Машъум автоҳалокат – АҚШ президенти Байден ҳаётида содир бўлган аянчли ҳодиса тарихи
1972 йил декабр ойида АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳаётида аянчли воқеа содир бўлади. Автоҳалокат туфайли хотини ва қизидан айрилади. Икки ўғли эса узоқ вақт даволанади. Ўшанда у эндигина сенатор бўлиб сайланганди.
2024 йил 5 ноябр куни АҚШда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда амалдаги президент Демократлар вакили Жо Байден қатнашмади.
Чунки у аввалроқ ўз ўрнини партиядоши Камала Ҳаррисга бўшатиб берганди. Ҳаррис эса сайловда Республикачилар вакили Доналд Трампга ютқазиб қўйди.
Байденнинг бу сайловда ўз номзодини олиши унинг учун фожиа эмас. Чунки ҳозир 82 ёшда бўлган қария таъбир жоиз бўлса, йўлида тўғри юра олмаяпти.
У шу пайтгача бир неча марта самолётга чиқишда ёки тушишда танасини бошқара олмай йиқилди. Нутқларида адашди. Қисқаси, Байден анча кексайиб қолди.
2024 йил ноябр ойи охирроқларида АҚШ президенти Жо Байден бир нечта жиноятни содир этганликда айбланаётган ўғли Ҳантер Байденни афв этди.
Агар президент ўғлини афв этмаганда у 25 йилга қамалиши мумкин эди. Унинг бу иши америкаликларнинг норозилига сабаб бўлди. Бироқ қарор чиқариб бўлинганди.
Байденнинг ҳаётида ютуқлар ва мағлубиятлар кўп марта бўлган. Бироқ 1972 йилда содир бўлган ҳодиса унинг ҳаётини бир умрга ўзгартириб юборади.
Ўшанда Байденнинг хотини ва қизи йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳалок бўлади. Айнан у афв этган Ҳантер ва 2015 йилда вафот этган яна бир ўғли ўша ҳодисада тан жароҳатлари олиб, тирик қолганди.
Жо Байден 1942 йил 20 ноябр куни Пенсилвания штатидаги Скрантоне шаҳрида туғилган. Байденнинг ота аждодлари англиялик, онаси томон ирландияликлар бўлган.
1966 йилда Байден Нейлия Ҳантерга уйланади. Шундан сўнг хотини унинг фамилиясига ўтади. Нейлия Ҳантер Жо Байден билан тенгдош бўлган.
Байденлар оиласи уч нафар фарзанд кўради. Тўнғичи Жозеф (Бо) Байден, ўртанчаси Ҳантер Байден ва Наоми Байден. Аёл кенжа ўғлига отасининг исмини қўйганди.
1970 йилда Жо Байден сиёсий фаолиятини бошлайди. Ундан аввал ва кейин ҳам олий таълимни ҳуқуқшунослик бўйича олган Нейлия Байденнинг асосий ёрдамчиси бўлган.
1972 йилда содир бўлган аянчли воқеа Байденга оғир зарба бўлиб тушади. Ўшанда у хотини ва қизидан айрилади. Ўғиллари омон қолиб, анча пайт даволанади.
Авария қандай содир бўлганди?
Ҳодиса Байден илк бор сенатор бўлиб сайланган кундан 40 кун ўтиб рўй берганди. 1972 йил 7 ноябр куни Жо Байден Делавэр штатидан сенатор бўлиб сайланади.
Ўшанда унинг рақиби Делавэрдан кетма-кет уч марта сенатор бўлиб сайланган Жеймс Богс бўлган. Байден рақибидан жуда кичик фарқ билан ўзиб кетади. Сайловчиларнинг 49,1 фоизи Богсга, 50,48 фоизи Байденга овоз беради.
Шу тариқа, Байден 1934 йилда сенатор бўлган Раш Холтнинг рекордини янгилаб, АҚШ тарихидаги энг ёш сенатор бўлади.
Байден сиёсий фаолият билан, хотини ишдан ортиб болалар тарбияси билан ҳам банд бўлади. 1972 йил 18 декабр куни Нейлия Байден уч боласини машинасига миндириб харидга жўнайди.
Аёл Вэлли-Роуд йўлидан штат ғарбидаги Хокессин шаҳрига қараб кетар экан, Delaware Route 7 йўли билан кесишган чорраҳада тиркама билан кетаётган юк машинасига тўқнашиб кетади.
Оқибатда Нейлия Байден ва қизи Наоми ҳалок бўлади. Ҳантер Байден ва Жозеф Байден тирик қолади. Бироқ болалар қаттиқ жароҳат олганди.
Ўша куни чорраҳада полиция ходими хизмат қилаётган эди. У Нейлиянинг чорраҳага кириб келаётиб йўлнинг икки томонига қараган деб ўйлайди.
Бироқ фақат бир томонга қараган аёл иккинчи томондан келаётган юк машинасини кўрмай қолади. Ҳодиса жойини кўздан кечирган полиция ходимлари ҳодисада юк машинаси ҳайдовчисининг айбли йўқлигини, шунчаки Нейлия эътиборсизлик қилганини аниқлашади.
Ҳодиса содир бўлган заҳоти юк машинаси ҳайдовчиси пастга отилиб тушиб, Нейлия ва унинг болаларига ёрдамга ошиқади.
Жабрланувчилар шифохонага олиб борилади. Бироқ аёл ва унинг қизи ҳалок бўлган, икки бола оғир жароҳатланганди.
Ҳодисадан сўнг Байден сенаторликдан воз кечиб, сиёсий фаолиятини тугатишга қарор қилади. Бироқ ҳамкасблар ва партиядошлари уни қўллаб-қувватлаб, сенаторликдан воз кечмасликка кўндиради.
Ҳантер ва Жозеф шифохонада анча пайт даволанади. Байден уларнинг ёнида бўлишга ҳаракат қилади. Жумладан, у сенаторликка киришишдан аввал қасамёдни ҳам шифохонада, ўғиллари олдида қабул қилади.
2015 йилда Йел университетида сўзлаган нутқида Жо Байден ўша кунларни шундай эслаганди:
“Сенатор бўлиб сайланганимдан олти ҳафта ўтгач, менинг ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди. Вашингтонда ўз вазифамга киришаётганимда телефон қўнғироғи бўлди. Хотиним ҳамда болаларим харидга кетишаётганида трактор тиркамаси уларнинг устига қулаб тушгани, оқибатда хотиним ва қизим ҳалок бўлганини айтишди. Ўшанда ўғилларимнинг ҳам омон қолишига шифокорларнинг ишончлари комил эмас эди”.
Кейинчалик Делавэр штатидаги Уилмингтон шаҳридаги истироҳат боғига Нейлия Байден номи берилган.
Бундан ташқари, аёлнинг отаси узоқ йиллар бошқарган Ню Йорк штатидаги Оберн шаҳрида жойлашган коллеж Нейлия Байден номига иккита мукофот таъсис этган.
Мукофотлардан бири журналистика, иккинчиси инглиз адабиёти бўйича энг яхши натижа кўрсатган талабаларга берилади.
Жозеф ва Ҳантер Байденларнинг кейинги ҳаёти
Жо Байденнинг тўнғич ўғли Жозеф Байден 1969 йилда туғилган ва автоҳалокат пайтида 3 ёшда бўлган. У мактабни битирганидан сўнг Пенсилвания ва Сиракуз университетларида ҳуқуқшунослик бўйича таълим олади.
У 1995 йилдан 2004 йилгача АҚШ Адлия вазирлигида ҳуқуқшунос бўлиб ишлайди. Кейинроқ прокуратурага ишга ўтади.
Жозеф 2007 йил январдан 2015 йил йилгача Делавэр штати прокурори вазифасида ишлайди. У 2008-2009 йилларда Ироқда ҳарбий хизматни ўтайди. Жозеф 2015 йилда вафот этади.
Қария Байден президент бўлганидан сўнг бир неча марта янглишиб, ўғли Жозеф Байден Ироқда ҳарбий хизматни ўтаётганида ҳалок бўлгани ҳақида гапирган ва кулгига қолган.
Чунки Жозеф Байден Ироқда аввалроқ хизмат қилган ва 2015 йилда миясида пайдо бўлган шиш (саратон хасталиги) туфайли вафот этади.
Ҳантер Байден Жоржтаун ва Йел университетларида ҳуқуқшунослик бўйича таълим олади. Сўнг банк соҳасида ишлай бошлайди. Кейинчалик у турли соҳаларда фаолият олиб боради.
Ҳантернинг айбланиши ва афв
2014 йилда Ҳантер Украинада газ қазиб олиш билан шуғулланадиган Кипрнинг Burisma бошқарув кенгаши аъзоси бўлади. Кейинчалик айнан шу иши ортидан жиддий можаро келиб чиқади.
2019 йилда Ҳантер Burisma бошқарув кенгаши аъзолигидан кетади. Унгача, 2018 йилда Ҳантерга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланганди.
2019 йилда АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийга қўнғироқ қилиб, сайловдаги рақиби Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байденга боғлиқ ишни суриштириб кўришини айтган.
Бу ишни Америкада бошқа давлат раҳбарига босим ўтказиш деб баҳолашди ва Трампга импичмент эълон қилиш масаласи кун тартибига чиқади.
2019 йил ноябрда ўтказилган сайловда Трамп Байденга ютқазди ва ўйиндан чиқди. Бироқ Ҳантер Байден билан боғлиқ можаро баттар авж олди.
Гарчи Жо Байден мамлакат президенти бўлса ҳам, унинг ўғлига нисбатан суриштирувлар давом эттирилди. Кейинроқ Ҳантер йирик миқдорда пора олишда, солиқлардан қочишда ва ноқонуний қурол сақлашда айбланади.
2024 йил 2 декабр куни Жо Байден ўғли Ҳантер Байденни афв этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аввалроқ, у ўғлини афв этиш ниятида эмаслигини ва вазиятга аралашмаслигини маълум қилганди.
Байденнинг президентлик ваколатидан фойдаланиб ўғлини афв этгани Америкада норозилик билан қаршиланди. Шунда Жо Байден “америкаликлар ота ва президент нима учун бундай қарорга келганини тушунишади” деган умидда эканини айтиб чиқди.
2024 йил сентябр ойида Ҳантер Байден 9 та айблов бўйича ўз айбларини тан олганди. Унга 25 йилгача қамоқ жазоси ва 750 минг долларгача жарима жазоси хавф солаётганди. Энди президент афв қилгани учун ундан барча айбловлар олиб ташланади.
Жо Байден хотини вафотидан 5 йил ўтгач, 1977 йилда Жилл Байденга уйланган. 1981 йилда Эшли исмли қиз фарзанд кўришган.
Жо ва Жилл 47 йилдан буён бирга яшаб келишмоқда. Жилл айни дамда президентнинг рафиқаси сифатида АҚШнинг биринчи хоними ҳисобланади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
10:56
Трампга Гренландия нима учун керак?
10:11
Байден 15 январда миллатга хайрлашув нутқи билан чиқиш қилади
23:05 / 10.01.2025
Картер билан видолашув: барча президентлар Капитолийга йиғилди
21:42 / 10.01.2025