Ўзбекистон | 21:58 / 10.01.2025
2150
6 дақиқада ўқилади

10 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Алламжоновга суиқасд иши бўйича суд, Навоийда қамоққа олинган қурувчи, Самарқандда қўлга тушган тезкор ходим, ғишт ишлаб чиқаришда оширилаётган солиқ ставкаси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Алламжоновга суиқасд иши судда кўрилмоқда

Ўзбекистон президенти администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасдга доир жиноят иши ҳарбий судда кўрила бошланди. Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг маълумотига кўра, муҳокама «мутлақо махфий» тарзда ўтказилмоқда.

Воқеа 2024 йил 26 октябрда рўй берган. Ўшанда Қибрайда Комил Алламжоновнинг машинасига ҳужум қилинган. Унга шикаст етмаган бўлса-да, ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилган. Биринчи гумонланувчи суиқасддан эртасига ушланган. Ноябр ойига келиб, гумонланувчилар сони 7 нафарга етгани, улар орасида Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов борлиги маълум қилинди.

Ўзбекистон томони мазкур жиноятга дахлдор чеченистонлик деб тахмин қилинаётган Беслан Расаев ва Шамил Темирхановни халқаро қидирувга берди. Уларга қонунга хилоф равишда қурол муомаласи ва жиноятга алоқадорлик айби қўйилмоқда. Шунингдек, бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ишдан олингани текширув билан боғлиқ бўлиши айтилмоқда.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров суиқасдда чечен изи борлигини қатъиян рад этган. У Алламжонов ва Дмитрий Лига таҳдид қилиб, улар «жавоб беришини» таъкидлади. Бу таҳдид депутатлар томонидан Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш ва терроризм деб баҳоланган.

Навоийда фирибгарликда гумонланган қурувчи қамоққа олинди

Навоийда МЧЖлардан бирининг раҳбари Меҳрож Раҳматов 425 кишига 167 хонадонли уйни сотиш орқали 37,8 млрд сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда айбланмоқда.

Унга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, Навоий шаҳар судининг қарори билан қамоққа олинди.

Тергов маълумотларига кўра, Раҳматов қурилиш компанияси раҳбари сифатида фуқаролар билан сохта шартномалар тузиб, 258 ортиқча мижозга уй ва савдо дўконлари сотган. Шундай қилиб, 133 нафар жабрланувчидан жами 37,8 млрд сўмни қўлга киритган. Адвокатларнинг маълум қилишича, зарарнинг бир қисми қопланган, шунингдек, барча мол-мулкларга тақиқ қўйилган.

2023 йилда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланган Раҳматовнинг ҳодисаси жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, вилоят прокурори журналистлардан бу ҳақда лавҳаларни эфирга узатмасликни сўрагани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Ўқувчилар учун автобус қатнови

2025 йилги давлат дастури доирасида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида олис ҳудудлардаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун бепул автобус қатнови йўлга қўйилади. Бу хизмат аутсорсинг асосида ташкил этилади ва 100 та мактабни қамраб олади.

Шунингдек, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ўқитувчи-тренерларини ривожланган хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш режалаштирилмоқда.

Ҳар йили 20 нафар мутахассис «Эл-юрт умиди» жамғармаси кўмагида хорижга ўқишга юборилади. Улар хорижий тажрибаларни ўрганиб, Ўзбекистонда мактабдан ташқари таълимни ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Самарқандда тезкор ходим пора билан ушланди

Самарқанд вилояти ИИБнинг катта тезкор ходими пора олаётган вақтда қўлга олинди. У жиноят ишида айбланувчи икки шахсга жазодан қочишда ёрдам бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган.

Маълумотларга кўра, ходим қўзғатилган жиноят ишида айбланувчилардан бирига нисбатан ишни тугатиш ва бошқасига уй қамоғи эҳтиёт чорасини қўллашни ваъда қилган.

Тезкор ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 25 орқали 168-моддаси — жуда кўп миқдорда фирибгарлик; 28 орқали 211-моддаси – пора бериш айбловлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ғишт ишлаб чиқаришда солиқ ставкаси оширилади

2026 йилдан бошлаб, пишган ва хом ғишт ишлаб чиқаришда ер ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 10 бараварга оширилади.

Бу чора президент фармонида назарда тутилган бўлиб, мақсад тупроқнинг унумдор қатламларини муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитни асрашдан иборат.

Шу йилнинг 1 июлидан — кўп қаватли уйлар массивларида тупроқ ва яшил ҳудудларни бетонлаштирганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.

1 августдан эса — пишган ғишт ўрнига пеноблок, газоблок каби муқобил технологиялардан фойдаланишга ўтишни рағбатлантириш учун «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворлик берилади.

2026 йил 1 январдан ғишт ишлаб чиқаришда солиқ ставкаси 10 бараварга оширилади.

2027 йил 1 январдан — қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва сув фонди ерларида тупроқ карерлари фаолияти тақиқланади.

Шунингдек, янги турар жой лойиҳаларида автомобил тураргоҳлари ва сув тежовчи тизимларни ташкил этиш мажбурий қилинади.

Тоғли ҳудудларда туризм мажмуаларига инвестиция

Ўзбекистонда тоғли ҳудудлар, сув омборлари ва дарё бўйларида замонавий туризм мажмуалари ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ишлар учун 500 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши кўзда тутилган. Мажмуаларда «апарт-ҳотел» ва «капсула» уйлар каби жойлаштириш воситалари бўлади.

Экологик назоратни яхшилаш учун инспекторлар махсус восита ва транспортлар билан таъминланади ҳамда янги қоидалар жорий этилади. Бу чора-тадбирлар туризмни ривожлантириш ва атроф-муҳит муҳофазасига хизмат қилиши кўзланган.

Мавзуга оид