Жаҳон | 18:36
1802
2 дақиқада ўқилади

BepiColombo зонди Меркурийнинг ажойиб тасвирларини юборди

Парвоз пайтида олинган илмий маълумотлар Меркурий тарихини тушуниш учун янги имкониятлар очади.

Европа космик агентлигининг (ECA) BepiColombo зонди Меркурий ёнидан атиги 295 километр узоқликда учиб ўтди ва ажойиб суратларни олди.

Фото: European Space Agency

Парвоз пайтида олинган илмий маълумотлар Меркурий тарихини тушуниш учун янги имкониятлар очади. Олимларнинг тахминига кўра, сайёранинг соя ҳудудларида унинг ўтмиши ва эҳтимол, келажаги ҳақида асосий маълумотларни сақлайдиган музликлар бўлиши мумкин. «BepiColombo жамоаси ушбу парвоз маълумотларини англаш учун кўп ишлайди», деди ECA лойиҳаси олими Герайнт Жонс.

Фото: European Space Agency
Фото: European Space Agency

Энди миссия навбатдаги, 2027 йилга мўлжалланган маълумотларни йиғиш жараёнига тайёргарлик кўради. «Асосий миссияга икки йил қолди, лекин биз аллақачон Меркурий ҳақида бебаҳо тушунчаларга эга бўлдик», деб қўшимча қилди Жонс.

Меркурий — ноёб сайёра, у Ойдан бироз каттароқ ва Қуёшдан ўртача 58 миллион километр узоқликда жойлашган. Унинг юзасида ҳарорат -180 дан +430°С гача ўзгариб туради. Атмосфера деярли йўқ, бу сайёрани қуёш радиацияси ва метеорит таъсирига заиф қилади.

2018 йил октябр ойида ишга туширилган BepiColombo зонди Меркурийнинг магнитланиши, газ экзосфераси ва сирт хусусиятларини ўрганади. Янги суратларда сайёрадаги энг катта вулқон отилиши гувоҳи бўлган Натҳаир Факула кратерини, шунингдек, нисбатан навқирон, 300 миллион ёшли Фонтейн кратери каби ажойиб тафсилотларни кўриш мумкин.

2026 йилда зонд Меркурийга қайтиб, орбитага иккита тадқиқот аппаратини олиб чиқади. Ушбу қурилмалар турли баландликларда маълумотларни тўплайди, бу эса сайёра ҳақида янада тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Мавзуга оид