Жаҳон | 23:05 / 10.01.2025
2916
5 дақиқада ўқилади

Картер билан видолашув: барча президентлар Капитолийга йиғилди

Машҳур бир сериал «Ўлим энг буюк мавҳумликдир» деган сўзлар билан бошланади. Биз эса бу видеомиз бошида ўлим энг буюк сабоқ эканини эслатмоқчимиз. Дунёда инсон қиладиган ишларнинг чегараси йўқдек кўринади, лекин барчанинг йўли ўлим билан тугайди. Шу учун ўлимдан яхши панд-у насиҳат, ундан аччиқроқ ҳақиқат йўқдир.

Яқинда АҚШнинг 39-президенти Жимми Картер вафот этганди. Демократ сиёсатчи 100 ёшида дунёни тарк этди. Картер 100 ёшга кирган биринчи ва ҳозирча ягона АҚШ президенти ҳисобланади. Бу пир-у бадавлат инсон АҚШ тарихида энг узоқ вақт – деярли 44 йил собиқ президент рутбасига эга бўлди. Картер 2002 йилда тинчлик йўналишида Нобел мукофотига лойиқ кўрилган. Унинг президентлиги Ветнам уруши якунланган даврга тўғри келган. Ишга киришиши билан Картер Ветнамдаги урушдан бўйин товлагани учун жазоланган барча америкаликларга амнистия эълон қилганди.

Картер даврида АҚШда таълим ва энергетика вазирликлари тузилади. Унинг даврида Эронда ислом инқилоби содир этилади ва америкаликлар асир олинади. Кейинроқ СССР Афғонистонга бостириб киради. 1980 йилги сайловда эса Картер Роналд Рейганга имкониятни бой беради.

9 январ куни Вашингтонда Жимми Картер билан видолашув маросими ўтказилди. Маросимда амалдаги президент Жо Байден, вице-президент Камала Ҳаррис, бўлажак президент Доналд Трамп, собиқ президентлар Барак Обама, кичик Жорж Буш ва Билл Клинтон иштирок этишди. Америкада шунақа одат бор: собиқ президентлардан бирортаси вафот этса, қолган собиқ президентлар, албатта, видолашув маросимида қатнашиб, ёнма-ён ўтиришади.

Капитолийда ўтган видолашув маросимида ноодатий ҳеч нарса содир бўлгани йўқ, шунчаки бу жараён ҳақида сизга айтиб бергимиз келди, унда хулоса қиладиган нарсалар жуда кўп.

Шу куни президентлар тартиб билан жойлаштирилди. Собиқ президентлар иккинчи қаторга, амалдаги президент ва вице-президент биринчи қаторда. Картер ўлганидан кейин энди Америкада 4 та собиқ президент қолди. Обама, Буш, Клинтон ва Трамп. 10 кундан кейин Трамп ва Байден ўрин алмашади.

Трамп жойига келиб ўтираётганда унинг даврида вице-президент бўлиб ишлаган, кейин у билан келишмай қолган Майк Пенс бўлажак президент билан хоҳламайгина кўришди. Трампнинг ёнига Барак Обамани жойлаштиришди. Маросим давомида Трамп ва Обама яхши кайфиятда чақчақлашиб ўтиришди. Бошқа президентлар эса негадир Трамп билан кўришмади. Балки улар ташқарида гаплашишгандир, бунисини билмадик. Лекин эълон қилинган видеоларда Трамп билан фақат Барак Обама ҳамсуҳбат бўлди.

Видолашув маросимида кўпчилик нутқ сўзлади. Президент Байден нутқи давомида Картерни мақтади ва «Биз энг катта гуноҳ бўлмиш ҳукумат ваколатларини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслигимиз керак», деб айтди. Балки бу гапи билан Трампга ишора қилгандир.

Сенатор Жон Тун шу куни Жимми Картерга энг ажойиб таърифни берди: «Ҳарбий денгиз флоти ветерани, ерёнғоқ етиштирган фермер, Жоржия губернатори, якшанба кунги мактаб ўқитувчиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Нобел мукофоти совриндори, АҚШ президенти ва яратувчининг содиқ хизматкори», деди сенатор Капитолийдаги маросимда.

Картернинг оила аъзолари ҳам сўзга чиқди. Собиқ президентнинг набираси бобоси энг аввало ҳақиқий эркак бўлганини таъкидлади. Картернинг тобути Капитолийга олиб кирилаётганда барча ўрнидан турди, собиқ президентлар бу вақтда қўлларини кўксига қўйиб, унга ҳурмат бажо келтиришди.

Черков оркестри мунгли куй чалаётганда камералар бир муддат 5 нафар Америка президентини яқиндан кўрсатди. Худди режиссёрлар уларнинг хаёлидан қандай хаёллар ўтаётганини ўқимоқчи бўлгандек. Балки чуқур ўйга ботган ҳолда президент Картернинг тобутига боқаётган президентлар бир муддат ўзларининг видо маросимлари қандай ўтиши ҳақида ўйлагандир. Ахир видолашув маросимида қатнашишдан мақсад ҳам мана шу ўзи – аввал марҳум солинган тобутга, кейин ўзингизга қарайсиз, кейин эса хулоса қиласиз. Ҳатто Америка президенти бўлсангиз ҳам...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид