Жаҳон | 17:50 / 13.01.2025
3526
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда дунёдаги энг тирбанд шаҳарлар рейтинги тузилди

62 мамлакатдаги 500 та шаҳар учун тирбандлик пайтида автомобилда саёҳат қилиш вақти ҳисоблаб чиқилди.

Фото: AFP

Мексика пойтахти Мехико шаҳри 2024 йилда 52% кўрсаткич билан йўллардаги тирбандлик бўйича жаҳон етакчисига айланди. Бу ҳақда Нидерландиянинг навигация тизимларини ишлаб чиқарувчи TomTom компанияси хабар берди.

Қайд қилинишича, Мехико бўйлаб тирбандлик пайтида автомобилда саёҳат қилиш ҳаракат бемалол бўлиб қолган вақтга нисбатан 52% кўпроқ вақтни олган.

Европанинг энг тирбанд шаҳарлари 48% кўрсаткич билан Бухарест (Руминия), Пловдив (Болгария) ва Лодз (Полша) экани аниқланган.

Қўшма Штатларда Лос-Анжелес (43%), Ҳонолулу (34%) ва Майами (33 фоиз) энг тирбанд деб топилган.

Рейтингга Ўзбекистон шаҳарлари киритилмади.

Лима (Перу) ва Дублин (Ирландия) шаҳарларидаги ҳайдовчилар 2024 йилда тирбандликда энг узоқ вақт, ўртача 155 соат вақт ўтказган.

Ню-Йорк шаҳри ҳайдовчилари 98 соат давомида тирбандликда қолган, бу Қўшма Штатлардаги энг юқори кўрсаткичдир. 2024 йилда Манҳэттен бўйлаб 10 миля саёҳат 31 дақиқа давом этган. 2025 йилда Ню-Йорк тирбандлик учун тўлов жорий этган биринчи шаҳар бўлди. Йиғилган маблағ жамоат транспортини ривожлантиришга йўналтирилиши режалаштирилган.

TomTom 62 мамлакатдаги 500 та шаҳар учун транспорт маълумотларини кузатиб боради. Компания таҳлилчиларининг қайд этишича, 2023 йилга нисбатан 2024 йилда шаҳарларнинг 76 фоизида транспортнинг ўртача тезлиги пасайган.

Мавзуга оид