Спорт | 13:31
11243
2 дақиқада ўқилади

Гвардиола Ҳусанов трансферига розилик берди

«Манчестер Сити» «Ланс» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов трансфери бўйича келишувга эришишга яқин, деб ёзади Фабрицио Романо. 

Фото: Getty Images

«Шаҳарликлар» бош мураббийи Пеп Гвардиола трансферга розилик берган. У ўзбекистонлик 20 ёшли футболчини жамоасида кўришни истамоқда. 

Музокаралар якуний босқичда. Ҳусанов шахсий шартнома шартларини келишиб бўлган.

Инсайдер Фабрицио Романонинг хабарига кўра, «Манчестер Сити» Ҳусановни сотиб олиш масаласида 2024 йилнинг декабр ойида иш бошлаган. Манчестер клуби вакиллари Лансга бориб, музокарага киришган.

«Пеп Гвардиола Ҳусановни тезда сотиб олишни сўраган. Трансферда яшил чироқ ёнди. Here we go, яқин қолди», дея ёзади Романо.

Ҳусанов 2022 ва 2023 йилларда, Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клуби сафида эканидаёқ CIES версияси бўйича жаҳоннинг энг истиқболли футболчилари рўйхатига киритилганди. Шундан кейин уни Франциянинг ўша вақтдаги вице-чемпиони 100 минг еврога трансфер қилганди.

Биринчи мавсумни Ҳусанов кўпроқ мослашиш учун сарфлади — Франция чемпионатида 11, Чемпионлар Лигасида 2 ва Европа Лигасида 2 ўйинда майдонга тушди. Шу вақтда у Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам жалб этилди ва ҳозиргача асосий жамоада 18 учрашув ўтказди.

Жорий мавсумда у янги даражага кўтарилди, Франция чемпионатида октябр ойининг энг яхши футболчиси деб топилди, «ПСЖ», «Манчестер Сити», «Нюкасл», «Тоттенҳэм», шунингдек «Атлетико» ва «Реал» каби гранд клублар назарига тушди.

Ҳимоячи бу мавсумда Лига 1да 13 та ўйинда майдонга тушди ва битта голли узатма муаллифи бўлди. Унинг клуби билан шартномаси 2027 йил ёзига қадар тузилганди. Transfermarkt портали футболчининг трансфер қийматини 12 миллион еврога баҳолаган.

Аввалроқ «Сити» ҳимоячи учун бонуслар билан бирга 50 млн евро тўлашга тайёрлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид