Ўзбекистон | 20:33 / 12.01.2025
38883
2 дақиқада ўқилади

“Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев озодликка чиқди - манба

Салим Абдувалиев саломатлигидаги муаммолар туфайли озодликка чиққан, деб хабар бермоқда Kun.uz манбаси. У 12 январ куни жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган.

Фото: Kun.uz

Салимбой номи билан танилган ва 6 йилга қамалган Салим Абдувалиев 2025 йил 12 январ куни саломатлигидаги муаммолар туфайли озодликка чиқди.

Kun.uz манбасига кўра, у узоқ вақтдан буён касаллик билан курашиб келаётганди.

Салим Абдувалиев 1950 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, жамоатчилик асосида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон спорт курашлари ассосиацияси раиси лавозимларида ишлаган.

Бу йил 75 ёшни қаршилайдиган тадбиркор Салим Абдувалиев 2023 йилнинг декабр ойи бошида ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлашда гумонланиб процессуал тартибда ушланганди.

Салим Абдувалиев 2024 йил 19 март куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ҳукмига кўра, ЖКнинг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-банди билан айбдор деб топилган ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Салим Абдувалиев хасталиги туфайли 2025 йил 12 январ куни ЖКнинг 75-моддаси тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилган.

Жиноят Кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш)  ҳукм чиқарилганидан кейин жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилинишини назарда тутади.

Мавзуга оид