Иқтисодиёт | 23:19 / 11.01.2025
1924
4 дақиқада ўқилади

Янги чеклов Ўзбекистонга автомобил олиб киришни 4 баробаргача қисқартириши мумкин. Қандай қилиб?

Ўзбекистонликлар импорт қилаётган ҳар тўртта автомобилнинг учтаси божхона омборларида қолиб кетаётган бўлиши мумкин. Бу автомашина мувофиқлигини баҳолаш бўйича янги талабларнинг жорий қилингани ва ягона лабораториянинг қуввати реал талабни мутлақо қондира олмаётгани фонида юз беряпти. Бунинг ортидан узоқ муддатли электрон навбатлар пайдо бўла бошлади.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонга ўз эҳтиёжи учун автомобиль олиб кираётган ҳар бир шахс транспорт воситасини 16 та мажбурий кўрсаткич бўйича синовдан ўтказиши ва сертификат олиши шарт. Бу 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб жорий қилинган мажбурий талаб. Расмийлар буни экологик ва технологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора дея хаспўшлашаётган бўлса-да, мавжуд вазият қатор жиддий муаммоларни юзага келтира бошлади.

Биринчидан, ягона лабораториянинг қуввати реал талабни мутлақо қондира олмайди. Масъулларнинг Kun.uz’га маълум қилишича, битта машинани синовдан ўтказиш 30-35 дақиқа вақт олади. Бундан келиб чиқилса, 24 соат ишлаётган марказ кунига 50 тагача, йилига эса 18 мингдан ортиқ автомобилни синовдан ўтказа олади. Бу – ўтган йили импорт қилинган машиналар сони (74 минг 525 дона), яъни мавжуд талабдан 4 баробарга кам. Натижада узоқ муддатли электрон навбатлар пайдо бўла бошлади. Камига мувофиқлик сертификати берадиган айрим текшириш лабораториялари номаълум сабабларга кўра, вақтинча ёпилгани ҳақидаги хабарлар ҳам чиқди.

Иккинчидан, бутун мамлакатда фақат битта лаборатория мавжуд бўлиб, у ҳам Пискентда жойлашган. Ҳудудлардаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар импорт автомобилни божхона омборидан эвакуатор ёки тиркама орқали бу ерга олиб келиши ва яна ўша ерга қайтариб олиб бориши шарт. Фарқи йўқ, харидор Андижондан бўладими ёки Хоразмдан. Сезиб турганингиздек, бу катта харажат ва яхшигина оворагарчилик. Агар электрон навбат олиш муддати чўзилиб кетадиган бўлса, божхона омборида турган автомобил учун ҳам кунлик тўлов қилиш керак, бу яна битта қўшимча харажат. Расмийлар ҳудудларда ҳам қўшимча лабораториялар очиш режаси борлигини айтаётган бўлса-да, яқин йилларда бу ишнинг амалга ошиши қийин. Пискентдаги автополигон ҳам кредит маблағлари ҳисобига қурилган бўлиб (11,8 миллион доллар), тушган пул қарзларни қайтаришга йўналтириляпти.

Учинчидан, мазкур чеклов нархларни қимматлаштириб, рақобат муҳитига ёмон таъсир қила бошлади. Масалан, солиқ ва қўшимча тўловларни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистонга импорт қилинган битта электромобилнинг ўртача нархи 9 минг 330 долларни ташкил этган. Шундан келиб чиқиладиган бўлса, ички бозорда 13-13,5 минг доллардан бошлаб таклифлар пайдо бўлиши керак. Бир муддат шундай ҳам бўлди. Аммо нотариф чекловлар фонида нархлар янада қимматлаб кетди. Масалан, мувофиқлик сертификатини олишнинг ўртача нархи 3,5 баравар оширилиб, 9,1 миллион сўмгача етказилганди. Кейинроқ жиддий норозиликлар сабабли нархлар ички ёнув двигателли автомобиллар учун 5,6 млн сўмгача ва электромобиллар учун 4,8 млн сўмгача пасайтирилди. Аммо 1-2 кунда тугалланадиган иш ўнлаб кунларга чўзилиб кетяпти.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилдан бошлаб турли хил нотариф тўсиқлар билан якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан олиб кирилаётган электромобиллар импортини чеклашга қаратилган қатор қоидалар жорий қилинди. Йил бошида жисмоний шахслар томонидан тижорат мақсадларида машиналарни олиб киришни тақиқлаш ва янги хорижий маркаларни фақат расмий дилерлар орқали сотиш тартибини қайтариш режалаштирилган эди. Техник тартибга солиш агентлиги ўша лойиҳа танқид туфайли тўхтатилганини, аммо апрел ойида яна кун тартибига қайтганини маълум қилди.

Бу воқеалардан олдин, қанчалик ғалати бўлмасин, BYD компанияси Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, BYD автомобиллари Ўзбекистонга “тартибсиз” равишда импорт қилинаётгани, олиб кирилаётган моделлар маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мос эмаслиги, расмий кафолати ҳам йўқлигини таъкидлаб, BYD бренди остидаги электромобил ва гибрид автомобиллар импортини чеклашни сўрагани маълум бўлганди. Қатор давлат идораларига бу борада таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Мавзуга оид