халқ Республикаси фуқаролари Жин Донгенг ва Хуэ Жонгвунинг ишончига кирган. “Замҳоким” жиноий шериклари билан тил бириктириб, инвесторларга паррандачилик фаолиятини амалга ошириши учун e-auksion’га қўйилган, Сайхунобод тумани Нурли йўл маҳалласидаги умумий ер майдони 9,2 гектар эски пахта заводи объектнинг нархи 200 минг доллар экани ҳақида ёлғон маълумотлар берган. Объект ва ер майдонининг ҳақиқий нархи эса 1 млрд 844 млн сўм бўлган.
Сўнгра Жин Донгенгга пахта заводнинг улушдорига пул беришлари лозимлигини айтиб, инвестордан фирибгарлик йўли билан дастлаб 15 минг доллар, 2023 йилнинг 2 ноябр куни эса Қодир Додоевнинг хизмат хонасида 185 минг доллар олган. Ушбу пулдан 134 минг 450 доллари e-auksion’да ютиб олинган объект учун тўлов қилинган. Қолган 65 минг 550 доллар эса фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган.
Қодир Додоев ўзларининг ушбу ҳаракатларига қонуний тус бериш мақсадида мансабидан фойдаланиб, Гулистон шаҳар ҳокимлигининг гербли муҳридан фойдаланган ҳолда тармоқ жадвали ясаб берган. Жадвалга 190 минг доллар ёзуви киритилган ҳамда ҳокимият муҳри босилиб, олинган пулларни тасдиқловчи ҳужжат сифатида Жин Донгенгга тақдим этилган.
Бундан ташқари, “замҳоким” 2023 йил ноябр ойи бошларида Гулистон шаҳар, Улуғобод маҳалласида жойлашган 9,8 гектар ерни Жин Донгенгга кўрсатган. Ер майдони инвесторга маъқул бўлгач, унинг нархи 150 минг доллар эканини, бошидан 100 минг доллар берса, қолган 50 минг долларини ернинг кадастр ҳужжатлари тайёр бўлишидан сўнг бериши мумкинлигини айтган. Жин Донгенг 2023 йил ноябр ойлари ўртасида Хитойга бориб, пул жўнатган. Жўнатилган маблағни унинг ўғли Жин Йингҳуа ва жияни Хуэ Жонгву Тошкент шаҳрига бориб олиб, биргаликда Қодир Додоевнинг хонасига келтириб берган.
Жиноий гуруҳ Жин Донгенгга кўрсатилган саноат зонасидаги ер тўғридан тўғри сотилмаслигини била туриб, инвесторнинг 100 минг доллар пулини қўлга киритган. Сўнгра ўзларининг ушбу ҳаракатларига қонуний тус бериш мақсадида Додоев эски усулини қўллаган: Гулистон шаҳар ҳокимлигининг гербли муҳридан фойдаланган ҳолда мазкур саноат зонасидаги 9,8 гектар ернинг келгусида ишлатилиши бўйича тармоқ жадвали ясаб берган. Ушбу жадвалга 150 минг доллар ёзувлари киритилган ҳамда ҳокимлик муҳри босилиб, олинган пулларни тасдиқловчи ҳужжат сифатида Жин Донгенгнинг ўғли ва жиянига тақдим этилган.
Бироқ кейинчалик мазкур саноат зонасида паррандачилик ва текстил лойиҳаларини амалга ошириш мумкин эмаслигини билганларидан сўнг жиноятлари фош этилмаслиги ҳамда Жин Донгенгдан олинган пул маблағларини қайтармаслик мақсадида инвестор олиши мумкин бўлган бошқа ерни қидирган. Жараёнда Сайхунобод туманининг Бахмалсой маҳалласидаги чорвачиликка ихтисослашган, бинолардан ташқари қўшимча 23 гектар ери бўлган фермани бориб кўришган. Мазкур чорва фермасини ери билан бирга 140 минг долларга сотиб олишга келишишган. Сўнгра уни Жин Донгенгнинг ўғли ва жиянига кўрсатиб, ушбу ерни олишга қизиқтиришган. Қодир Додоевнинг дадаси Шуҳрат Мамарасуловни эса мулк эгаси сифатида танитишган.
“Замҳоким” ва таржимон мазкур мулк нархи 250 минг доллар эканини, 200 минг доллар берса, олдинги 100 минг доллардан 50 мингини мазкур чорва фермасини сотиб олиш учун ўтказишлари мумкинлигини айтишган.
Жин Донгенг 2023 йил декабр ойи бошида Хитойдан 200 минг доллар жўнатган. Пулни унинг ўғли ва жияни олиб, Қодир Додоевнинг хизмат хонасига келтириб берган. Ҳоким ўринбосари яна олинган пулларни тасдиқловчи ҳужжат сифатида сохта тармоқ жадвали ясаб берган.
Қодир Додоев ва шериклари 10 гектар балиқчилик кўлини сотиб олиб беришини айтиб, Жин Донгенгнинг яна 125 минг доллар пулини олган. Аммо кўл олиб бермаган.
Шу тариқа жиноий гуруҳ хитойлик инвестор Жин Донгенгнинг жами 350 минг доллардан ортиқ пул маблағини қўлга киритган.
Бундан ташқари, “замҳоким” ва таржимон яна бир хитойлик инвестор Лиу Чангҳиангга Сайхунобод туманида янги қурилган қайта ишлаб чиқариш корхонаси биносига кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришини ваъда қилиб, унинг 21 минг долларини олган.
Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман суди ҳукми билан Қодир Додоев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Хитойлик инвесторларга таржимонлик қилган Абдуворис Абдувалиев 9 йил 7 ой муддатга, Шокир Файзиев эса 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Маълумот учун, 1994 йилда туғилган Додоев Қодир Шухратович 2021 йил июн ойида Гулистон шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган. Бунгача у Гулистон шаҳар ҳокимлигида бош мутахассис лавозимида ишлаган.
Олдинроқ Бухоро вилоятининг Ромитан тумани ҳокими собиқ ўринбосари фирибгарликда айбланаётгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
21:02 / 09.01.2025
Амалдорларнинг коррупцияга мойиллиги текширилиши мумкин
17:07 / 07.01.2025
Ромитан тумани ҳокими ўринбосари фирибгарликда айбланмоқда
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
12:20 / 19.12.2024