Бир шиша ароқ учун самолётни ҳалокатга учратган учувчи – 70 киши ўлган ҳодиса тарихи
1986 йилда Ту-134 самолёти Куйбишев аэропортига қаттиқ қўнишни амалга оширади. Шунда унинг шассиси ишдан чиқиб, судралиб кетади. Сўнг Ту-134 иккига бўлиниб, портлайди ва 70 киши ҳалок бўлади. Суриштирувларда ўша куни учувчи ҳамкасблари билан бир шиша ароқдан гаров ўйнагани ва самолётнинг олд ойнасини ёпиб қўндиришга урингани аниқланади.
Фуқаро авиацияси тарихида ғалати ва аҳмоқона ишлар ортидан содир бўлган ҳалокатлар ҳам етарлича.
Масалан, 1994 йилда Москва-Ҳонгконг йўналишида парвоз қилган Airbus A310 Кемерово вилоятида ҳалокатга учрайди. Оқибатда унинг бортида бўлган 12 нафар экипаж аъзоси ва 63 нафар йўловчи ҳалок бўлади.
Кейинчалик суриштирувларда ўша куни самолёт учувчиси Airbus A310 бошқарувини вояга етмаган ўғли ва қизига топширгани ҳалокатга сабаб бўлгани аниқланади.
2008 йилда Москвадаги Шереметево аэропортидан учган самолёт Перм шаҳри аэропорти яқинида ҳалокатга учрайди.
Ҳодисадан сўнг ўтказилган суриштирувларда экипаж командири маст бўлгани ва самолётни бошқара олмай ҳалокатга учратгани аниқланади.
Ҳодиса оқибатида самолётдаги барча – 88 киши ҳалок бўлади. Улар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди.
Худди шундай воқеалардан бири совет даврида, 1986 йилда содир бўлади. Ўшанда ўзини жуда тажрибали деб билган экипаж командири иккинчи учувчи, штурман ва борт муҳандисига самолётнинг олд ойналарини парда (штор) билан ёпиб, фақат приборлар ёрдамида қўндира олишини айтиб мақтанади.
Ҳамкасблари бунга ишонмагач, экипаж командири ўртага бир шиша ароқ тикиб гаров ўйнайди. Ўшанда бу ишнинг оқибати жуда ёмон тугайди. Самолёт бўлакланиб кетади ва ёқилғи сиғими портлаб, одамлар ҳалок бўлади.
Ҳодиса
1986 йил 20 октябр куни соат 14:33 да Свердловскдаги (ҳозирги Екатеринбург) Колцово аэропортидан Ту-134 самолёти ҳавога кўтарилади.
У Свердловск – Куйбишев (ҳозирги Самара) – Грозний йўналишида учиши лозим эди. Самолётда 87 нафар йўловчи, 7 нафар экипаж аъзолари бор эди.
Самолёт 1979 йилда ишлаб чиқарилган ва Шимолий Кавказ авиация бошқармаси ихтиёрига юборилган. Ўшангача у қарийб 10 минг марта учиш-қўнишни амалга оширган ва жами 16 154 соат парвоз қилганди.
Ўша куни самолётда экипаж командири Александр Клюев, иккинчи учувчи Геннадий Жирнов ва штурман Иван Мохонко бўлган. Учувчилар анча тажрибали бўлиб, узоқ йиллик малакага эга эди.
Орадан бир соат ўтгач Ту-134 Куйбишев аэропортига яқинлашади ва учувчилар диспетчердан қўнишга рухсат олгач пастлай бошлайди.
Самолёт соатига 280 км тезликда учиш-қўниш йўлагига тушади ва қаттиқ қўнишни амалга оширади. Шунда кучли зарба туфайли самолётнинг шассиси букланиб қолади ва Ту-134 “қорни” билан судралиб кетади.
Шасси ишдан чиққани учун самолёт сурилиб бориб, учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетади. Шу пайтда Ту-134 двигателларида ёнғин юзага келади ва олов авиакеросин билан тўла ёқилғи сиғимига ўтади. Бу пайтда самолёт учиш-қўниш йўлагининг сўнгги қисмидан 214 метр чиқиб кетганди.
Сўнгги дақиқаларда самолётнинг ўнг қаноти узилиб тушади ва фюзелаж қисми тўнтарилиб, сирпанишда давом этади. Ту-134 шу ҳолатда яна 254 метрга сурилиб боради ва фюзелаж иккига бўлиниб, унинг ёқилғи сиғими портлайди.
Ҳодиса жойига дарҳол аэропортнинг ўт ўчириш ва қутқариш хизмати ходимлари етиб боради. Олов ўчирилиб, тирик қолганлар дарҳол касалхонага жўнатилади.
Ўша пайтда ҳалокат юз берган жойга дарҳол КГБ ходимлари ҳам етиб келади. Улар атрофни суратга олаётган қутқариш хизмати фотографининг қўлидан плёнкани тортиб олиб, ўзини ҳодиса жойидан қувиб юборади.
Улар фотографнинг суратлар суриштирувлар ва терговда асқотиши мумкин экани ҳақидаги гапларини эшитишни ҳам хоҳламайди.
Ўшанда самолёт бортида бўлган 94 кишидан қарийб 60 киши воқеа жойида, яна ўндан ошиқ одам шифохонада ҳалок бўлади. Қолган 24 киши турли даражада тан жароҳатлари олади.
