Жаҳон | 20:26 / 12.01.2025
2731
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг маслаҳатчиси Путин билан учрашувга тайёргарлик бошланганини айтди

«Тайёргарлик ишлари аллақачон олиб борилмоқда», деди у Путин билан учрашув вақти ва шаклига аниқлик киритмаган ҳолда.

Фото: Chris McGrath / Getty Images

АҚШ сайланган президенти Доналд Трамп ва Россия етакчиси Владимир Путин ўртасидаги учрашувга ҳозирдан тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолц маълум қилди, деб ёзди РБК.

«Тайёргарлик ишлари аллақачон олиб борилмоқда», деди у Путин билан учрашув вақти ва шаклига аниқлик киритмаган ҳолда.

Украина президенти Володимир Зеленский иштирокидаги уч томонлама учрашув ҳақидаги саволга жавобан у «бунинг учун аниқ асос» йўқлигини айтди. Уолц шунингдек, Путин ва Трамп ўртасида «яқин кунлар ёки ҳафталарда» телефон орқали суҳбат ўтказилишини истисно қилмади. «Бу биз биринчи навбатда ташлайдиган қадам бўлади, кейин эса ҳаракатни бошлаймиз», деди у.

«Президент Трамп фикрига кўра, агар сиз бошқа томон билан қандайдир мулоқот ва муносабатларга эга бўлмасангиз, келишувга эриша олмайсиз. Келгуси ойларда бу борада албатта ишлаймиз», деб қўшимча қилди у.

Трамп аввалроқ Путин билан музокаралар ўтказишга, жумладан, Украинадаги урушни ҳал қилиш масаласини муҳокама этишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган эди.

19 декабр куни Путин жонли эфирда Трамп билан учрашишга тайёрлигини айтди. «Қачон учрашишимизни билмайман. Мен у билан тўрт йилдан ортиқ гаплашмадим. Мен бунга тайёрман, учрашувга ҳам тайёрман», деди у.

Мавзуга оид