Ўзбекистон | 13:59
14091
4 дақиқада ўқилади

«Босимлар остида ва ҳимоя ҳуқуқисиз» – Алламжоновнинг ишчилари нега 15 суткага қамалганди?

Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасддан сўнг, 7 нафар ишчилари Қибрай туман ИИБга чақирилиб «майда безорилик» қилгани ҳақидаги баённомага қўл қўйиш сўралган. Фуқаролар қилмаган ишларини бўйнига олмаган бўлса ҳам, ЖИБ Қибрай туман суди судьяси уларнинг ўзларини эшитмасдан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаб юборган.

13 январь куни Ўзбекистон Олий судида Комил Алламжоновга суиқасддан сўнг жамоат тартибини бузганликда айбланиб, 15 суткага қамоқ жазосига тортилган етти нафар фуқаронинг шикоятини тафтиш тартибида кўриб чиқиш бошланди. Бу ҳақда судда қатнашган Kun.uz мухбири хабар берди.

Адвокат Даврон Саидовнинг маълум қилишича, 2024 йил 25 октябрь куни Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасддан кейин ишчилари тезкор ходимлар томонидан терговга жалб қилинган. Улар 1 кун давомида уюштирилган суиқасдга алоқадор ёки алоқадор эмаслиги борасида тушунтиришлар берган.

«26 октябрь куни ходимлар қўйиб юборилган, лекин улар шу куни кечки пайтда номаълум сабабларга кўра Қибрай туман ИИБга чақирилган. ИИБда уларга «майда безорилик» содир қилгани ҳақидаги баённомага қўл қўйиш таклиф қилинган. Рад жавоби берилгач, 7 киши ЖИБ Қибрай туман судига олиб борилган. Судда уларнинг ўзларини эшитмасдан судья 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган ҳамда норози бўлса, юқори судга мурожаат қилиши мумкинлигини айтган.

Шундан сўнг ҳам фуқароларга адвокатлар билан кўришиш, суд қарори устидан шикоят қилиш имкони берилмаган. Шунда Комил Алламжонов мендан ушбу иш юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни сўради. Мен ишни ўрганиб чиққанимда уларга гўёки «Қибрайдаги кафе олдида бўлгани ҳамда спиртли ичимликлар ичиб, майда ҳуқуқбузарликлар содир қилгани" айби қўйилганди. Аммо бу фактлар тасдиқланмаган бўлса ҳам участка нозири маъмурий баённома тузаверган» – дейди адвокат Саидов.

Ҳимоячининг маълум қилишича, апеллация судида ҳам 7 нафар фуқаро суд залига олиб келинмаган ва улар 15 суткани тўлиқ ўтаган. Улар озодликка чиққач ишни Олий судда тафтиш тарзида кўриб чиқиш бошланган. Айни вақтда 7 фуқародан 6 нафари келган, яна бир фуқаро йўқ бўлгани сабабли иш 23 январга қолдирилди. Шунингдек, ишга 7 нафар фуқарони маъмурий жавобгарликка тортилиши бўйича баённома тузган профилактика инспекторини ҳам жалб қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Фуқароларнинг халқаро ҳуқуқ ҳамда Конституцияда белгиланган ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган.

Адвокат жараён сўнггида журналистларнинг қисқа саволларига ҳам жавоб берди.

Судга ташқаридан таъсир бўлган, деб ўйлайсизми? Нима учун уларга ҳимоя ҳуқуқи берилмаган?

– Ҳимоячи билан таъминланмаганига, албатта ташқаридан таъсир бўлгани сабаб бўлиши мумкин. Чунки, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузган мансабдор шахс бу нарсани ўз-ўзидан қилгани йўқ. Лекин, бунга ким таъсир қилганини фақатгина тергов йўли билан аниқлаш мумкин. Биз 23 январь куни судга илтимоснома киритамиз. Бу ишдаги ҳуқуқбузарликларга ҳуқуқий баҳо бериши юзасидан хусусий ажрим чиқаришини сўраймиз.

Маъмурий қамоқ даврида ушбу фуқароларга куч ишлатиш, руҳий ёки бошқа турдаги босимлар бўлганми?

– Бундай босимлар бўлган. Бош прокуратурага бу борада ёзма равишда мурожаат йўллаганмиз. Мурожаат кўриб чиқилгач, батафсил тушунтириш ва баёнот бериш мумкин. Халқаро ҳуқуқ нормалардан келиб чиқсак, буларни сақлаш шароити ва уларга муносабатни қийноқ, деб аташ мумкин. Лекин, негадир бизда оддий ҳол, дея баҳоланади. Уларга БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти ва жиноят кодекси нормаларида тақиқланган муносабатлар қилинган.

Олий суднинг тафтиш ҳайъати ишни кўришни жорий йил 23 январида давом эттиради. Суд мажлисига фуқароларга маъмурий баённомани расмийлаштирган профилактика инспектори чақиртириладиган бўлди.

Мавзуга оид