Портлаш самолётнинг дум қисми томонида содир бўлгани учун асосан ўша томонда ўтирганлар ҳалок бўлган, олд томондагилар тирик қолганди.
Шу жумладан, 7 нафар экипаж аъзосининг 3 нафари тирик қолган, улар орасида командири Александр Клюев ҳам бор эди. Иккинчи учувчи ва уч нафар стюардесса ҳалок бўлганди.
Бир шиша ароқ учун ўйналган гаров
Ҳалокатдан сўнг махсус комиссия тузилади ва улар самолётнинг турли бурчакларига ўрнатилган тўртта қора қутини топиб, ундаги ёзувларни ўрганиб чиқади.
Бир муддат давом этган суриштирувлардан кейин сўнгги хулоса тайёрланади. Унга кўра, самолётни экипаж командири ҳалокатга учратганди.
Гап шундаки, Ту-134 Свердоловскдан ҳавога кўтарилгандан сўнг экипаж командири Александр Клюев иккинчи учувчи, штурман ҳамда борт-муҳандис билан дўстона баҳслашиб қолади.
Клюев самолётни Куйбишев аэропортига фақат приборлар ёрдамида қўндира олишини айтиб мақтанади. Ҳамкасблар унга бу ишни уддалай олмаслигини айтади. Шундан сўнг Клюев улар билан гаров ўйнайди. Ўртага бир шиша ароқ тикилади.
Самолёт Куйбишев аэропорти тепасига келгач Клюев ҳамкасблари кузатуви остида олд ойналарни ичкаридан ёпиладиган махсус парда билан тўсади. Сўнг самолётни учиш-қўниш йўлагига тушира бошлайди.
Самолёт ерга етишига 60 метр қолганда хавфдан огоҳлантирувчи сигнал ишлаб кетади. Бироқ Клюев Ту-134 ни пастлатишда давом этади. У билан гаров ўйнаганлар эса чорасиз ҳолда уни кузатиб туришади холос.
Бироқ Клюев эплай олмайди ва самолёт қаттиқ қўнишни амалга ошириб, шассиларни ишдан чиқаради ва “қорни” билан судралиб кетади. Оқибатда самолёт иккига бўлиниб, ёниб кетади.
Текширувларда 58 одам самолётнинг ёқилғи сиғими портлаганда, 5 киши турли жароҳатлар туфайли яна 7 киши касалхонада вафот этгани маълум бўлади.
Ўшанда “Аэрофлот” раҳбарлари аввалига одамларнинг ўлимига қутқарув ва ўт ўчириш ходимларини айбдор қилиб кўрсатмоқчи бўлади. Ҳукуматга ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар ҳалокат содир бўлган жойга кечикиб етиб келгани ҳақида “маълумот” олиб кирилади.
Шундан сўнг Куйбишев аэропортида синов ўтказилади. Унда ҳалокат содир бўлган заҳоти ўт ўчирувчилар ва қутқарувчиларнинг отланиб машиналарига чиқиши ва воқеа жойига етиб бориши текшириб кўрилади.
Ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар бу жараённи 18 марта такрорлаб кўрсатишади. Шундан сўнг улар ўз вақтида етиб боргани ва одамлар портлаш вақтида вафот этгани ойдинлашади.
Шунингдек, суриштирувлар давомида олд ойнани парда билан тўсиб самолётни фақат приборлар ёрдамида қўндириш “амалиёти” ўзини тажрибали деб биладиган совет учувчилари орасида урфда бўлгани аниқланади.
Ҳатто айрим учувчилар йўловчиларнинг ҳаётини хавфга қўйиб, бундай ишни бир неча марта такрорлагани ойдинлашади.
Тергов ва суд
Анча вақт давом этган суриштирув ва тергов жараёнларидан сўнг Москвада РСФСР Олий судида Александр Клюевга нисбатан очилган жиноят ишини кўриб чиқиш бошланади. Суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилади.
Судда экипаж командирининг ҳалокатда айбдорлиги тўлиқ ўз исботини топади ва Александр Клюев 15 йилга озодликдан маҳрум этилади. Суддан сўнг Клюев СССР Олий судига апелляция беради.
1988 йилда унинг апелляцияси кўриб чиқилади ва суд бу сафар унинг жазосини енгиллаштиради, учувчига олти йил қамоқ жазоси берилади. Александр Клюев “санадан санагача” қамоқда ўтиради ва 1994 йилда озодликка чиқади.
Куйбишевдаги ҳалокатдан сўнг СССРда йўловчи самолётларининг салонларини жиҳозлашда тез ёнувчан материалларни камроқ, фақат зарур жойларга ишлатадиган бўлишади.
Бундан ташқари, олд ойнани тўсадиган пардани (штор) муҳрлаб қўйиш амалиёти жорий қилинади. Шунингдек, учувчиларга талаблар кучайтирилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
17:38 / 11.01.2025
Jeju Air самолёти «қора қути»лари ҳалокатдан 4 дақиқа олдин ёзишни тўхтатгани маълум бўлди
21:45 / 09.01.2025
Россия Оқтов яқинидаги авиаҳалокатнинг холисона тергов қилинишидан манфаатдор — Песков
17:44 / 07.01.2025
Ҳалокатга учраган AZAL самолётининг «қора қути»лари таҳлили якунланди
10:29 / 07.01.2025