Жаҳон | 21:29 / 10.01.2025
1367
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг «Газпром нефть» ва «Сургутнефтегаз» компанияларига қарши санкциялар киритди

Шу билан бирга Россиянинг денгиз транспортини суғурталовчи, жумладан, нефт ва унинг маҳсулотларини ташишни суғурталовчи компаниялар ҳам санкцияларга тортилди.

Фото: ТАСС

АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг «Газпром нефть» ва «Сургутнефтегаз» компанияларига қарши блокловчи санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда OFAC (Чет эл активларини назорат қилиш идораси, АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар соҳасидаги ижро учун масъул бўлими) хабар берди.

Қора рўйхатга «Газпром нефть» шўба корхоналари - Москва ва Омскдаги нефтни қайта ишлаш заводлари, «Газпромнефть-Ноябрьскнефтегаз» ва «Газпромнефть-Оренбург» каби ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, унга қарашли хорижий тузилмалар ҳам киритилган.

Шу билан бирга, OFAC «Газпром нефть» ва «Сургутнефтегаз» томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинадиган барча компаниялар, ҳатто уларнинг номлари рўйхатда бўлмаса ҳам, санкциялар субъектлари сифатида кўрилишини таъкидлаган.

OFAC 2025 йил 27 февралгача «Газпром нефть» ва «Сургутнефтегаз» билан операцияларни тугатиш ва уларнинг қимматли қоғозларидан воз кечиш учун лицензиялар берди.

Шу билан бирга «Роснефтефлот» («Роснефть»нинг шўъба корхонаси), «Игносстрах» ва «Альфастрахование» денгиз транспортини суғурталовчи, жумладан, нефт ва унинг маҳсулотларини ташишни суғурталовчи компаниялар ҳам санкцияларга тортилди.

АҚШ маъмурияти Россия нефт экспортчиларига нисбатан санкцияларни кучайтиришни режалаштираётгани ҳақида Bloomberg декабр ойида ёзган эди. Нашрга кўра, Байден энергия нархининг кескин кўтарилишидан қўрқиб, узоқ вақтдан буён бу вариантни рад этиб келган, бироқ жаҳон бозорида ёқилғининг ҳаддан ташқари кўплиги туфайли нефт нархининг пасайиши фонида ўз позициясини ўзгартирган.

Мавзуга оид