Жаҳон | 10:35
2626
4 дақиқада ўқилади

FT: Трамп жамоаси Украинага нисбатан ёндашувни қайта кўриб чиқмоқда

Нашрнинг қайд этишича, АҚШ сайланган президентининг шериклари Украинадаги урушни қандай тугатиш ҳақида ҳали қарор қабул қилгани йўқ. Трампга яқин доиралар уларнинг Украина бўйича қарорлари Афғонистондан қочган АҚШ билан ўхшаб кетиши мумкинлигидан хавотирда.

Фото: AFP

9 январ, пайшанба куни Британиянинг Financial Times (FT) газетаси манбаларга таяниб ёзишича, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш бўйича ўз ёндашувини қайта кўриб чиқмоқда.

Нашр сўнгги ҳафталарда Трамп жамоаси билан урушни тугатиш эҳтимолини муҳокама қилаётган Европа расмийлари билан суҳбатлашди. Уларнинг сўзларига кўра, музокаралар давомида АҚШ сайланган президентининг иттифоқчилари бу можарони қандай ҳал қилиш бўйича ҳали қарор қабул қилмагани маълум бўлди.

«Трампнинг бутун жамоаси кучга берилган, кучли кўринишга эга бўлишни ўйлаяпти, шунинг учун улар Украинага бўлган муносабатини қайта кўриб чиқмоқдалар», деди FT манбаларидан бири. Келажакдаги Трамп маъмурияти Украина бўйича қарорлари АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден даврида Америка қўшинларининг Афғонистондан «ҳалокатли» олиб чиқиб кетилиши билан солиштирилиши мумкин, деб хавотирда, дея қўшимча қилди у.

Трамп энди урушни уч ой ичида ҳал этишга умид қилмоқда

Доналд Трамп ва унинг ҳамкорлари, дея таъкидлайди FT, сўнгги кунларда Россия ва Украина ўртасидаги уруш АҚШнинг сайланган президенти инаугурациясидан кейин бир неча ой ичида қандай якунланиши мумкинлиги ҳақида гапирмоқда. Сайлов кампанияси давомида Трамп можарога «24 соат»да барҳам беришни ваъда қилган эди.

Энди Трамп яқин олти ой ичида Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб боришини тахмин қилмоқда. Ўз навбатида, сайланган президент томонидан Украина ва Россия бўйича махсус элчи лавозимига номзоди илгари сурилган Кит Келлог Трамп «яқин келажакда» урушни тугатиш учун «мақбул ечим» таклиф қила олишини айтди. Келлогга кўра, бунда 100 кунлик муддат белгиланиши мумкин.

АҚШ Рамштайнда Украинага янги ёрдам пакетини эълон қилади

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг Рамштайндаги Украина бўйича алоқа гуруҳида иштирок этиш учун Германияга ташрифи доирасида Киевга сўнгги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилмоқчи. Бу ҳақда 7 январ куни икки юқори мартабали америкалик амалдор сўзларига таяниб, AP ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик суҳбатдошлари ёрдам пакетининг аниқ миқдорини айтмади ва бу «сезиларли» бўлишини таъкидлади. Айни пайтда, расмийларга кўра, у Украинага ёрдам учун Конгресс томонидан тасдиқланган маблағнинг бир қисми сифатида қолган тахминан 4 миллиард доллар миқдоридаги барча маблағни ўз ичига олмайди. Оқ уйнинг янги раҳбари Доналд Трампнинг мудофаа гуруҳи ихтиёрида «бир неча миллиард доллар» қолиши мумкин, деди АҚШ маъмурияти расмийлари Ллойд Остин билан сафарга кетаётган журналистлар учун брифингда.

Украинани қўллаб-қувватлашга жалб қилинган Пентагон расмийлари Трампнинг ўтиш гуруҳи билан «муҳим деб ҳисоблаган барча масалаларни» муҳокама қилмоқда, дея таъкидлади расмийлардан бири.

Мавзуга оид